Ўзбек адабиётида ижодий тақдири ғоят мураккаб кечган адабий шахсиятлардан бири Ҳамид Олимжондир. Кейинги давр адабиётшунослигида шўро даврида ижод қилиб, эътибор топган Ҳамид Олимжон адабий меросига нигилистик қараш бир қадар ўзини сездирмоқда. Бу ҳол шоир ижодига бағишланган илмий тадқиқотлар камайиб кетганлиги, унинг асарларини қайта босиш эҳтиёж даражасида эмаслиги ва мактабларда Ҳамид Олимжон битикларини ўрганишга ажратилган вақт миқдори сезиларли озайганида намоён бўлмоқда.
Бадиий адабиётга фақат бугуннинг талабларидан келиб чиқиб ёндашиш уни публицистика даражасига туширади, нафис адабиётнинг миқёсини бугуннинг манфаати қадар торайтиради. Ҳолбуки, бугун яратилаётган бадиий яратиқ фақат бугунгагина тегишли эмас, у эртанинг ҳам эстетик мулки. Шунинг учун ҳам чинакам бадиият намуналарига ижтимоий-сиёсий конъюнктура талабларидан келиб чиқиб баҳо бериш нотўғридир. Аслан мангуликка, жуда бўлмаганда, умрзоқликка даъвогар адабий яратиқларнинг ўлчовлари ҳам баҳоланаётган эстетик ҳодисалар қадар миқиёсли бўлиши лозим. Олдин яшаб ўтган адибларнинг фаолиятига бизнинг бугунги ижтимоий манфаатларимизга мос келишига қараб эмас, балки бадиий асарларининг бетакрорлиги ва миллат маънавиятини юксалтиришга қанчалик яроқли эканидан келиб чиқиб баҳо бериш ақлга мувофиқ бўлади.
Ўтганлар биз истагандай эмас, ўзларига насиб қилганидай яшаш ҳуқуқига эга бўлганига кўникиш вақти келди. Ўтмишдан бугунни талаб этишдай носоғлом ёндашувдан жамият ва миллат катта зарар кўради. Шу маънода, бугун Ҳамид Олимжон ижоди етарлича тадқиқ қилинмаётган, битиклари кам чоп этилаётган, асарларини мактабларда ўқитишга ажратилган соатлар миқдори озайиб бораётган бўлса, бундан шоир эмас, балки ўзбек адабиёти, миллий адабиётшунослик илми, миллат маънавияти, болаларимизнинг бадиий тафаккури зарар кўради. Ўтмишга нигилистик муносабат миллатнинг ўзини жазолашгагина хизмат қилади, холос. Адабиёт илми учун бирор ёзувчининг қайси тузумга қанчалик хизмат қилгани ёки қилмаганини аниқлашдан кўра, унинг яратиқлари миллатнинг бугунги бадиий тафаккури ва маънавиятига нима бериши мумкинлигини текшириш кўпроқ наф келтиради.
Ҳамид Олимжоннинг айрим асарларидаги бадиий ўзига хосликни илмий тадқиқ этиш бу ижодкорнинг миллий адабиётимиздаги ўрнини кўрсатишга хизмат қилади. Ҳ. Олимжоннинг машҳур «Ўрик гуллаганда» шеъри адабий стереотиплардан холи равишда таҳлил этилса, шоирнинг бадиий маҳорати даражаси қанчалик юксак экани яққол намоён бўлади. Жуда оҳиста, жўнгина ахборотдан бошланган ушбу шеърда поэтик тасвир хабар беришдан туйғулар жўшқинлиги, сезимлар жунбушини акс эттириш сари босқичма-босқич юксалиб боради. Шеърнинг биринчи байтида ҳиссиёт, туйғу, муносабат мутлақо акс этмайди, бу сатрлар фақат хабар ташийди, холос:
Теразамнинг олдида бир туп
Ўрик оппоқ бўлиб гуллади.
