Раҳмонқул Орзибеков, Дилором Салоҳий. Нуктадон адабиётшунос (2007)

Шарқона маърифат зиёсидан мунаввар бир хонадонда таваллуд топган Қобилжон Тоҳиров ўтган аср 60-йилларининг бошларидаёқ ўзбек адабиётшунослигининг умидли ёшларидан бири сифатида кўзга ташланди. У ўз даври фанининг долзарб масалаларидан бўлмиш туркий халқларнинг адабий алоқалари, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бобурийлар, Ҳиндистонда Бобур яратган адабий муҳит намоёндалари, хусусан, Байрамхон ижоди, йирик ўзбек ёзувчи ва шоирлари Абулғози Баҳодирхон, Сўфи Оллоёр, Бобораҳим Машраб ижоди ҳақидаги мақолалари билан илмий жамоатчилик эътиборини тортди.
Қ.Тоҳировнинг ҳассос шоир Андалиб ижоди тадқиқига бағишланган номзодлик диссертацияси ҳамда “Октябрдан аввалги ўзбек-туркман адабий алоқалари проблемасига доир” номли монографиясида бой адабий анъаналарга эга бўлган ўзбек ва туркман халқлари орасидаги қадимий алоқалар тарихи, ижодий ҳамкорлик ва ўзаро таъсирнинг ўрни ёритиб берилади.
Китобда фақат ўзбек ва туркман адабиётларидаги лирик шеърият намуналари ҳақидагина эмас, балки XV — XX асрларда яратилган қиссалар, уларнинг вужудга келиши ва ҳар иккала халқ адабиётлари тарихида тутган ўрнига доир қизиқарли мулоҳазалар баён этилади. XV – XV асрлар ўзбек ва туркман адабий алоқаларининг янги муҳим босқичи сифатида баҳоланар экан, қимматли тарихий маълумотлар асосида қай тариқа туркий тамаддун Олтин Ўрда ва унинг йирик маданий марказларидан бири — Хоразмдан Мовароуннаҳр ва Хуросонга кўчганлиги ҳикоя қилинади. Бу жараён туркий адабий тилнинг юксак тараққиёт босқичига кўтарилиши ва бир қанча истеъдодли шоирларнинг пайдо бўлиши Алишер Навоий даҳосининг юзага чиқиши учун зарур бир омил бўлди.
Қобилжон Тоҳировнинг эски қўлёзма манбаларни синчковлик билан ўрганиб, фанга маълум этиши тадқиқотчининг шу илмий ишида ҳам кўзга ташланади. Олим қўлёзма манбаларни кўздан кечирар экан, “ўзбек ва туркман классик адабиётларининг ўзаро алоқасини кучайтирган, ҳар иккала адабиётнинг иккала халқ орасида ҳам бирдай ёйилиши ва шуҳрат топишига сабаб бўлган омиллардан бири ўтмиш қўлёзма баёз ва турли тўпламларда ўзбек ва туркман шоирлари асарларининг кўпинча ёнма-ён кўчирилганлигидир”, деган хулосага келади.
Адабиётшуноснинг илмий таҳлиллари, шарҳлари, изоҳлари натижасида улуғ Навоий “Тарихи мулуки Ажам” асарининг мукаммал нашри амалга оширилди. Олим ҳар бир сўзнинг маъносини теран тушунади, ҳар бир сўзнинг матнда тутган ўрни, вазифасини аниқлаб, мантиқий хулоса чиқаришга ҳаракат қилади. Қ.Тоҳиров “Садди Искандарий” достони илмий-танқидий матнини яратиш борасида ҳам анча заҳмат чекди.
Абулғози Баҳодирхоннинг “Шажараи тарокима” асарини нашр эттирар экан, у аниқ илмий фактларга асосланган, ортиқча тафсилот, тавсиф ва пафосдан холи соф илмий услубни танлайди. Китобнинг сарлавҳасидаёқ ишнинг мазмунини шарҳлаб қўяди: “Тадқиқот, матн, луғат”.
Эски ўзбек тили, адабиёти ва маданиятининг билимдони Қ.Тоҳиров ўз асарларида тарих соҳасида ҳам мулоҳазакорлиги ва билимдонлигини намоён этади. У кўп жилдли “Ўзбек адабиёти тарихи”нинг фаол муаллифларидан биридир.
Олим кейинги йиллари ўзбек адабиёти тарихининг энг қадимги даврларидан XV асрларга қадар бўлган даврига оид бир неча ўқув қўлланмалари ёзиб, нашр эттирди.
Унинг табиатидаги одамийлик, камтарлик ва хайриҳоҳлик хислатлари ёш олимлар учун ибратдир. Шу жиҳатдан устознинг юқори малакали филолог мутахассислар, илмий кадрлар тайёрлаш соҳасидаги жонкуярлиги диққатга сазовор.
Кейинги 50 йил мобайнида Ўзбекистонда етишган бир қанча адабиётшунослар ишларининг рўёбга чиқишида олимнинг самимий кўмаги катта бўлди. У Самарқанд давлат университетида етишиб чиққан ёш адабиётшуносларнинг кўпчилигига илмий раҳбар ёки расмий оппонентлик қилди. Филология фанлари номзодлари — Фазлиддин Равшанов, Усмонжон Қобилов, Гулбаҳор Раҳимова;; аспирант Саодат Йўлдошева, магистр Шаҳноза Ғаффорова каби иқтидорли ёшлар Қ.Тоҳировнинг шогирдларидир.
Яхши одам ҳақида гапирилса, сўз ҳам тугамас экан. Устоз Қобилжон Тоҳиров илмлари айни етилган паллада биз билан бирга ҳамкор, ҳамнафас, мададкор бўлиб турибдилар. Аммо ҳамон юзларида чиройли табассум билан кўзларини ерга қадаб, беҳашмат камтарона одим ташлайдилар.
Етук олим, фан заҳматкаши, ажойиб инсон Қобилжон Тоҳировни табаррук етмиш йиллиги кунларида самимий қутлаб, ўзи ва аҳли оиласига янги-янги илмий, ижодий муваффақиятлар, соғлиқ-омонлик, осуда ва баракотли ҳаёт тилаймиз.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 42-сонидан олинди.