Абулғозийхон “Шажарайи турк” асарида ўзининг Эронда кечган ўн йиллик ҳаёти ҳақида жуда кам маълумот беради. Акаси Асфандиёр бухоролик ўзбекларни Орол бўйига кўчириб олиб бориб, туркманларни ерсиз қолдиргани айби билан уни ушлатиб, эронликларга топшириш учун аввал Обивардга, кейин Ҳамадонга шоҳ Сафий (1629 йил, март — 1643 йил, феврал) олдига элтгани ва Исфаҳон шаҳрида ўн йил тутқунликда туриб, сўнг зўр ҳийла ва тадбирлар билан Эрондан қочгани ҳақида қисқагина ҳикоя қилади, холос. Ҳатто бу воқеалар санаси ҳам қайд этилмаган. Кейинги тадқиқотлар шуни кўрсатдики, Абулғозийхон даврида ёзилган бошқа бир ёзма манбада Абулғозийхоннинг сафавийлар қўлига гаров сифатида топширилишининг бошқа бир сабаби ҳам борлиги айтилган: унинг Ҳамадонда шоҳ Сафий билан учрашиши тасвирланган ва Исфаҳондаги ҳаётига доир кичик бир лавҳа ҳавола қилинган экан. Аниқроғи, бу маълумотлар бизгача 1629 йил март ойида ўша йили вафот этган бобоси Шоҳ Аббос Биринчи (Мозий) ўрнига тахтга ўтирган асли номи Сом Мирзо, лекин марҳум отаси Сафи Мирзо ҳурмати учун ўзини “Шоҳ Сафий” деб атаган сафавий ҳукмдор ҳаётига бағишлаб битилган Муҳаммад Маъсум бин Хожагий Исфаҳонийнинг “Хулосат ус-сиййар” китобида етиб келган. Асарнинг “1038 йил (1629 йил)” бобидаги “Марв, Нисо, Обивард ва Хуросон мулкларида рўй берган воқеалар ва Урганж ҳокими Асфандиёрнинг Марв устига бостириб келгани ва унинг укаси Абулғозийнинг Нисо ва Обивардда мағлуб бўлгани зикри” мақоласида Абулғозийнинг акаси Асфандиёр томонидан ушлаб, сафавийлар қўлига топширилганининг бошқача талқини, аниқроғи, Абулғозийхон биографияси тўғрисидаги тасаввуримизни бойитадиган қўшимча фактлар ҳавола этилган. “Шажарайи турк” ва бошқа тарихга оид манбалар орқали биламизки, Абдуллахон Иккинчининг 1593-, 1594- ва 1596-йиллари Хоразмга босқини пайти Абулғозийхоннинг бобоси Ҳожимхон ўғиллари ҳамда бир неча невараси билан Шоҳ Аббос ёнига қочиб борадилар. Абдуллахон ва ўғли Абдулмўминхон ўлгач (1598 йил), Шоҳ Аббос ёрдамида яна Хоразмни эгаллайдилар. Мазкур китобда келтирилишича, сафавийларнинг шунча яхшилигига қарамай, Асфандиёр бин Арабмуҳаммад бин Ҳожимхон 1629 йил июн — июлида сафавийларга қарашли Марв вилояти ва қалъасини қўлга киритиш учун юриш қилади. Аммо енгилиб, зўрға қочиб қутулади. Ўша чоғда укаси Абулғози султон ҳам Нисо, Обивард ва Дурун вилоятларининг сунний мазҳабидаги аҳолиси илтимосига кўра, Нисо ва Дурун қалъасини ўз тасарруфига киритади. Лекин Машҳад ҳокими Манучеҳрхон зудлик билан унга қарши жангга отланиб, Абулғозийхон устига бостириб келади ва улар ўртасида Нисо ёнида катта уруш бўлади. Сафавийлар қўшинига тоб беролмаган Абулғозийхон ярим тунда жанг майдонини ташлаб, орқага чекинади. Муаллиф сўзига қараганда, шу урушда мағрур ва ўз кучига ишонган Абулғозий султон ўзининг 3-4 минг аскаридан жудо бўлади: уларнинг бир қисми асир олинади, бир қисми жангда ўлдирилади ва ярадор қилинади. Ғолиб чиққан Машҳад ҳокими асирларни ва ўлжани шоҳ олдига олиб кетади. Сал ўтмай ўз ишидан пушаймон бўлган Асфандиёрхон “Бу ишларни укам Абулғозий султон гапига учиб қилдим, ақлсиз ва нодон бу укамни унинг айби учун жазолашингиз ва менинг узримни қабул этиб, бундан кейин бизга ибрат дарси бўлиши учун банди қилиб олдингизга юбордим” дея, шоҳ олдига қимматбаҳо совғалар билан Абулғозий султонни жўнатади. Абулғози султон 1629 йил март ойининг бошида Ҳамадон шаҳрида Шоҳ Сафий қароргоҳига келади. Шоҳ уни жуда меҳрибонлик ва сийловлар билан қарши олади, айбларини кечириб, бир неча кундан сўнг меҳмондорлик тугагач, Абулғозий султонга ҳеч нарсадан камчилик сездирмай хизматида туриши учун махсус одам тайинлаб, ҳурмат билан Исфаҳонга кузатади. Ўзи кўнгилочар ов сари отланади.
