Носир Фозилов. Таъзим (2007)

Мен бу одамни оддийгина Ҳамид Ғулом пайтида таниб, кейинчалик Ҳамид Убайдуллаевич бўлган кезларида бирга ишлашиш бахтига муяссар бўлганларданман. Бундай деётганимнинг сабаблари бор…
Эллигинчи йилларнинг бошларида бўлса керак, қўлимга бир журнал тушиб қолди. Бундоқ варақлаб қарасам, шу Ҳамид акамизнинг “Олмос қизи” номли қиссаси чоп этилган экан. Бир зарб билан ўқиб чиқдим. Бу асарни ҳозир негадир кам эслашади. Қисса менга ўша пайтда жуда ёққан эди. Ҳатто кўнглимда шундай асар ёзиш ҳавасини уйғотган ҳам эди. Меaнинг ёзув-чизувларим ўша пайтларда бошланганини мамнуният билан эслайман. Ундан сўнг қўлимга Парда Турсуннинг “Ўқитувчининг йўли” асари тушди. Бу асарни ҳам зўр иштиёқ билан ўқиб чиққанман. Эндигина қишлоқдан келган, бадииятга кўзи оч ўсмирлар эмасмизми, у кезларда нимани қандай ўқиш, қачон ўқишнинг ҳадисини олмагандик. Менинг айтмоқчи бўлганим, бу асар ҳам Ҳамид аканинг таҳририда чоп этилган бўлиб, ўша пайтларда муҳаррир, назаримда, муаллифдан кам одам эмасди. Мен ҳам нашриётларда ишласам, таҳрир қилган китобларим охирига муҳаррир фалончи деб имзо чексам, деб орзу қилардим. Фаришталар омин деган эканми, кейинчалик бу орзулар ҳам амалга ошди…
Талабалик давримда камина тез-тез Ёзувчилар уюшмасига бориб турардим. Мақсадим, бирор нарса ололмасам ҳам, таниқли адибларни узоқдан бўлса-да кўриш эди. Уларга ҳавас қилар эдим. Ҳамид акага ўшанда узоқдан қараб, худди одам кўрмагандай томоша қилганман. У қадди-қомати келишган, башанг кийинадиган, нутқи ниҳоятда равон, ҳамиша кулиб турадиган ёқимтой киши эди. Тақдир тақозоси билан кейинчалик, ўқишни тугатганимдан сўнг аста-секин у билан яқинлаша бошладим: ўша пайтда мен “Гулхан” журналида ишлай бошлаган эдим. Биринчи қаламимни қозоқ адибларининг асарларини таржима қилишдан бошладим. 1950 йилнинг ўрталари эди. Бу вақтда мен Собит Муқоновнинг “Ҳаёт мактаби”, Ғабиден Мустафиннинг “Қарағанда” романларини таржима қилиб, уюшмадаги баъзи акаларимизнинг назарларига тушиб улгурган эдим. Ҳамид акамиз уюшманинг иккинчи котиби бўлиб ишларди. Ўша пайтда Қозоғистонда ўзбек адабиёти ва санъати ўн кунлиги ўтадиган бўлиб, шу баҳона севимли адибим Ҳамид ака билан апоқ-чапоқ бўлиб кетдик. У ниҳоятда ширинсухан, бизга ўхшаган яхши сўз гадоси бўлиб юрган ёшларнинг гапларини, илтимосларини рад этмайдиган инсон эди.
Қозоғистонда бўладиган Адабиёт ва санъат ўн кунлигига тайёргарлик ишлари қизигандан қизиб кетди. Камина эндигина ўқишни тугатиб, кўрсат ишингни, деб кўкрагига муштлаб юрган пайтларим эмасми, енг шимариб ишга тушиб кетдим. Уни қил, буни қил, бориб кел, олиб кел, деган ишларга жуда чаққон эдим. Ўша кезларда Олмаота билан Тошкент ораси мен учун бир қадам бўлиб қолган эди. Ҳозир эсласам юракларим орқага тортиб кетади. Ўша йиллари Ҳамид аканинг илтимоси билан олтита китоб таржима қилибман. Собит Муқоновнинг “Чўпон бола”, Қоратоев ва Брагинларнинг “Қўшиқ қанотида” номли туркум адабий мақолалари, “Қозоқ ҳикоялари” деган ном билан қозоқ адибларининг ҳикоялар антологияси ва ҳоказолар…
Ҳамид ака декадага тайёргарлик ишларининг бориши ҳақида ахборот бераётган эди, раҳбарлардан бири бош чайқаб:
— Бўлаётган ишлар ёмон эмас-ку, аммо йирик асарлар йўғ-у, — деди норози оҳангда. — Ғабит Мусреповнинг “Қозоқ солдати” романи нега рўйхатларингда йўқ? Ўша асарни таржима қилиш керак. Бўлмаса декадага боришимиздан ҳеч қандай маъно йўқ.
