Деди: ҳар ишки қилмиш одамизод,
Тафаккур бирла билмиш одамизод.
Алишер НАВОИЙ
Рангларни, товушларни секин-аста фарқлай бошлаган гўдак қуралай кўзчаларини гоҳ катта-катта очганча, гоҳ узун-узун киприкларини пирпиратиб, атрофга чексиз қизиқиш ва ҳайрат ила боқади. Бу — Олам ва Одамни англаш сари илк интилиш! Ана-мана дегунча тили чиқади, ота-онаси, яқинларини ҳоли-жонига қўймайди: “Нега ундай?”, “Нега бундай?..” Ҳамма нарсага қизиқади. Ҳамма нарсани билгиси келади. Сир-синоатга тўла оламни шу тариқа англай боради, шабнамдек шаффоф онгида ёшига хос тасаввурлар зоҳир бўлади, хаёлот дунёсининг сарҳадлари тобора кенгаяверади.
Болаликда шитоб билан кечадиган бу жараён кошки умрнинг охиригача шундай давом этса! Унда Инсон тафаккури не мўъжизалар кўрсатган бўларди?!
Тоғ қоялари орасидан пастлик томон ошиқиб келаётган дарё текис ва кенг ўзанга тушгач, ёйилиб, секин оқади. Ёинки ўрнидан қўзғалаётган самолёт аввал жуда катта тезлик ила елиб, осмонга кўтарилиб олади-да, сўнгра манзил томон бир маромда интилади. Болаликдан кейинги билиш ва англашга бўлган қизиқишни ана шуларга қиёслагим келади.
Болаликнинг беғубор онларида шиддат билан кечаётган соддагина фикрлаш жараёни ҳали ТАФАККУР босқичига кўтарилиб улгурмай сокин бир ҳолга келиб қолишининг сабаби нимада? Эҳтимол, бола “Нимага шундай?”, “Нима учун?..” деган кўпдан-кўп саволларга биз, катталардан жўяли бир жавоб ололмагач, билим ва англаш сари қизиқиши сусайиб борар. Эҳтимол…
Йиллар ўтаверади, болаларимизнинг ёшига ёш қўшилаверади. У ёки бу масала хусусида энди улар ўз муносабатларини билдиришни хоҳлайдилар. Бироқ уларнинг шахсий фикрларини тузукроқ қадрлаймизми, инобатга оламизми? Фикр юритишини қай тарзда рағбатлантирамиз?
— Яхши биласиз, оила даврасида эру хотин бирор масалани муҳокама қилиб турганимизда, —дейди бу мавзу юзасидан фикрини билдирган бир ўқитувчи танишим, — суҳбатимизга қулоқ тутиб турган ёш боламиз ҳам беихтиёр ўз муносабатини билдиради. Шунда кўпинча нима қиламиз денг? “Жим ўтир, катталарнинг гапига суқилишни ким қўйибди сенга!” ёки “Сен ўзи нимани ҳам билардинг, бошимни қотирма, қоч!” қабилидаги дашномлар билан ҳафсаласини пир қиламиз. Оиладаги уруш-жанжаллар натижасида боланинг руҳан изтироб чекиши ҳам фикрлашига ёмон таъсир кўрсатади. Шундай ота-оналар борки, важоҳатидан от ҳуркади. Болалари устига ўшқириб келсалар улар қўрққанларидан қалтираб, дудуқланиб гапира олмай қоладилар. Бу жуда ёмон, зарарини ҳатто тасаввур қилиш ҳам қийин!
Бундай муносабатлар боланинг кўнглини мажруҳ қилади. Бежизга буюк олмон адиби Ромен Роллан “Тафаккурни нобуд этган одам уч карра қотилдир” дея таъкидламаган эди.
“Бизнинг оилада бундай эмас, болага муносабатимиз ўзгача” дейсизми? Яхши. Хўш, фарзандларига ҳуда-беҳуда танбеҳ бермай, уларнинг фикрини Сиз каби сабр ва эътибор билан тинглаб, тўғрисини қўллаб-қувватлайдиган, нотўғрисини эса “Ундай эмас, болам, бундай бўлади” дея ётиғи билан тушунтирадиганлар кўпми, озми?