Шеърнинг кейинги бандларида гуллаб турган ўрикнинг латиф манзараси чизилади. Ўрик гуллашида гўзаллик борлиги шаксиз, аммо у ўз ҳолича поэзия бўлолмайди. Лекин Ҳамид Олимжоннинг синчков поэтик нигоҳи ўрик новдаларидаги гулларда шунчаки кўзни қувнатувчи чечакни эмас, балки тириклик ғунчаларини кўради ва буни ўқувчига ҳам кўрсата олади. Ўша мисраларда гулдан ғўра, ундан мева, мевадан мағиз, ўрикдан кўчат деганларидек, ҳаётнинг узлуксиз давомийлиги акс этади. Шу боис уларнинг «ҳаёт отини» айтаётгани тасвирида сунъийлик йўқ. Ҳаётнинг шундай бетакрор гўзаллигидан ўзгалар ҳам баҳраманд бўлишини истаган шоир гулнинг тотини олиб кетган «шаббода қурғур»дан ғашланмаслиги тасвирининг чинлиги ҳам шундан.
Шоирнинг гуллаган ўрикни кўриб тўзғиган хаёлига бахтлиманми деган ўйнинг келиши бир қараганда тасодифийга ўхшаб кўринсада, мантиқий асосга эгадир. Чунки одам гўзалликни туя олганлигининг ўзи билан бахтиёрдир. Бинобарин, гўзаллик оғушида қолган шоирнинг бахт ҳақида ўйлашида заррача ғайритабиийлик йўқ. Эндигина йигирма саккизга кирган истеъдодли, соғлом, келишган шоир йигитнинг бахтли эканлиги шеърда ишонарли ва тўғри акс этган. Айримлар: «Бутун мамлакатда шафқатсиз ва қонли қатағон кетаётган бир даврда шоир одам бахт ҳақида ёзиши мумкинми?» — дея Ҳ. Олимжондан ҳам хафагезаклик ва ижтимоий инкор акс этган асарлар талаб қиладилар. Айтиш керакки, бахт ҳам, бахтсизлик ҳам на оммавий, на узлуксиз ва на тузумга боғлиқ бўлади. Шўро тузумида ҳамма ҳамиша бахтсиз бўлган дейиш ҳам, мустақилликка эришилгандан кейин мамлакатда бирорта бахтсиз одам қолмади, дейиш ҳам, кам деганда, соддаликдир. Бахт ва бахтсизлик ғоят ўткинчи, ичкин ва шахсий ҳодисалардир. Ҳеч қачон ва ҳеч қандай ҳолатда ҳамма ёппасига бахтли ҳам, бахтсиз ҳам бўлмайди. Инсоният алоҳида руҳиятга эга шахслардан ташкил топган экан, одамларнинг бахту бахтсизлиги ҳам алоҳида бўлаверадики, шеърда бу ҳолат ҳаққоний акс этган.
Тўғри, шеърда «Бунда толе ҳар нарсадан мўл, То ўлгунча шу ўлкада қол» типидаги «қизил»роқ бадиий тасвирлар ҳам бор. Лекин бу ифодага лаҳзалик кайфиятини мангуликка муҳрлаётган ёш ва омадёр санъаткорнинг янглиш, аммо самимий эътирофи сифатида қараш керак. Шеърда гул билан бахт мувозий кўрилади. Гулни бахтиёрлик тимсоли санаган, оппоқ гуллар оғушида қолганидан туйғулари жунбушга келган шоир ўз қувончини барчанинг туйғуси тарзида тақдим этади. Шу сабабли «Умрида ҳеч гул кўрмай йиғлаб Ўтган¬ларнинг ҳаққи ҳам сенда. Ҳар баҳорни йиғлаб қаршилаб Кетганларнинг ҳаққи ҳам сенда…» мисралари ҳам самимий дил изҳори сифатида, ҳам тирикларнинг ўтганлар ёди олдидаги бурчдорлиги ифодаси тарзида қабул қилинади.
Шоирнинг поэтик маҳорати шеърнинг бошида келтирилган икки мисрани шеър сўнггида ҳам ҳеч қандай ўзгаришсиз такрорлагани ҳолда кучли бадиий самарага эришганида кўринади. Шеърнинг бошида бу мисралар фақат хабар ташиган бўлса, охирида шоирнинг ҳиссиёт дунёсини долғага солган ҳолатнинг тимсоли даражасига кўтарилади.
Ҳамид Олимжон поэтик маҳоратини намоён этишда унинг “Ҳолбуки тун” шеъри ҳам ўзига хос ўрин тутади. Ғоят жозибадор тилда битилган, гўзал ўхшатишлар, кутилмаган образли ифодаларга бой бу асар ўқувчини сеҳрлаб қўяди. Шеър, биринчи навбатда, ўзига хос мусиқийлиги билан эътиборни тортади. Бунда дастлабки беш мисранинг алоҳида ўрни бор:
Шағирлайди бетиним дарё,
Шағирлайди ваҳм тўлган жар.
