Юрган дарё, ўтирган бўйра. Ҳеч бўлмаса, деразангизнинг ойнасидан бир пасгина қараб турсангиз, илгари кузатмаган қандайдир бир каттами, кичикми воқеадан воқиф бўласиз. Узоқ сафарга борсангиз, ўзингизни турли воқеалар хазинаси ичига тушиб қолгандай сезасиз. Шунинг учун олам-олам китоблар ёзилгани билан бу хазина бойлиги таърифини сира ҳам адо қилиб бўлмайди. Мен ҳам ўзимнинг кўпдан-кўп сафарларимда ўхшаши йўқ қатор воқеаларга дуч келганман ёки эшитганман.
Илмий иш қилишингиздаги машаққатлар ушбу ишингизни тушунадиган ҳамсуҳбат топганингиздан кейингина сизга ҳақиқий лаззат бағишлайди. Унгача бўлган қувончингиз барибир қалбингизни бутунича қамраб олмай тураверади. Статистик физика ва физик кинетика асосчиларидан бири, австриялик машҳур физик Людвик Болцман (1844—1906) ўз кашфиётларидан қувончини ичига сиғдира олмаганига ҳозирги пайтда ҳеч кимда шубҳа ҳам бўлиши мумкин эмас. Лекин у ўзининг ушбу қувончга ҳақли эканининг тасдиғини фақат ҳамфикрлари орқалигина олиши мумкин эди. Шунинг учун ҳам физикларнинг йирик анжуманларида ўз кашфиёти ҳақида бир нечтадан бўрларни сарфлаб тушунтиришга ҳаракат қилади, ғоявий кураш олиб боради. Лекин манаман деган физиклар ҳам унинг кашфиётларини тан олмайди, чунки ушбу кашфиёти борасида унга ҳамфикр бўлишга улар тайёр эмас эдилар. Мана шунақа можоролардан руҳан эзилган Болцман 1906 йили 62 ёшида ўзини ўзи ўлдиради. Ушбу фожиадан кўп ўтмасдан Болцманнинг физика фанидаги нуқтаи назарлари буткул ҳақ экани аён бўлди.
Болсман-ку, жуда ҳам юқори материя ҳақида фикр юритгани учун унинг ҳамфикр топиши ўз-ўзидан жуда мушкул эди. Сизни тушунадиган таниш-нотанишлар қанчалик кўп бўлса, ўзингизни шу даражада бахтиёр сеза борасиз. Мен ҳам кўп йиллардан бери узоқ сафарларда юрганимда ҳамсуҳбатларимнинг бошларидан ўтказган ва назаримда кўпчилик билиши керак бўлган қуйидаги икки воқеани сиз азизларга етказа олсам, деган орзудаман.
Қайсидир илмий нуқтаи назаримни ўртоқлашиш мақсадида 1978 йили Ашхабод шаҳрига бордим. Об-ҳавонинг ноқулайлиги боис самолёт бизларни муддатидан анча кеч манзилга етказди. Қайси меҳмонхонада тўхташимни билмаганим сабабли такси ҳайдовчисининг маслаҳати билан тўппа-тўғри “Туркманистон” меҳмонхонасига бордим. Лекин у ерда менга жой йўқлигини айтишди. Ярим кечада бегона шаҳар кўчаларида плакатларимни кўтариб юриш ўрнига ушбу меҳмонхона остонасидаги бирор ўриндиқда ўтириб чиқишни ўзимга қулай билиб, меҳмонхонадан ҳеч қаерга силжимадим. Кечқурун айланиб юрадиган посбонлар ҳам меҳмонхона маъмуриятига “Ўтираверсин, ҳозир қаерга боради бу одам”, дейишди шекилли, мени ҳеч ким безовта қилмади, эрталабгача меҳмонхонага кираверишдаги ўриндиқда ўтириб чиқдим.
Эрталаб соат тўққизлардан ошганида мурожаат қилмасам ҳам меҳмонхона маъмурининг ўзи мени чорлаб иккинчи қаватдаги икки кишилик хонага жойлаштириб қўйди. Хонада жиккакдан келган, оғзи бир оз қийшиқроқ, назаримда, қоматининг бошқа жойларида ҳам шунга ўхшаш нуқсонлар сероб бўлган бир рус кишиси бор эди. У билан апил-тапил сўрашдим-да, илмий маърузамни ёритишимда мени қўллаб турадиган плакатларимни меҳмонхона деворларига осиб қўйиб, ўзимча машқ қилмоқчи бўлдим. Янги ҳамроҳим бир оз ишимни кузатиб турди-да, сўнг саволга тута бошлади. Унинг менга бераётган саволларида маъно борлигини кўрганимдан кейин “Сиз ҳам физикмисиз?” деб сўрадим. У: “Йўқ, мен ҳарбий одамман. Мари шаҳри криминалистларининг бошлиғиман”, деди. “Урушда жанг қилганмисиз?” деган сўроғимга, “Жанг ҳам гапми, уруш давридаги энг даҳшатли “Дикая дивизия”да хизмат қилганман”, дея жавоб берди. Мен, суҳбатдошим янглишиб кетди шекилли, деб ўйлаб: “Сиз штрафной баталон”ни айтяпсизми?” деган эдим, у: “Йўқ, айнан “дикая дивизия”да хизмат қилганман. Бу дивизия ҳақида камдан-кам одам билади. Дивизиямизнинг вазифаси душман уруш ҳаракатларида ҳаддан ташқари қуюшқондан чиқиб кетса, ўзига келтириб қўйишдан иборат бўлган”, деди.