Хуллас ана шу ва бошқа кўп сабаблар туфайли болаларимиз фикрлашга, фикрини эмин-эркин айтишга рағбат сезмайдилар. Оқибатда нарсалар, воқеа ва ҳодисалар моҳиятини чуқурроқ англашга, тўғри хулосалар чиқаришга ёрдам берадиган саволлар энди уларни камроқ ва яна… яна камроқ қизиқтира боради, назаримда. Билдирилган фикрга беписандлик ҳукмрон бўлган, тафаккур рағбатлантирилмайдиган оилада ўсадиган бола келажакда тез ва тўғри фикрлайдиган, фикр-муддаосини дадил ва равон баён қила оладиган инсон бўлиши ҳақиқатдан узоқ.
Балоғат ёшига етганда ва ундан кейин аксарият йигит-қизлар ақл-идрокда ўзларини катталардан кам эмасдек ҳис қила бошлайдилар. Нима, бу ёшга келиб, улар учун ҳамма нарса аён, тушунарли бўлиб қолдими? Ҳамма нарсага ақл-шуурлари етадими? Ортиқча фикр-мушоҳада юритиб, “мияни қотиришнинг” ҳожати қолмадими энди? Асло!
Инсон КОМИЛЛИК сари интилар экан ҳеч қачон теран мушоҳада юритишдан, тахайюл дунёсида сайр этишдан, тафаккур сарҳадларини кенгайтиришдан тўхтамайди. Зеро Абу Али ибн Синодек қомусий билим соҳиби бўлган аллома умрининг охирларида қуйидаги сатрларни бежизга битиб қолдирмаган:
Ҳеч бир гап қолмади
маълум бўлмаган,
Жуда оз сир қолди
маълум бўлмаган,
Билимим ҳақида
чуқур ўйласам,
Билдимки, ҳеч нарса
маълум бўлмаган.
“Муъжам ал-удабо” (“Адиблар қомуси”) китобида ёзилишича, буюк олим Абу Райҳон Беруний “анча кексайганлиги ва мункайиб қолганлигига қарамай… қўли қаламдан, кўзи китобга қарашдан, кўнгли фикрлашдан бўшамаган”. Шу китобда Берунийнинг замондоши, қонуншунос ал-Волволижийнинг ҳикояси ҳам келтирилган: “Бир куни Абу Райҳоннинг олдига кирдим, —деб ёзади Волволижий, — қарасам у жон бераётган, ғарғара билан нафас олиб, кўкраги сиқилаётган эди. Ўшандай ҳолда туриб, менга қараб:
— Сен бир куни менга “ал-жаддат ал-фосида” ҳисоби ҳақида нима деган эдинг? — деди.
Мен унинг қийналаётган ҳолига раҳмим келиб:
— Шундай ҳолатда-я? — деб сўрадим.
— Эй сен, — деди Абу Райҳон, — мен бу дунё билан хайрлашаётибман, ўша масалани билмай кетганимдан кўра билиб кетганим яхшироқ эмасми?!
Мен ўша масалани унга тушунтириб бердим, у бўлса, уни ёдлаб олди ва ўзи ҳам ваъда берган нарсасини менга ўргатди. Шу билан мен унинг олдидан чиқдим, ҳали уйга етмай, йўлда кетаётганимда Абу Райҳоннинг уйидан йиғи овозини эшитдим…”
Дарҳақиқат, улуғ аждодларимиз “Бешикдан қабргача илм изла” дейилган ҳадиc ҳикматини дилларига ана шундай жо этганлар. Бу, аввало, уларнинг теран тафаккур салоҳиятига мушарраф бўлганликлари натижасидир. Фикрлаши суст кишилардан бундай ҳолни кутиш қийин.