Шағирлайди қоронғи дунё,
Шағирлайди водий, даралар.
Шағирлайди… Бермайди уйқу…
“Шағирлайди” сўзининг ҳар мисра бошида такрорланиши ўқувчида муайян кайфият уйғотиши билан бирга шеърнинг ички мусиқасини ҳам тайин этади. Бир сўздаги “ш”, “ғ”, “р”, “й” каби сирғалувчи ва сонор товушларнинг бир маромда беш бор қайтарилиши оҳанг орқали сув, тун, ҳаво каби ҳодисаларнинг сезилмас ички оқими динамикасини ифода этишга хизмат қилади.
“Шағирлаш”, яъни бутун очун ором оғушига чўмган тунда ҳам ҳаётнинг тўхтамаслиги шоирни безовта қилади. Унинг хаёллари паришон бўлиб, тинчи йўқолади. Беором тириклик унинг уйқусини ўчириб, мудроқ тушунчаларини сергак торттириб, вужудида, руҳида “бир изланиш” бошланишига олиб келади. Туннинг сокинлиги алоҳида таъкидланган учинчи банднинг сўз қурилиши жозибадорлигига эътибор қилиш лозим. Банддаги “Бутун борлиқ ухлардай сокин” мисраси тил қоидаларига мувофиқ “ухлаётгандай сокин” ёки “ухларди сокин” йўсинида берилса, шеърнинг бутун жозибаси йўқолган бўларди. Шеърни шеър қилиб турган энг ноёб ва топилмас ягона унсурни ўз вақти ҳамда ўз ўрнида ишлата билиш шоирнинг маҳоратини кўрсатади.
Шеърнинг кейинги бандидаги “Сойга тушдим, кўкка чиқди ой” тарзида қаҳрамон ҳаракати билан ойнинг ҳолати ўртасидаги зиддиятли ҳамоҳангликнинг сеҳрли ифодаси ўқувчини ром этади. Эътибор қилинг! Бирданига иккиланган, қўшоқ зидлаш: ҳам макон (сой ва кўк), ҳам ҳаракат (тушиш ва чиқиш) бир вақтнинг ўзида ёнма-ён ва қарама-қарши қўйилиши билан тасвир ўзгача жозиба, тиниқлик касб этган.
Кейинги бандда кўзларида юлдузлар акси порлаган қаҳрамон билан бағрига ойни сингдириб, ўзига сирдош қилган сойнинг зилол суви ҳолати янада жонли ва таъсирли чизилган. Олтинчи бандда ҳам “зилол” сўзи ишлатилади, лекин энди бу сифатлаш сувга эмас, булутга татбиқан қўлланилади. Одатда булутга нисбатан бундай ташбиҳ ишлатилмайди. Лекин шоир кўкдаги булутнинг сой сувида аксланаётганини тасвирлаганлиги учун ҳам ифода ҳаётий мантиқ ва бадиий жозиба касб этади.
Ўта романтик ва лирик йўналишдаги шеърга самолётнинг парвози тасвири ҳам бежиз киритилмаган. Учоқ тимсоли вақтнинг тиним билмаслиги, уни тизгинлаш учун одамнинг хаёлоти ва амалларига қарқин, яъни суръат кераклигини туйдиришга хизмат қилади. Шеърдаги “Қуршамишди уни ҳаяжон” тасвири ўқувчини ўйлантириб қўяди. Ҳаяжон нимага тегишли: кўзгами, қўлгами, қоғозгами? Айтилганларнинг бирортаси ҳам ҳаяжон қуршайдиган яратиқлар эмас. Фақат нарсани сезимга айлантирган, оламни кўнгилга жойлаган шоирона тасаввургина қаламни ҳаяжон қучоғида тасвирлай олади. Шеърнинг поэтик мантиғига мувофиқ шоирнинг кўнглини эгаллаган ҳаяжон унинг қаламни ушлаган қўлларига, ундан қаламга ўтган. Натижада, “Бир интилиш, бир орзу” уни домига тортган. Шоирнинг бу кайфияти ўқувчига ҳам юқади. Абдулла Ориф: “…лирика руҳнинг сувратидир”, — деганида шунга ўхшаш ҳолат ифодасини кўзда тутади.