Гапнинг қисқаси ҳамроҳимнинг суҳбати ўзимнинг эртанги бўладиган ва менга ёд бўлиб кетган маърузамдан кўра яхшироқ кўриниб, ўриндиғимни унга яқинроқ ерга суриб, ўтириб олдим. Маълум бўлишича, у Литвадаги қайсидир ҳарбий қисм кичик офицери лавозимида хизмат қилаётганида уруш бошланган.
“Ярим кечада бизлар қаттиқ уйқуда эдик, — деб сўз бошлади ҳамроҳим, — бирданига тасир-тусур бомбаларнинг портлашлари бутун оламни бузгандек бўлди. Ким қайси кийимида бўлса, шу аҳволда югуриб кўчага чиққан. Ҳеч ким ҳеч нарсани тушунмайди. Лекин ҳамма қандайдир бир даҳшат устимизга ёпирилиб келаётганини кўриб турибди. Мен шошганимдан устимга чала-ярим кийимимни илгандек бўлдиму яшаб турган биномиздан узоқроққа югурдим. Барча ҳар томонга қочар, бошимизни қовуштирадиган бирор инсон кўринмас эди. Ҳамма ўзининг жонини асраш билан овора. Шу югурганимча ётоғимдан анча узоқ жойга кетиб қолганимниям билмай қолибман. Бир пайт ҳарбий ҳужжатларим ётоғимда қолиб кетгани эсимга тушиб қолди. Қайтиб бордим. Лекин ҳаммаёқ алғов-далғов бўлиб ётибди. Нима қилишимни билмай қолдим. Бошлиқларга борай десам, аниқ, ҳарбий трибунал бўлади. Бормай десам, қўлга тушишим билан дарров яна ўша ҳарбий трибуналга беради. Шу пайт ўзимга ўхшаш ҳолатга тушган бир ҳамроҳ ҳам топиб олдим. Иккаламизнинг дардимиз бир эди. Нима қилиш керак. Ўйлаб-ўйлаб, қўлга тушгунча қочиб юришни маъқул кўрдик. Уруш бошланганидан уч ойча вақт ўтди. Бизга ўхшаш айбсиз айбдорлар анчагина эканлиги ҳарбий бошлиқлар назаридан четда қолмаган экан. Уларни йиғиб, махсус топшириқларни бажарувчи “Дикая дивизия” тузишга қарор қилинганини тушунтиришди ва агарда ушбу дивизияда хизмат қилсак, бизнинг тақдиримизни ҳарбий трибунал ҳал қилмаслигини билдиришди. Барчамиз жон деб рози бўлдик. Машқлар бошланди. Вазифаларимиз тушунтириб борилди. Маълум бўлишича, душман ҳарбийлари ўзлари қўлга киритган кўп жойларда ҳаддидан ошиб, инсонийликни ҳам унутган ҳолда, тинч аҳолига ваҳшиёна зулм ўтказа бошлашган. Натижада душман ҳарбийларининг “ҳушини бир оз ўзига келтириб қўйиш” ниятида ушбу “Дикая дивизия” тузилган. Душман босиб олган ерида тинч халққа нисбатан зулмни ошириб юборса, бизлар бехосдан ўша ерда, улар ҳеч ҳам кутмаган пайтда пайдо бўлардик. Лекин душманни ўлдирмасдик. Аниқроғи, душман ҳарбийлари шу даражада майиб-мажруҳ қилинар эдики, улар қилган ишларига минг пушаймонлар еб, даҳшатли азобда қолар эдилар. Ушбу оғир ва даҳшатли вазифамизни бажариб бўлганимиздан сўнг, икки-уч соат ичида у ерни ташлаб ғойиб бўлар эдик. Бу ҳаракатлар душманни уруш тугагунича ҳар қалай, бир оз бўлса ҳам, эпақали бўлишга сўзсиз мажбур қилиб турган. Уруш давомида ўн саккиз еримдан ярадор бўлганман”.
Суҳбатдошим ўқ теккан баъзи жойларини менга кўрсатди. Икки билагини ҳам ўқ тешиб ўтган экан. Унинг билакларидаги яра-чақа ўринларига қараб турувдим, бундай изоҳлади:
“Биласизми, икки билагимдаги бу ярадорлик бир кунда, бир дақиқа вақт орасида рўй берган. Бир кўприкни ҳужум қилиб олишимиз керак эди. Мен тўппончамни душманга мўлжаллаган эдим, билагим жиз этди. Қарасам, ўқ билагимдаги соатниям қўшиб тешиб ўтиб кетибди. Тўппончамни бошқа қўлимга олиб энди душманни мўлжалга олганимни биламан, бу қўлимнинг билаги ҳам жиз этди. Бу билагимни ҳам душман ўқи тешиб ўтиб кетибди. Билакларим, кўриб турганингиздек, тузалиб кетди, лекин соатимга ачинаман. Бу соатни қўлимга бир ўзбек ўғлони тақиб қўйган эди…”
Мен қоғоз-дафтарларимни йиғиштириб институтга, кетдим. Яхши кайфият билан кечга томон меҳмонхонага бориб хонамда бошқа бир кишининг хуррак отиб ётгани устидан чиқдим. Марилик ҳамроҳим билан суҳбатим чала қолганидан жуда ачиндим…
Бу воқеадан сўнг менда ёши катта одамлар суҳбатига иштиёқ ва ҳурмат янаям ошди. Имконият бўлиб қолса, уларга малол келтирмай суҳбатини олиш иштиёқида бўлдим.
“Маърифат” газетаси, 2007 йил 21 апрел, қисқартирилиб босилди.