Жамиятнинг тараққиёти, Ватанимизнинг ҳар томонлама юксалишини ақлан, жисмонан ва руҳан етук, фан чўққиларини дадил забт этиб бораётган, янгича фикрловчи, тафаккур доираси кенг ёшларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу сабабли ёшлар камолоти вазифаси давлатимизнинг изчил ва уcтувор сиёсатига айланган. Илму фан, санъат, спорт ва бошқа соҳалардаги натижалари, ютуқлари билан бизнинг замонда ҳам бутун дунёни қойил қилаётган шундай ёшларимиз борки, буюк боболаримизга хос бўлган ўткир заковат ва тафаккур, ноёб истеъдод улар учун ҳам бегона эмаслигини кўриб фахр этамиз.
— Тафаккур шунчаки ўйлаш онлари эмас, бу жараён чуқур фикрлаш, мушоҳада юритиш ва мантиқий хулосалар чиқаришдир, — дейди психология фани мутахассисларидан бири.
Унинг фикрича, тафаккур жараёни идрок этиш, қиёслаш, таҳлил ва синтез қилиш, абстракциялаш, умумлаштириш, конкретлаштириш ва тўғри деб ҳисобланган бирор тўхтамга, фикрга келиш каби босқичлардан иборат. Ана шу жараёнларда обдон пишитилмаган у ёки бу масала ҳақидаги фикр жўяли, мантиқли чиқмаслиги мумкин.
Афсуски, кўп ҳолларда фикрлашимиз енгил-елпи, моҳиятга теранроқ кириб бормаймиз, юзаки хулосалар чиқарамиз. Нега?
Негаки, чуқур ўйлаш, мушоҳада юритиш ҳам озми-кўпми меҳнат, машаққат талаб қилади. Биз ана шу машаққатдан қочамиз, миямизни ишлатгимиз, чарчатгимиз келмайди! Натижада фикрат танбаллиги деб номласа бўладиган касалликка мубтало бўламиз. Энди биз учун ҳам бошқалар ўйласин, бошқалар фикрласин, бошқалар муносабат билдирсин! Биз эса уларнинг тўғрию нотўғри, маъқулу номақбул фикрларини кўр-кўрона қабул қиламиз. Нима десалар тасдиқ маъносида бошимизни қимирлатиб ўтираверамиз. Тафаккур чиғириғимиздан мундоғ ўтказиб кўрмаймиз. Негаки, бу чиғириқ анчадан буён яхши айланмай қолган!..
Ишхонада бошлиқлар “У ишни ана ундай, бунисини мана бундай бажаришимиз керак, тўғрими, сиз нима дейсиз?” деб фикримизни сўраганда ҳам кўпинча “тўғри-тўғри” деб қўл қовуштирганча тураверамиз. Раҳбар олдида истиҳола қилганимиз, ножўя фикр айтиб қўйишдан ҳадиксираганимиз учун эмас, балки бамаъни, кўпчиликка манзур бўладиган фикримиз йўқлиги учун ҳам ўзимизни шундай тутамиз. Тўғри, ходимининг фикрини эшитишга тоқати йўқ бошлиқлар ҳам учраб туришидан кўз юмиб бўлмайди. Баъзан бирор муаммо, мушкулот туғилганда “Мендан катталар (ёш ва лавозимда) бор-ку, ўшалар бош қотирсинлар” деб ўз ҳаловатини кўзлайдиганлар топилади. Бундайлар энг аввало шахсий манфаат кўринмагани учун таклиф ва мулоҳазаларини пинҳон тутадилар.