Абулғозий султон ҳақидаги яна бир кичик хабар эса китобнинг 1637 йил 21 мартидаги воқелар баёнидаги қисмда келади: ”Ҳижрий 1046 йил 23 шавволида пойтахт Исфаҳонда Наврўз байрамини нишонлаш учун бу бахт тантанаси чоғи базмни безасинлар, дея муҳташам саройга Ҳиндистондан келган элчи Сафдархон, Одилшоҳ элчиси ва Урганж ҳокими Абулғозий султонни чорладилар. Наврўз байрами жуда чиройли бир тарзда ўтди”.
Ундан ташқари, яна иккита хабар Асфандиёрхон томонидан Шоҳ Сафий ҳузурига келган элчилар ҳақида. Улардан биринчиси ҳижрий 1040 йил 25 муҳаррами(1631 йил 18 октябри)да содир бўлгани тўғрисидадир. Ўша куни шоҳ олдига Русдан ва Хоразмдан Асфандиёрхон элчилари келади. Улар Исфаҳонда шоҳга 17 дона шунқор (лочин), олмахон терисидан бир неча пўстин ва ўймакорлик билан ишланган олтин пиёлалар, балиқ тишлари ҳамда ўз вилоятларида ишланган бошқа турдаги амалий санъат намуналари, табиат неъматларини тортиқ қиладилар.
Асфандиёр (1643 йил) элчисининг келгани иккинчи марта ҳижрий 1050 (1640 — 41) йил воқеалари ичида тилга олинади. Айтилишича, Урганж волийси Асфандиёрхоннинг элчиси хоннинг номаси ва совғаларини олиб келган. Бу пайтда ҳам Абулғозийхон Исфаҳонда сургунда эди.
Кўрганимиздек, Абулғозийнинг сафавийлар қўлига тушиб қолишининг сабаблари икки хил бўлган. Аммо, маълумки, мақсад битта — Асфандиёр укасини кўздан йироққа узоқ муддатга бадарға қилиб, тожу тахт учун бўлажак хавф эҳтимолидан қутулиш. Шоҳ ҳам Абулғозийни “Султон суягини хўрламас” деганларидек, яхши қабул қилган ва унинг айбларини кечирган. Аммо Асфандиёр нега сафавийлар олдида бунчалик “хижолат”га тушди, одатда ер-мулк мақсадидаги курашда ҳукмдорлар бир-бирига ён босмайдилар-ку. Асфандиёр ўлгунига қадар сафавийларга қарши чиқмайди, юқоридаги элчи жўнатишлардан ҳам шу факт аён бўлмоқда. Бу масалада Асфандиёрнинг, барибир, сафавийларга нисбатан қилган “кўрнамаклиги” учун чин кўнгилдан ўзр сўраб, пушаймон бўлгани бизга номаълум бўлиб қолаверади. Бироқ шу ўринда, тарихда кечган айрим воқеаларни эслаб ўтиш жоиз кўринади. Асфандиёр ота бир, она бошқа укалари Ҳабаш ва Элбарс султонлардан енгилиб, 1622 йили Эронга қочиб, сафавийлардан бошпана топади; Абулғозий султон Бухорога Имомқулихон ҳузурига боради. Зеро, Ҳабаш ва Элбарс ўз отаси Арабмуҳаммад бин Ҳожимхоннинг кўзини ўйдириб, тахтни эгаллаш учун бошқа ака-укаларига қарши кураш олиб бормоқда эдилар. 