Шеърнинг бошида тасвир дарёнинг шағирлашидан дунёнинг шағирлаши томон борган бўлса, тугалловчи бандда оламнинг шағирлашидан дарёнинг шағирлаши сари қайтганлиги тасвири берилиши асарга сирлилик бахш этган.
«Ўрик гуллаганда» шеърида ёруғ нур қанчалик кўп бўлса, “Офелиянинг ўлими”да зулматга чўмган руҳият тафти шунчалик устувор. Ошиқ ҳам, маъшуқа ҳам пок, уларнинг ниятларига ғараз, амалларига ёвузлик аралашмаган. Лекин ҳаётнинг ўзи нопок ва шафқатсиз, одамлараро муносабатларда эса ёвузлик ҳукмрон. Шу сабаб севги топталади, гўзаллик ўлим топади. Шеърнинг лирик қаҳрамони — ақлга сиғмас адолатсизликни кўриб, саросимага тушган киши. «Ўрик гуллаганда» ўқувчини бахтдан энтиктирса, бу шеър бахтсизликдан нафасни қайтаради. Кўринадики, Ҳ. Олимжон фақат шодликни куйламаган, балки ҳамиша бахтга интилган инсоннинг умр йўлидаги қоронғи ва ёруғ бекатларни ҳаққоний акс эттирган.
Шоир лирикаси қиёфасини тайин этишда унинг тўрт байтдан иборат ихчамгина «Куйгай» ғазали ҳам алоҳида ўрин тутади. Ғазал жанридаги бу шеър, аслида, «Муқанна» мусиқали драмасидаги Муқанна ва Гулойин тимсоллари учун дуэт шаклида ёзилган. Таниқли хонандалар томонидан яккахон қўшиқ қилиб куйланган бадиий жиҳатдан юксак бу шеърга ғазал тарзида ёндашиш мақсадга мувофиқдир. Мусиқали драма либреттосида шеър қуйидаги кўринишда берилган:
Гулойин
Сўзингни шарпаси текканда олам боб-боб куйгай,
Денгизлар, дарёлар, ҳаттоки кўлларда ҳубоб куйгай.
Муқанна
Камондек қошларинг киприкларингдан ўқ отар доим,
Гулойин
Сенинг ёдинг билан тинмай, ҳама нозу итоб куйгай.
Муқанна
Ёниб ишқингда қалбим кулга айланса ажаб эрмас,
Кўзинг осмонга тушганда ловуллаб офтоб куйгай.
Гулойин
Олай тоқатни қайдин кўзларингга ҳеч қаролмайман,
Муқанна, Гулойин
Тушибдир учқунинг бағримгаки, гўё китоб куйгай.
Ғазалдаги дастлабки байт Гулойинга тегишли эканида катта ҳаётий мантиқ бор. Унда қиз тилидан Муқаннанинг эрк йўлидаги оташин сўзлари оламни куйдириши муболағали йўсинда арз этилади. Муқанна тилидан берилган мисрада сулув қизга маҳлиё йигитнинг иқрори бор, холос. Бу ўринларда ҳар икки тимсолнинг сўзларида руҳий ҳолатлари ҳаққоний акс этган. Иккинчи байтнинг иккинчи мисрасида Гулойин Муқанна кўрсатган эрк йўлида ҳамма нарсасини куйдирганини таъкидлайди. Ғазалнинг шоҳбайти Муқанна тилидан битилган. Унда Гулойиннинг чиройи ғулу даражасида ифода этилади. Яъниким, қизнинг кўзи осмонга тушиб қолса, сулувнинг жамолидан кўкдаги офтобнинг ловуллаб куйиб кетиши мумкинлиги айтилади. Бу шеърда бир-бирига муҳаббат қўйган ёшларнинг қалб изҳори улкан санъаткорлик билан акс эттирилган.