Баъзан радио қулоғини бурасангиз, маълум тўлқинда эшиттириш олиб бораётган дунёдаги турли радиостанциялар бир-бирининг овозини “босиб”, ўзиникини “тиқиштириш” ҳолатига гувоҳ бўласиз. Катта-кичик давраларда ҳам шунга ўхшаш манзараларни — бир-бирининг сўзини бўлиб, ўз фикрини тезроқ айтиб қолишга уринишларни ва “меники тўғри” қабилидаги уқтиришларни кўп кузатамиз. Бировнинг ўз муддаосини билдиришига ҳамиша ҳам имкон бермаймиз. Яна бир қусуримиз шуки, сўзловчининг нима демоқчилигини эмас, нима деганини инобатга оламиз. Ахир “Тушунаману лекин айтиб беролмайман” дегувчи кишилар озми? Фикрини чиройли ифодалаш — фазилат. Бироқ бунинг уддасидан чиқа олмаслик айб эмас, бу, нари борса, бир камчилик, холос. Донишманд боболаримизнинг сўзловчининг ўзига эмас, сўзига боқ, деган ўгитини кенг маънода тушунишга интилмаймиз. Хуллас, бизда ўзгаларнинг фикрига эътибор ва ҳурмат, эшитишга сабр етишмайди. Буларнинг ҳаммаси ҳали фикрлаш, фикримизни ифода этиш ҳамда тинглаш маданиятимиз тарбияга ва такомилга муҳтож эканлигини англатади.
Фикрлаш учун ҳам аввало ақл-заковат зарур. Ўткир заковат ирсий омиллардан ташқари теран фикрлашлар, мушоҳада юритишлар, ўта зийрак ва нозик кузатишлар натижаси ҳамдир.
Эҳтиёжлар, ҳал этилиши осон кечмайдиган турли-туман муаммолар кучли фикрлашни талаб этади. Ана шу жараёнда, табиийки, ақлимиз ҳам ўткирлашиб боради. Китоблар ўқиш, турли илмларни ўрганиш ақлни пешлайдими? Шубҳасиз! Бироқ буюк донишмандлардан Декарт айтганидек, “Ақлни ўстирмоқ учун ҳадеб ўқийвермай, кўпроқ фикрлаш керак”. Ўнта китобни шунчаки ўқиб, мушоҳада этмагандан кўра, биттасини ўқиб ва уқиб, чуқур фикр юритган минг бора афзал. Яна шуни айтиш керакки, фикр юритишда мўътадиллик, яъни меъёр бўлгани маъқул. Беҳуда, узуқ-юлуқ, ноизчил фикрлаш — мияни ғовлатишдан бошқа нарса эмас. Ҳадеб ўйлайверган билан иш битмайди. “Ўйчининг ўйи битгунча — таваккалчининг иши битади” деган нақлни ҳам унутмаслигимиз керак.
Ёшларни чуқур фикр юритишга ўргатиш учун адабиёт муаллимлари асар воқеаларини баён этишдан кўра кўпроқ таҳлил этишни ўргатсалар, тез-тез иншолар ёздириб турсалар фойдаси беқиёс бўлиши шубҳасиз. Тўғри, тест саволлари ҳам ўқувчиларни фикрлашга ўргатади. Лекин, назаримда, иншонинг фойдаси тестдан кўпроқдир.
Мактаблар, лицейлар, коллежлар, олий ўқув юртларида ўтказилаётган “Заковат”, “Нима? Қачон? Қаерда?” деб аталувчи баҳсларда савол-жавобларнинг асосий қисми “Фалон воқеа қачон рўй берган?” мазмунидаги статистик маълумотлардан иборат бўлиб қолмоқда. Бу билимни оширишга озми-кўпми ёрдам берса-да, фикрлаш қобилиятини ўстиришга деярли таъсир кўрсатмайди. Асосий эътиборни мазмунида “Нега шундай?”, “Нима учун?”, “Қандай қилиб?” деган сўроқлар мужассам бўлган ва уларга жавоб талаб қилинадиган, фикрлашга ундайдиган саволларга қаратиш керак.
Одам қорни очганда овқатланади, уйқуси келса, ухлайди ва бу табиий эҳтиёждир. Фикрлаш ҳам аслида ана шундай эҳтиёж. Нафақат эҳтиёж, балки лаззат ҳамдир. Лаззат бўлганда қандоқ — тенги йўқ лаззат! Афсуски, фикрлаш лаззатини ҳис қилмайдиганлар ва ҳатто ундан бебаҳралар оз эмас.