1624 йили Асфандиёр қайтиб келиб, жангда Элбарс ва Ҳабаш султонларни енгади. Элбарс ҳалок бўлади, Ҳабаш қочади; Бухорога кетиб қолган Абулғозий ва Шариф Муҳаммад султонлар ҳам Хоразмга қайтиб келадилар. Сўнг эса, Хоразмдаги кўчманчи ўзбеклар султонлар ва туркманлар ўртасидаги тинимсиз низолардан безиб, парокандаликка юз тутадилар ва Бухоро, Туркистон томонларга кетадилар. Шунда Шариф Муҳаммад Бухорога Имомқулихон ёнига кетади. Абулғозий эса, дастлаб Туркистонда, кейин Тошкент ва Бухорода яшайди. Бироқ у ерларда тура олмай, юртига қайтади. Укаси ҳам келиб, кейин бу оға-инилар ўртасида кураш бошланади (бу воқеаларнинг бир қисмини юқорида ҳикоя қилдик). Асфандиёрнинг сафавийлардан катта миннатдорлиги эса, 1593-, 1594-, 1596 йил ҳодисалари билан боғлиқ. Абулғозийхон хабарига қараганда, хоразмлик айрим султонлар ўзбошимчалик билан бир гал Абдуллахон олдига элчи бўлиб келиб, Хоразм орқали ўз юртига қайтиб кетаётган Туркия султони элчисини, яна бир гал бухоролик савдогарларни талайдилар. Савдогарлар қасос олишни сўраганларида, аввалига Абдуллахон: “Ҳожимхон мен каби мустақил бир подшоҳ, бунга ҳаққим йўқ, қолаверса, қариндошлик ҳурмати бор, дарров урушаверсак бўлмас”, дея иғвога учмайди. Лекин Марвни қўлга киритишдек жиддий масалада 1593 йили Хоразм устига юриш қилишга қарор қилади. Бу юришда Абдуллахонга Хожамқули қушбеги, Ҳасанхожа нақиб хўрд, Сархунбий ва Муҳаммад Боқийбий девонбеги, Самарқанд ҳокими Ҳожибий Отолиқ Дўрмон, Дўстимбий Арғун, Соғарж ҳокими Эшимбий каби таниқли саркардалар ҳамроҳлик қилиб келган эдилар. Ҳожимхон Нисони бухороликлардан қайтариб олиш учун Дурунга кетгани сабабли хоразмлик ўзбек султонлари “Абдуллахон ўз қариндошимиз, гуноҳкорлар ҳам Ҳожимхон олдига қочиб кетишди, хон юртнинг бир-икки туманида ўз одамини қўйгани билан ўзи қайтиб кетади”, деган фикрда урушишни лозим топмайдилар. Абдуллахон эса, бутун ўзбек элига оғир жарима солиғини солдиради, тўра ва султонлардан анчасини, жумладан, Араб Муҳаммад ва унинг ўғли Асфандиёр султонни ўзи билан Бухорога олиб кетади. Ҳожимхон иниси ва бир неча ўғли, набиралари билан Шоҳ Аббос ҳузурига кетиб у билан Қазвинда учрашади. Шоҳ Ҳожимхонни зўр ҳурмат билан кутиб олади. Улардан айримлари Туркиядан бошпана топадилар. Абдуллохон эса ўзи билан олиб келган Ҳожимхон авлодидан 30 нафарини бир кунда Соғаржда қатл эттиради.
Мутрибий Самарқандийнинг “Тазкират уш-шуаро” ва “Нусхайи зебоий Жаҳонгир” тазкираларида маълумот беришича, улар ичида Ҳожимхоннинг Раҳимий тахаллуси билан шеърлар ёзган ўғли Муҳаммад Раҳим султон ҳам бўлган. Бадриддин Кашмирийнинг жўйбор шайхлари ҳаётига доир “Равзат ур-ризвон” маноқибида Раҳимийнинг 1582 йили Саъд Акбар Жўйборийга бағишлаб ёзиб юборган ғазали ва унга эргашиб татаббуъ ёзган 500 нафар шоир, жумладан, Ҳасанхожа Нисорий шеърларидан намуналар берилган. (1990 йили “ЎзАС”да бу ҳақда ушбу сатрлар муаллифининг мақоласи эълон қилинган эди.)