Ғазалда икки оташин қалб туйғулари тасвирида шоирнинг поэтик маҳорати, инсон ҳиссиёти товланишларини бутун инжалиги билан бера олиш салоҳияти ёрқин намоён бўлган. Ҳ. Олимжоннинг маҳорати сабаб аслида икки қалб туғёнининг поэтик ифодаси бўлмиш шеър бир кишининг яхлит ҳиссиёти, кечинмаси тасвиридай таассурот қолдиради. Байтлардаги бири-биридан келиб чиқувчи кўп босқичли тасвир силсиласи сабабли бу ғазал ошиқнинг маъшуқага мурожаати тарзида қабул этилади. Чин севги учун туйғунинг эгаси эмас, ўзи муҳим бўлганидек, ғазал мисраларидан бири Муқаннага, бошқаси Гулойинга тегишли экани ҳам деярли сезилмайди.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ҳамид Олимжоннинг шеърияти курашчан моҳият касб этди. Шоирнинг ўшандай асарларидан бири 1942 йилнинг май ойида ёзилиб, «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 29 октябрь сонида босилиб чиққан «Севги» шеъридир. Шеърда фронтга кетаётган йигит ва севгилисини кузатаётган қиз ҳолати акс этган. Маълумки, муҳаббат жой ҳам, вақт ҳам танламайди. У жамиятдаги вазият, одамлар орасидаги муносабатлар билан ҳисоблашолмайди. Бинобарин, уруш ҳам севгига тўсиқ бўлолмайди. Лекин муҳаббат забт этган кўнгилнинг эгаси ҳам севги билан, ҳам уруш билан ҳисоблашиши керак.
Шеърнинг биринчи бандида хайрлашув онида ошиқ сўзларидан ўзини йўқотган маъшуқа ҳолати акс эттирилади. Йигитнинг: «Бутун ёшлигимиз жангдадир бу кун, Жангда ечилмоқда севги қисмати» сўзлари унинг шахсиятига хос белгиларни акс эттиради. Уруш доим катталар томонидан бошланади, лекин унинг азобини ёшлар тортади. Шу маънода, юқоридаги икки мисрада ҳам урушнинг, ҳам ҳаётнинг моҳияти ифода қилинган дейиш мумкин. Тасвирнинг самимияти шундаки, дунёда адолат ўрнатмоқ учун урушга отланган йигитнинг кўзларида нам кўриниши таъкидланади. Бу — табиий ҳол. Чунки унинг кўнглида: «Агарда қайтмасам шу мендан ёдгор» тарзидаги хавотир нақд турибди.
Шеърда тасвирланишича, маъшуқа ошиғининг гапларига жавоб бермайди. Эҳтимол, бу ўзбек қизига хос тортинчоқлик ифодасидир. Лекин қизнинг кўнглидан ўтаётган ўйлар тасвири жуда экспрессив, туйғулар ҳассос: «Сенсиз ололмасман асло мен нафас, Ўлимдан оғирдир сендан ажралиш». Қизнинг руҳий ҳолати акс эттирилган тўртинчи банд шеърий кашфиётга тўлалиги билан ажралиб туради. Қизнинг: «Торгина қалбимга кенг дунё қафас» иқрорида теран маъно ва улкан шеърий жозиба бор. Дунёнинг кенглиги, қалбнинг кичиклиги маълум тушунчалар. Лекин торгина қалбнинг кенг дунёга сиғмаётгани, дунёнинг унга қафас бўлиб кўринаётгани ифодаси бадиий кашфиётдир.
Шеърнинг кейинги бандларида ошиғи ортидан жангга жўнаган маъшуқа ҳолати: “Орқангдан қолмасдан жўнадим жангга, Қўзи кетган каби қўйнинг изидан. Гўё қуёш ойни кузатганидай, Ўт бўлиб орқангдан кезмакдаман ман”. Шеърда қиз қўллаган ўхшатишлар халқнинг достон ва қўшиқларидан олингандай туюлади. Қўзи қўйнинг изидан юриши бир умр элибойлик қилган ҳар бир ўзбекка таниш. Шунингдек, келишган ва кўркам йигит-қизларни ою қуёшга ўхшатиш ҳам ўзбекнинг дидига хос жиҳатлардир.