Фан ва техника тараққиётининг айрим қулайликлари болаларимизнинг билим эгаллашларида тенгсиз имкониятлар очаётган бўлса-да, фикрлаш эҳтиёжларининг сусайишига ҳам ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмаяпти. Оддийгина мисол. Бугун калкулятор, назаримда, ўқувчилар, талабаларнинг энг зарур ўқув қуролига айланиб қолди. Вақтни тежаши жиҳатидан бу яхши, албатта. Бироқ ёмон томони шуки, озгина фикрлаб кўрилса, жавоби осонгина топиладиган содда амалларни ҳам улар калкулятор ёрдамида ечмоқдалар. Шу сабабли 1 дан 9 гача бўлган сонларни ёддан кўпайтиришни билмайдиган болалар (ҳатто юқори синфларда ҳам!) учраб туришига ажабланмаса бўлади. Бироқ уларнинг аксарияти тўрт амалга доир содда ҳисоб-китобларни калкулятор ёрдамида бемалол бажара оладилар. Бундай ҳолни катталар мисолида ҳам кўриш мумкин. Айтайлик, 200 сўмга 300 сўмни қўшиш учун ҳам қўлига калкулятор оладиган баъзи кишилар борки, бу ҳол улардаги тафаккур танбаллигидан бошқа нарса эмас.
Бугун инсон тафаккури маҳсули бўлмиш компютерлар, таъбир жоиз бўлса, инсон ақл-заковати билан баҳслашмоқда. Компютер билан шахмат ўйинлари, компютер таржималарини эслаш кифоя. Ҳатто инсон миясидаги фикрни ўқийдиган ва “айтиб берадиган” компютерлар ихтиро қилинганидан ҳам эҳтимол хабардорсиз. Лекин “сунъий ақл” деган ном олган бу қулайликдан аксарият ёшлар асосан ҳар хил ўйинлар ўйнаш, бир-бирларига мактублар йўллаш мақсадида фойдаланмоқдалар. Интернет-кафеларга кирсангиз бунга яққол гувоҳ бўласиз. Интернет саҳифаларидаги материаллар билан танишганда ҳам уларнинг тўғри-нотўғрилиги, нима мақсадда берилгани хусусида чуқур фикр юритиб кўрадиганлар кам. Ваҳоланки, “дунё ўргимчак тўри” деб аталаётган бу тармоқда кишини чалғитадиган, ғоявий-ахлоқий жиҳатдан зарарли бўлган маълумотлар ҳам учраб туради.
Бугунги глобаллашув жараёнида, ахборот хуружлари чалғитувчи, мафтункор жилоларда намоён бўлаётган бир даврда бундай маълумотларни тафаккур чиғириғидан ўтказиб, сарасини саракка, пучагини пучакка ажрата олиш учун аввало кишининг фикрлаши ва дунёқараши тўғри шакллантирилган бўлиши керак.
Ҳар бир кишининг тафаккур жараёни ўз салтанатидир. Бу салтанат сирларини билишга уринувчилар қанчалик ҳаракат қилишмасин, ҳатто энг “ақлли” компютерларга-да умид боғлашмасин, ўзгалар учун у қоронғу дунёлигича қолаверади. Фақат Яратгангаю фикрловчининг ўзига равшан. Нима ҳақида, қай тарзда фикр юритади, қандай хулосалар чиқаради — эрки ўзида. Бир қарашда, ҳеч ким бу эркка дахл қилолмайди ва ҳақи ҳам йўқ. Бироқ, дунё саҳнасига назар ташласангиз, қанчадан-қанча эзгу ишлар билан бирга ана шу дахлсиз салтанатга тажовузкорликнинг турли кўринишларини ҳам илғаб оласиз. Бу ғоялар курашида, эътиқодлар ва ахлоқий қарашлар тарғиботида намоён бўлмоқда. Шундай тажовузлар таъсирига тушиб қолган киши ўзгача фикрлай бошлаб, секин-аста фикрини, дунёқарашини ва ҳатто эътиқодини мутлақо ўзгартириши ҳам мумкин. Зомбилар, камикадзелар, террор ижрочилари, энг аввало, дахлсизлик салтанати бўлмиш фикрлаш эркини тажовузкорларга бой бериб қўйган кишилардир. Хотира ва тафаккурдан мосуво бўлиб, манқуртга айланишнинг оқибати қанчалар даҳшатли эканлигини улуғ қирғиз адиби Чингиз Айтматов “Асрга татигулик кун” асарида юксак маҳорат билан кўрсатиб берган.