Ҳамма жим бўлиб қолди. Ҳамид ака шартта жавоб қилиб юбордилар:
— Таржима бўлади!
Нимага ва кимга ишониб шундай дедилар? Декадага атиги икки ой қолган бўлса. Рўмон оз эмас, кўп эмас — 23 босма табоқ! Бу жисмонан улгуриб бўлмайдиган иш. Марказий қўмитадан чиққанимиздан сўнг:
— Носирхон, — деди Ҳамид ака. Одатда бир иш буюрадиган бўлса исмимга “хон” қўшиб, эркалаб гапирарди у киши. Албатта, мени кўндириш, ийдириш, шу ишга рағбатлантириш учун шундай қилаётганини сезиб турардим. Шунақа бўлиб чиқди. — Энди белни маҳкам боғлайсиз. Қилинглар, дейилдими, шу ишни қилишимиз керак.
Бунинг устига Ғабит оға Ҳамид аканинг қадрдон дўсти. Улар Москвада, Олий адабиёт курсида бирга ўқишган эди. Шундай бўлса ҳам:
— Улгуриб бўлмайди, Ҳамид ака, — деб минғирлай бошлаган эдим, у киши гапимни бўлиб ташлади:
— Ҳамма шароитни яратиб берамиз, машинистка дейсизми, пул дейсизми… Конвеер усулида ишлаймиз. Сиз таржима қилаверасиз, ҳар куни курьер уйингизга бориб, битганини олиб келади, муҳаррир бир чеккадан таҳрир қилиб, пешма-пеш кўчиртираверади.
Худди шундай бўлди. 23 босма табоқ рўмон атиги ўн тўққиз кунда таржима қилиб бўлинди ва босмахонага жўнатилди.
Бу бахтми ё омадми, билмадим, йиллар ўтиб, Ҳамид ака “Шарқ юлдузи”га бош муҳаррир бўлиб келдилар-у, бирга ишлай бошладик. У киши ниҳоятда интизомни яхши кўрадиган, ҳаммадан шуни талаб қиладиган одам эди. Мен “Шарқ юлдузи”да йигирма беш йиллар чамаси ишлаган бўлсам, шунинг беш-олти йилини Ҳамид ака билан бирга ўтказдим. Бу йиллар ўзбек адабиёти гуркираб ривожланиб турган пайти, таҳририятга қарийб ҳар ўн кунда битта йирик асар келар эди. Уни синчиклаб ўқиб, фикр айтиш таҳририят ходимлари зиммасида.
Ҳамид ака муҳаррирлик қилган йилларда журналнинг нуфузи ошди. Уни бежизга ўзбек адабиётининг “қора қозони”, деб аташмасди. Ҳақиқатан ҳам бу қозонда қанчадан-қанча асарлар пишиб, етилиб чиқмади дейсиз! Ўҳ-ҳў! Журналда чоп этилган асарларни нашриётлар “ғинг” демай қабул қилиб олишарди. Қанчадан-қанча асарлар шу ердан парвоз қилиб, жаҳонга чиқиб, умум башариятнинг маънавий мулкига айланиб кетмади дейсиз! Ўша пайтда журналнинг адади 230-240 минг нусхага етиб, рекорд даражага чиққан, адиблар бу журналда чиқишни ўзларига фахр, деб билар эдилар.
Журналда шунча ишлаб, асарни зудлик билан ўқиб, ўз фикрини дадил ва ҳалол айта оладиган муҳаррирни биринчи кўришим. Нақ беш юз саҳифали рўмонларни бир кечада ўқиб келарди, десам балки ишонмассиз. Афсуски, худди шундай эди. Бошқалардан ҳам шу жадалликни талаб қиларди.
Умуман, мен шу йиллар ичида беш-олтита муҳаррир билан бирга ишлаган бўлсам, булар орасида Асқад Мухтор ва Ҳамид акачалик ишга масъулият билан ёндашадиганлари камдан-кам топиларди.