Шеърнинг олтинчи бандида жуда нозик руҳий товланишлар тасвирланган. Унда жанг қилаётган йигит элини ўйлаши айтилгани ҳолда қизнинг ҳолати: “Мен ҳам қасос олиб тўкмакдаман қон, Элим ва ёримнинг номи дилимда” тарзида ифодаланади. Бу сатрларда чиройли эстетик эффект билан бирга, кучли ҳаётий мантиқ ҳам акс этган. Йигит суюкли қизини алоҳида тилга олмайди. Чунки у эл деганда севгилисини ҳам назарда тутади. Сабабки, қизнинг фронтда эканидан хабарсиз йигитнинг назарида маъшуқаси ҳам эли билан йироқларда қолган. Эркаклар қатори жанг қилиб, душмандан қасос олаётган қиз эса суйганининг жангда эканини яхши билади. Бинобарин, у ёрининг номини дилида тутиши тасвири ишонарли ва асосли. Шеърнинг қуйидаги мисраларида муҳаббат ва уруш тимсоллари қоришиб кетган ҳолда тасвир этилади: “Сенга юборганим оташин бўса, Енгил шаббодадек учар ҳавода. Жанг бўлган жойлардан лабингни излар Ва баъзан дарбадар кезар самода”. Бу мисраларда уруш даврининг муҳаббати ҳам мавжуд шароитга мос ҳарбий йўсинда акс эттирилганини кўриш мумкин.
«Севги»нинг қаҳрамони — қалбига улкан эзгу туйғулар ҳоким шахс. Шунинг учун ҳам унинг: “Дунёда албатта бир ўлмоқ бор-ку, Ҳеч ажаб эмасдир ўлсак жанг аро. Ёв билан курашда оқса қонимиз, Бўлмай эл олдида юзимиз қаро”,— тарзидаги кўтаринки сўзлари кишига сунъий туюлмайди. Ишқ асарлаган юрак кўтаринки туйғуларга тўлиқ бўлади. Юксак инсоний фазилатларга эга кишилар учун шараф билан ўлиш, тубанлик билан яшашдан афзалдир. Шундай инсонларгина ўлимдан кейин ҳам ўлмасликка эриша оладилар. Шундайларгина қатъий ишонч билан:
Жисмимиз йўқолур, ўчмас номимиз,
Ғалаба тўйида бўлармиз биз ҳам.
Азиз дўстлар билан учрашиб хандон,
Қадрдон элларга қўярмиз қадам —
дея оладилар. Юқоридаги мисралардан асл одам учун жисмнинг тириклигидан кўра, руҳни покиза сақлаш муҳим экани англашилади. Шеърнинг қаҳрамони бурч туфайли бегона жойлар учун борган жангларда шаҳид бўлиши мумкин. Лекин у руҳан бўлсада, «қадрдон эллар», яъни ўз ота маконига қайтишни, «азиз дўстлар» билан учрашишни орзулайди. Севгидай ўта интим, фақат икки кишигагина тегишли туйғуни эзгулик, ҳақиқат, адолат, озодлик сингари юксак ижтимоий тушунчаларнинг қарор топишига эш ҳолда тасвир эта билиш шоир маҳоратидан далолатдир.
Ҳамид Олимжон ижодида «Муқанна» драмаси алоҳида ўрин тутади. Адиб пьесани 1937 йилда ёза бошлаган. Шу йили шоир боши устида ҳам қора булутлар тўплана бошлагач, асар устидаги иш тўхтаб қолган. Уруш даврида тарихий мавзуларга қўл уриш имконияти кенгайди. Чунки ўз шонли тарихидан хабардор бўлиш халқнинг фашизмга қарши курашиш истагини кучайтирар эди. Ҳ. Олимжон уруш берган имконият туфайли 1942 йилнинг бошларида асарга қайта киришиб, ўша йилнинг 12 февралида биринчи парданинг янги нусхасини, 31 майда эса, тўрт парда саккиз кўринишли пьесани тўлиқ тугаллаган. Уруш шароитида ноширлик имконияти ғоят ночор бўлгани учун асарни чоп этиб, ўқувчиларга етказиб бериш мушкул эди. Асардан олинган катта-кичик парчалар турли нашрларда босилди. Аммо уни тўлиқ чоп этишнинг имкони бўлмади. Асарнинг халққа тезроқ ва тўлароқ етиб боришини таъминлаш мақсадида унинг тўрт парда олти кўринишли мусиқали драма варианти тайёрланиб, саҳналаштирилган.