Инсон, энг аввало, ақл-заковати, тафаккури билан — Инсон! Фикрлашдан узоқлашиш инсонликдан чекинишдир. Халқимизда кишини фикрлашга ундовчи нақллар кўп. Жумладан “Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир”, “Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр қил”, “Фикрли одам зўр бўлур, фикрсиз одам ғўр бўлур”, “Ўн ўйла, бир сўйла” каби мақолларда фикру мушоҳада билан иш тутиш инсон учун нечоғлик муҳимлиги ўз ифодасини топган. Шундай экан тафаккур унинг доимий ҳамроҳи бўлмоғи лозим. Машҳур муҳаддислардан Ҳасан Басрий бир соатлик тафаккур ибодат учун тун бўйи қойим туришдан яхшироқ эканлигини таъкидлаган эди. Атоқли адиб Ойбек ҳам “Навоий” романида шунга ўхшаш фикрни билдирган.
Фикрдан фикр туғилади, фикр фикрдан қувват олади, дейдилар. Ҳақиқатан тафаккур мўъжизалари янгидан янги мўъжизаларга йўл очади. Чунончи Низомиддин Ганжавийнинг юксак тафаккури дурдонаси бўлмиш “Хамса” асари шу мавзудаги қанчадан-қанча бебаҳо достонларнинг юзага келишига туртки бўлганидан воқифсиз.
Буюк мутафаккир шоир Жалолиддин Румий:
Нарса йўқким, хорижи олам эрур,
Ҳар не истарсен, ўзингда жам эрур,
деган эканлар. Бу байтнинг тасаввуфий ва фалсафий маъноси бениҳоя кенг бўлса-да, фикр юритаётган мавзуимизга ҳам дахлдордир. Истаганимиз ўзимизда жам экан, ҳар ишга тадбиру имкониятни, энг аввало, ўзимиздан излаганимиз маъқул.
Нима, ўзимизда имконият, яширин қувват шу даражада кўпми? Ҳа, кўп! Тасаввур қилган даражамиздан ҳам кўп! Буни юзага чиқарувчи куч, шубҳасиз, фикрлашдир.
Фикрлаш бош миямиз фаолияти экан, биз унинг имкониятидан қандай фойдаланаяпмиз? Миямиз қай даражада ишлаяпти?
Дунёда бир қанча инсоншунослик тадқиқот марказлари бор. Олимларнинг аниқлашича, нормал ривожланган одамнинг бош мияси ўртача 3-5 фоиз (!), даҳолар, яъни генийларники 15 фоиз қувват билан ишлар экан. Табиийки, бу кўрсаткич турли вақтларда кўтарилиб ё тушиб туради.
Эътибор беринг: бош миямизнинг жуда катта қуввати “заҳирада”! Ундан фойдаланишни 100 эмас, айтайлик 70-80 фоизга етказа олсак, неларга қодир бўлишимизни ҳис эта оласизми? Тасаввуримиздаги оддий инсон даражасидан юксалиб, мукаммаллик тимсолига, беқиёс салоҳият соҳибига айланмаймизми?!
Диққат аро фикри қаёнким кетиб,
Нуқтаи мавҳумни юз қисм этиб.