Ўша пайтларда биз — таҳририят ходимлари худди “Пахтакор” футбол командасининг дарвозабонидек ҳушёр эдик. Яхши асар келса, бутун жамоамиз билан хурсанд бўлардик. Ночор асар келса, ишонтирарли далиллар билан маслаҳат бериб қайтарардик. Тўғрисини айтиш керак: журналга келган муаллифлар орасида аввал юқоридан сим қоқтириб, сўнг қўлёзмасини олиб келадиган амалдорлар ҳам бўлар, баъзан улар олдида ночор қолган пайтларимиз ҳам бўлган. Начора! Биз муҳарриримизга, муҳаррир эса бизга қаттиқ ишонарди. Ҳамид ака уч-тўрт йил илгари “Шарқ юлдузи” журналига берган бир суҳбатида: “Шарқ юлдузи”да биз Ваҳоб Рўзиматов, Ҳайдарали Ниёзов, Носир Фозиловлар билан бирга ишладик. Буларнинг ҳар бири ўзича бир забардаст муҳаррирлар эдилар”, деганида мана шуларни назарда тутган бўлсалар ажаб эмас.
Замонанинг зайли билан Ҳамид ака “Шарқ юлдузи” журнали муҳаррирлигидан бўшатилиб, Ғафур Ғулом нашриётига директор этиб тайинланди. Ўша ёққа ўтиши билан мени олдиларига чақириб: “Қани, Носирхон, наср бўлимини қўлингизга олинг!”, деди. Шу таклифнинг ўзи ҳам каминага бўлган ишонч эди. Ўтдим. Тағин бирга ишлай бошладик. Энди юмуш икки баробар, уч баробар ошди. Бош қашишга вақт бўлмай қолди. Кундан-кунга иш кўпая борди. Мен директорнинг олдига янги-янги таклифлар билан кирардим. Бирор-бир таклифимни қайтарганини, мени ноумид қилиб чиқарганини эслаёлмайман. Худди ўша кезларда бирон-бир каттароқ китоб чиқаролмай юрган ёшларнинг қўли китоб кўрди. Булар ичида Шукур Холмирзаев, Неъмат Аминов, Йўлдош Сулаймон, Жонрид Абдуллахонов, Самар Нуров, Саъдулла Сиёевларнинг залворли бир-бир жилдлик китоблари кетма-кет чиқа бошлади. Каминанинг икки жилдли сайланмаси ҳам ўша кезларда ёруғ кўрган эди. Ўзбек адибларининг энг янги рўмонлари серияси, энг яхши достонлари серияси, жаҳон адабиётининг энг сара асарлари серияси ҳам ўша пайтда чоп этила бошланди. Ўҳ-ҳў, айтаверсак гап кўп. Бирон марта ҳам қоғоз танқислиги, режада йўқ, деган важ-карсонлар сабаб қилиб кўрсатилмаган эди ўшанда. Ваҳоланки, ўша пайтларда ҳам нашриётларда қоғоз етишмасди, қатъий планлар мавжуд эди.
Мана шуларни назарда тутган бўлсам керак, радиодан бир йигитча келиб суҳбатлашганда, нашриётларимизнинг танг аҳволи ҳақида гапириб: “Ҳамма гап ўша нашриёт раҳбарининг қай даражада тадбиркор эканлигига боғлиқ. Мабодо нашриётга раҳбар топиш масаласи кун тартибига қўйилса, мен ҳеч иккиланмай Ҳамид Убайдуллаевичнинг номзодини кўрсатган бўлардим”, деб юборганимни ўзим ҳам пайқамай қолдим. Бу менинг Ҳамид акага ишончим, унга эътиқодим юзасидан дил-дилимдан чиққан гап эди.
Мен бугун Ҳамид аканинг баъзи ўзим билган инсоний фазилатлари ҳақида сўз юритдим. Ҳали ижоди шундайлигича турибди. Агар устознинг ёзганлари жамланса, залворли-залворли ўн жилд бўлади. Бу ҳақда олимларимиз батафсил айтишар, ёзишар. Мен эса бугун у кишининг самимий акалигига, меҳрибон устозлигига, жўшқин иқтидорига таъзим қиламан. У кишининг тадбиркор раҳбарлигига, ширинсухан оғалигига, бўлмайдиган ишларни бўлдирадиган, йўқни йўндирадиган таланти олдида таъзим қиламан ва умуман, ёшларга кўрсатган ғамхўрликлари олдида таъзим қиламан.
Илоҳо, ихлосмандларингизнинг Сизга бўлган меҳру муҳаббатлари нурга айланиб, ётган жойингизни чароғон айласин. Имон келтириб айтишим мумкинки, Ҳамид акажон, Сиз энди устозларингиз қолдирган битикларда, ўзингиз меҳр кўргизган шогирдларингизу укаларингизнинг миннатдорлик туйғулари ила йўғрилган порлоқ хотираларида мангу яшаяжаксиз.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 3-сонидан олинди.