Мутрибий “Тазкират ушшуаро”да шундай ёзади: “Шаҳидлик бахтини топган шаҳзода — худо уни раҳмат қилсин — Муҳаммад Раҳим султон бин Ҳожимхон Хоразмийнинг чиройли васфи ва гўзал зикри. Латифтабъ, покизамизож подшоҳзода эди. Баракатли вақтини ҳамиша илму фазилатлар касб этишга сарфларди. Настаълиқ…, тазҳиб ва тасвир…, наққошлик соҳасини эгаллаган эди. Шеър фанида ҳам маҳоратини намойиш этиб, ҳазрат махдумий Ҳасанхожа Нисорийга меҳр-муҳаббатини ғойибона тарзда пок дили даласига эккан ва доимо хат, совға-саломлар алмашиб туриш эшигини очиб қўйиб, ўзининг яхши шеърлари ва дилкаш назмларини хат йўллаш йўсини билан устозга юбориб турарди. 998 (1590) йили камина Бухорода пайтим “Лайли ва Мажнун” отлиғ бир китобни туркий тилда тасниф этиб ҳамда уни шариф қўли билан чиройли ёзувда битиб, тазҳиб ва тасвирини ундан ортиғини тасаввур қилиб бўлмайдиган санъат даражасига етказиб махдумий Нисорийнинг муборак мажлисига юборган ва бу китобни ўз кўзим билан кўрган эдим…”.
“Нусхайи зебоий Жаҳонгир”дан: “…Абдуллахон Ҳазорасп қалъасини қамал қилганда, бу подшоҳзодани лойиқ инъомлар билан алдаб, қалъадан ташқари чиқариб олибди ва кўп навозишлар қилиб, яна қалъа ичига юборибди, у эса бошқа ўн уч нафар шоҳзодани ҳам Абдуллахоннинг кўрунишига олиб чиқибди. Абдуллахон ҳаммасини кишанлаб, қалъани олибди. Фатҳдан сўнг барчасини Самарқандга олиб келди ва ул мазлум бечора подшоҳзодаларни Соғарж қасабасининг ташқарисида қатлға еткарди. Ҳозирги кунларимизда ҳам Соғаржнинг ташқарисида ўн тўртта қабр нишонаси бор, халқ уларни зиёрат этгач, фотиҳа ўқийдилар. Бу даҳшатли воқеани эшитиб, махдумий Ҳасанхожа Нисорий ҳазинлик изҳор қилиб, юзларига ёш томчиларини оқизиб,фотиҳа ўқиб шундай дегандилар:
Ҳар неку бадй ки дар шумор аст,
Чун дар нигарй, салоҳи кор аст.
(Мазмуни: Қазову қадардан етса гар яхши, гар ёмон, Ҳар қайғадир бир ҳикмат, билгил, бегумон.)”.
“Шажарайи турк”да ёзилишича, бу воқеалардан сўнг Ҳожимхон шоҳ ёрдамида 1594 йили яна бир марта юртини қайтариб олишга уринади, аммо Хоразмга етиб келган Абдуллахонга қарши туролмай, яна Шоҳ Аббос ҳузурига боради ва фақат, юқорида айтганимиздек, 1598 йили Хоразмга эга чиқадилар. Демак, ўзи ва отаси ўша қонли воқеада тирик қолган Асфандиёр cултон бобоси ва яқин қариндошларининг сафавийлар ёнига қочиб бориб, бунинг натижасида Ҳожимхон сулоласининг омон қолганини катта неъмат деб билган ва уни унутмасликни қиёмат қарз ўрнида тушунишга мажбур бўлган.
Хуллас, кўрганимиздек, “Хулосат ус-сиййар” асари бизга юртимиз ўтмиши ва халқимизнинг Абулғозийхондек машҳур сиймолари тақдири ҳақида ноёб маълумотлар берувчи манбалардандир. Ундаги Турон ҳукмдори Имомқулихон даврида Ўрта Осиёда рўй берган воқеалар, Имомқулихоннинг тахтдан воз кечиб, ёнида тоғаси Надр девонбеги ва оиласи билан ҳажга кетиш пайти Шоҳ Сафий вафот этиб, эндигина унинг ўрнига чиққан Шоҳ Аббос Иккинчи томонидан жуда тантанали равишда кутиб олиниши тўғрисидаги материаллар ҳам мутахассислар эътиборини жалб этиши аниқ.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 32-сонидан олинди.