Ҳазрат Навоий тафаккур қудратига ана шундай юксак баҳо берган. Инсон ҳатто мавҳум нуқта(!)ни ҳам идрок этиб, ақл-заковати билан уни юз қисмга бўлиб таҳлил этишга қодир.
Кўҳна тарих юртимизда ноёб салоҳиятга эга қанчадан-қанча азиз авлиёлар, мутафаккирлар яшаб ўтишганидан гувоҳлик беради. Улар комилликнинг шундай чўққисига кўтарилганларки, кўп нарсаларга ботиний нигоҳ ташлаб, қалб кўзи ила кўрганлар, яқин ва узоқ келажакда содир бўладиган воқеа-ҳодисаларнинг қачон, қай тариқа рўй беришини олдиндан башорат қила олганлар.
Буюк мутафаккир Жалолиддин Румийнинг “Кўзни юмгил, кўзга айлансин кўнгил” деган ҳикматли сўзларида ана шу фикр исботи мужассам. Шунинг учун баъзи мўътабар китоблардан азиз авлиёларимизнинг қай бирлари ҳақида “Фалон воқеани бутун моҳияти ва тафсилоти билан ёки кимнингдир қандай мақсадда қачон келишини олдиндан аниқ айтиб берган эдилар” деган сўзларни ўқиганимизда ажабланмаслигимиз, бу ҳол бизга эртакдек туюлмаслиги керак. Кўнгил кўзи ила кўриш дунёни нурдайин пок, мунаввар ва беғубор кўришдир.
Умуман, инсонни камолотга чорловчи, комилликка мушарраф этувчи таълимотларимиз замирига энг аввало Ўзингни англа, ўзингни кашф эт, деган ғоя сингиб кетган.
Машҳур олим ва ихтирочи Томас Эдисон “Цивилизациянинг буюк вазифаси одамни фикрлашга ўргатишдир” деган эди. Назаримда тамаддун ўзининг ҳозирги босқичида ана шу вазифани уддалай олаётгани йўқ. Негаки инсониятнинг катта қатлами ТЕРАН фикрлашга у қадар эҳтиёж сезмаяпти. Шунинг учун олимнинг юқоридаги фикрига бугун кимдир қўшилиши, кимдир қўшилмай “Бундай қарашлар энди ўз аҳамиятини йўқотди”, дейиши ҳам мумкин. Замонавий техника воситалари, иш ва турмуш шароитидаги ҳузурбахш қулайликлар ялқовликни юзага келтирмоқда. Ялқовлик фақат вужудимизга хос эмас. Вужуд ялқовлиги фикрлаш ялқовлигидан бошланади.
Баъзи мулоҳазаларимизга эътироз билдириб, чуқур фикр юритиш давом этаётган эканки, тараққиётда ҳозирги натижаларга эришилди, дея қатор мисоллар келтиришингиз, бугунги кунни ўтмиш билан қиёслашингиз мумкин. Сиз ҳақсиз! Шубҳасиз XX аср бошидаги тараққиёт кўрсаткичларини, айтайлик, ХV аср, ҳатто ХХ аср аввали билан таққослаганда ҳам жуда кўп соҳаларда, таъбир жоиз бўлса, ер билан осмонча фарқни кўриш мумкин. Лекин тараққиётнинг ҳозирги даражаси, фикримча, кўп ҳам ҳайратланарли эмас. Масалан, тиббиёт соҳасидаги беқиёс ютуқларни асло инкор этмаган ҳолда, бир қанча касалликларга ҳанузга қадар самарали даво чоралари топилмаганлиги илмий тафаккур кўлами ва ривожи қай ҳолатда эканлигини кўрсатади, деб ўйлайман.
Хуллас, ҳар бир давр кишиларнинг фикру дунёқарашига ўз таъсирини кўрсатади. Шу аснода одамлар жамиятни такомиллаштиришга интилаверадилар. Тафаккур тирик экан, замин айланишдан тўхтамай, “қуёш фалакда кезиб юраркан”, тараққиёт тўхтамайди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 23-сонидан олинди.