Тўлиғича қарашлар, эътиқодлар ўртасидаги кураш асосига қурилган бу асарда характерлар драматизми кучли. Маълумки, қараш ва ғоялар одам маънавиятига дахлдор қадрият бўлиб, қилич билан эмас, ақлу туйғу орқали сингдирилади. Қанчалик ботил бўлмасин бир эътиқоддан, қанчалик ҳақ бўлсада, бошқа эътиқодга ўтиш бир одам учун ҳам, бутун бошли халқ учун ҳам оғриқсиз кечмайди. Бунинг устига, ҳақ эътиқод билим ва тушунча орқали эмас, куч ҳам зўрлик билан сингдирилмоқчи бўлса. Эътиқодда зўрлаш йўқлиги, энг эзгу ниятлар билан ҳам инсон эркига дахл қилиш, унинг шахсиятига зулм ўтказиш мумкин эмаслиги драмада жуда таъсирли кўрсатилган.
Муқанна — ўз эрки ва эътиқодини ҳимоя қилмоқчи бўлаётган кишилар раҳнамоси. У билимдон, жасур ва ғурурли шахс сифатида зулмга кўниколмайди. Табиатидаги бўйсунмаслик, эркка ташналик туйғулари унга қуйидаги шаккокликни қилишга ҳуқуқ бергандай бўлади: “Сизни босган жароҳатларга малҳам, Агар худо керак бўлса, худо ҳам, Одам ҳам ман, озодликдир шиорим, Ҳурриятдир топинажак Оллоҳим!..” Аслида ҳурриятга эришмоқ Аллоҳга етишмоқдир. Шунинг учун ҳам Муқаннанинг сўзларини Аллоҳга қарши исён дебгина тушуниш бир ёқламалик бўлади. Асарда Муқанна қўзғолони зулм-зўрликка, озод бир халқ тақдирининг бегоналар томонидан ҳал этилишига қарши ҳаракат экани кўрсатилади. Ана шу ҳаракатнинг етакчисини Муқанна тарзида тассаввур этиш ва тасвирлашнинг ғайритабиий жиҳати йўқ. Тарихий воқеликка бир қадар эркин ёндашган драматург уни ўз мақсадига мувофиқ бадиий тадқиқ қилади.
Оммани тарихнинг ижодкори деб ҳисоблаган Ҳ. Олимжон Муқанна сиймосида зулмга бўйсунмаган одамни кўради. Шунинг учун ҳам бош қаҳрамоннинг: “Йўқ, мен сизман, худди сизнинг ўзингиз, Бу кўзларим худди сизнинг кўзингиз. …Мени кўрмак истасангиз сиз агар, Бир ташлангиз ўзларингизга назар” тарзидаги сўзлари орқали унинг халққа қанчалик сингишиб кетганлиги алоҳида таъкидланади. Пьесада Муқанна тириклигини ватан эрки йўлига тиккан шахс сифатида тасвирланади. “Ватан мендан бермоққа жон сўрайди…” йўсинидаги қараш унинг эътиқодини акс эттиради.
Муқаннанинг ёвқур ва бўйсунмас, эркка ихтисослашган шахсияти умрининг сўнгидаги ўта қалтис ҳолат тасвирида ёрқин акс эттирилган. Ҳамид Олимжон бу драмани яратишдан бир неча йил олдин: “Алпомиш” ўлим ўлдирмайдиган одам тўғрисидаги достондир”,— деб ёзган эди. У “Муқанна” драмасининг бош қаҳрамонини ҳам шундай одам сифатида тасвирлайди. Муқанна, ҳатто, ўлими ҳам оламни ёритиб, одамлар кўнглига ёруғлик олиб киришини истайди. У одамлар кўнглида мангу алангаланиб турадиган ўт бўлишни орзулайди:
Оловни ёқ, волидаи муҳтарам,
Оловни ёқ, ёрисин еру олам.
Бугун мен ҳам оловга қўшиламан,
Бугун мен ҳам мангулик ўт бўламан.
Муаллиф Муқанна тимсоли зиммасига жуда залворли бадиий-эстетик юк ортиб, уни инсон эрки учун жонидан кечган, шаънини жонидан ортиқ билгани боис ўлим ҳам ўлдиролмаган қаҳрамон сифатида тасвир этади. Асарда бош қаҳрамон романтик туйғулар оғушидаги фавқулодда шахс сифатида тасвирлангани сабаб унинг ўлим олдидан айтган оташин сўзлари ташвиқий чақириқ эмас, самимий дил изҳори тарзида қабул этилади:
Халққа айтинг, мен асло ўлганим йўқ,
Ёв қўлига таслим ҳам бўлганим йўқ.
Мен элимнинг юрагида яшайман,
Эрк деганнинг тилагида яшайман.
Драманинг таъсирчанлигини унинг мавзуси ёки биргина Муқанна образи эмас, балки Гулойин, Саид Баттол, Феруз сингари қатор бадиий тимсолларнинг ҳам ғоят пухта ишланганлиги таъминлагандир. Асардаги бу образлар эзгулик ёки ёмонлик каби муайян ғоя ёхуд инсоний хислатнинг шунчаки ифодаси, рупори эмас, балки тирик одамлар сифатида ўзларини намоён этадилар. Уларнинг табиатига хос қирралар руҳий жиҳатдан тўла асосланганлиги асарнинг ютуғини таъминлаган.
Асарда Гулойин ўз ҳаётидан қониқмайдиган изланувчан бир қиз сифатида намоён бўлади. Қизнинг жасорати ҳам, Муқаннани ёқтириб қолиши ҳам драмада унинг шахсиятига хос хусусиятларнинг табиий натижаси тарзида талқин этилади. Баттолга қарата айтган: “Севги доим ихтиёрни истайди” ёки “Ишқ ўлади қаерда бўлса занжир!” каби сўзларида қиз табиатининг асл жиҳатлари намоён бўлади. Унинг Муқаннага севгиси замирида ҳам фақат кўзни кўр, қулоқни кар қилгувчи сирли туйғуга асирликдан ташқари, ўзлигини англаш, ғурур ётади. Қизни ўз кўз ўнгида ҳам юксалтирувчи, унинг бетакрор шахсиятидаги баландликни таъкидлаб тургувчи бу жиҳат Муқаннага қаратилган: “Кўзим очдинг, мен дунёни кенг кўрдим, Ўзимни ҳам одамларга тенг кўрдим” иқрорида яққол кўринади.
Муқанна тарафдорлари қўлига тушиб қолган уч душманнинг бир-биридан кескин фарқ қиладиган уч хил табиати драматург томонидан усталик билан акс эттирилади. Ферузнинг: “Мени кечир, юзи қурсин худонинг, Худосиз ҳам эди менга дунё кенг”,— гапларида унинг чин эътиқоддан маҳрум, жонидан бўлак ташвиши йўқ ориятсиз киши экани маълум бўлади. Баттолнинг: “Шуни билки халқ мисоли бир пода, …Ҳайдай олиш келса агар қўлингдан, Пода юрар сен бошлаган йўлингдан”,— деган гаплари унинг одамларга паст назар билан қараб, уларга бошқариладиган тўда сифатида қарайдиган кимсалигини кўрсатади. Айни вақтда, унинг: “Қиличимдан қон оққанда мен борман, …Менга эрк бер, худойимдан тонаман”,— йўсинидаги иқрори у қандай аъмолларга таянганини яққол намоён этади. Ўшалардан бири бўлмиш Жалойирнинг эса: “Раҳму шафқат сўрамайман ҳеч қачон, Ном қолади, тўкилади қатра қон” тарзидаги сўзларида юртдошларига зулм ўтказган бу ёвуз шахснинг жасоратли экани англашилади.
Ҳ. Олимжоннинг достонлари, “Жиноят” драмаси, бир қатор балладалари тасвир ўйноқилиги, ифода равонлиги, тилнинг енгиллиги билан бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас.
У фақат ёзувчигина бўлиб қолмай, масаланинг асл моҳиятига етиб борадиган даражада синчков тадқиқотчи, билимдон олим ҳам эди. Адабиётнинг турли масалаларига бағишланган тадқиқотлари ҳанузгача ўз қимматини йўқотмай келяпти.
Хуллас, оташин шоир, сўзни оловлантирувчи публицист, моҳир драматург, теран олим, уста таржимон, тенгсиз ташкилотчи, ўтли нотиқ бўлган Ҳамид Олимжон адабиётимиз тарихида қачондир яшаб ўтган ижодкор бўлмай, балки бугун ҳам миллатнинг маънавий дунёсини шакллантиришга таъсир кўрсата оладиган асарлар муаллифи ва айни шу сабабга кўра, элининг юрагида яшашга ҳақли санъаткордир.
«Ёшлик» журнали, 2009, № 4