Бу йил Беҳбудий таваллудига 130 йил тўлади. Бу ном шўролар замонида узоқ йиллар халқимиз хотирасидан ситиб чиқарилди, тилга олинмади. Тилга олинганида ҳам “миллатчи”, “халқ душмани”, “Ватан душмани” каби тавқи лаънатлар билан эсланди. Айрим совет олимлари эса уни жоҳилликда, маърифатсизликда айбладилар. Ҳолбуки, тарих тамом бошқа эди.
Мана айрим эътирофлар:
“Сиёсий, ижтимоий фаолияти ва билимининг кенглиги жиҳатидан Туркистоннинг ўша вақтдаги жадидларидан унга тенг келадигани йўқ деб ўйлайман” (Файзулла Хўжаев).
“Маҳмудхўжа Беҳбудий уйғониш даври ўзбек адабиётида биринчи ўринни олурға лойиқ зотдур” (Ҳожи Муин ибн Шукрулла).
“Туркистонда янги адабиёт майдонга келди. Бу мен учун кутилган ҳол эди… Туркистондаги янги адабиётнинг маркази, чамаси, Самарқанддир, ёш адибларнинг бош илҳомчиси деб эса Самарқандлик муфти Маҳмудхўжа Беҳбудийни эътироф этмоқ керак бўлади” (академик А.Н.Самойлович).
“Ўзбек миллий адабиётини бошлаб берган, унинг негиз тошини қўйган Беҳбудий билан Фитрат эди” (Зариф Баширий).
Бу эътирофларни узоқ давом эттириш мумкин.
Бу ном сиёсат дунёсида Бухоро амиридан Туркистон генерал-губернаторигача, ҳатто сўнгги оқподшо иккинчи Николайгача маълум эди. Уни Русия жадидчилик ҳаракатининг тан олинган раҳнамоси Исмоилбек Гаспралидан машҳур “Шўро” журнали муҳаррири Ризоиддин Фахриддингача, сибирлик ўзбек Қози Абдурашиддан Сорбонна университетида дарс берган Садри Мақсудийгача жуда яхши билар ва юксак қадрлар эдилар. Машҳур Заки Валидий Беҳбудийнинг 1917 йил апрелда Тошкентда бўлиб ўтган Туркистон мусулмонларининг 1-қурултойидаги нутқи ўлка зиёлиларининг фикрини миллий истиқлол томон буриб юборганини меҳр ва ихлос билан тилга олган эди.
У хиёнаткорона қатл қилинганида ўнлаб марсиялар ёзилди. Бу марсиялар биргина эътироф эмас, эътизор ва эътироз ҳам эди. Ватан ва Миллатнинг ўз улуғ фарзандини қадрлай олмаганлик, асрай олмаганлик эътизори эди. Ватан ва миллат фарзандларининг хиёнаткор замонга эътирози эди. Айримларини хотирга олайлик. Жумладан, Садриддин Айний ёзади:
Сани мундин буён Турон кўролурму, кўролмасму?
Санинг мислингни Туркистон тополурму, тополмасму?!
Сан, эй устоди олийшон, эдинг аъжубаи даврон,
Отингни тилга ҳар инсон, буюк ҳурмат-ла олмасму?!
Санинг тарихи давронинг, санинг осори ирфонинг,
Санинг номинг, санинг шонинг жаҳон қолдиқча қолмасму?!
Мана бу парча унинг Беҳбудий қатлгоҳига хитобан айтган шеъридан:
Бир дасти риё, дасти жафо, дасти хиёнат
Мумкинми сани айласа, кетдикча сиёсат?!
Йўқ, йўқ келур албат, келур албат,
Золимлари тард этмага, маҳв этмага навбат!
Эй қотила, эй фожира, эй фитнаи Турон!
Турон эли фитнанг ила бўлсунму паришон?!
Бир кун келур албат, ожизлара навбат…
Машҳур Фитрат унга бағишлаган шеърини “Беҳбудийнинг сағанасини изладим” деб сарлавҳалайди. Истибдодга қарата: “Отамнинг қабрини қай ерга ёшурдунг?! Бот сўйла!…” деб бонг уради.
“Белгисиз қабрингни қаро тунларда
Амалимнинг шамъин ёқиб изладим”, —
деб бошланарди Чўлпоннинг шеъри.
Беҳбудийни хоинона, пинҳона ўлдирдилар. Ҳаётининг ҳар бир сонияси халқининг назари, эътиборида келган шундай фарзандининг ўлими салкам бир йилин кейин маълум бўлди.
Бу 1920 йил эди. Миллатнинг “Миллат!” деган фарзандларини қайчилаб туришни қоида қилган совет ҳукумати риёкорликни ўрнига қўйди. Гўё халқ мотамига “шерик” бўлди. Беҳбудий номига кўчалар, мактаблар қўйди. Ҳатто у қатл этилган Қарши шаҳри 11 йил Беҳбудий номи билан аталди. Ҳолбуки, Туркистон Беҳбудийга мотам тутиб турган ўша 1920 йили яна бир машҳур жадидимиз, 1909 йили Лев Толстой билан хат ёзишган Убайдулла Асатиллахўжаев Москвада “чақув” билан қўлга олиниб, “Бутирка”га қамоққа ташланган эди. Бир йил ўтар-ўтмас, Тошкентда Мунавварқори қамоқда ўтириб чиқди. 1921 йили Фитрат ва унинг бир қатор сафдошлари масаласи РКП(б) МК Сиёсий бюросида кўрилиб, Сталиннинг бевосита кўрсатмаси билан Бухородан бадарға қилинган эдилар. Ҳатто Қаршига Беҳбудий номи берилган ўша 1926 йили Абдулла Қодирий қамалиб, Чўлпон ва Фитратга ҳужжат тайёрлаб қўйилган эди. 1931 йили эса, илк қатағонлар бошланди. Беҳбудий номи тобора кам тилга олина бошлади. Машъум 37-йили эса, тамоман хотирадан ўчирилди.
Бироқ уни қалблардан ўчириб бўлмади. Мустақилликни қўлга олишимиз билан “эсимизга тушган” биринчи маърифатчимиз Беҳбудий бўлди. Унинг эсимизга биринчилардан бўлиб тушишининг сабабларидан бири шуки, у кўтарган масалалар Ватан ва Халқ тақдири, миллатимизнинг ҳаёт-мамоти билан боғлиқ масалалар экан. Инсоният, умумий эмас, конкрет тушунча экан. У миллатлар қиёфасида намоён экан. Ҳар бир миллат жаҳон ҳамжамиятининг тенг ва тўлақонли аъзоси бўлмоғи учун тараққий топмоғи, ҳақини ажратиб олмоғи учун билим ва маърифатга эга бўлмоғи лозим экан.
Беҳбудийнинг бутун фаолияти ва ижоди шунга қаратилган эди.
Тақдир унга Туркистон жадидчилик ҳаракатининг раҳнамоси бўлишдек шараф ва масъулиятни насиб этди. Исмоилбек биринчи маротаба Самарқандга келиб, илк усули жадид мактаби очгач, бирга олиб келган шогирди Мажид Ғанизоданинг 40 кунлик дарсини кузатган ва ушбу ишга бел боғлаган 1893 йилда —фожиона ўлдирилган 1919 йилга қадар бўлган 26 йиллик фаолияти Ватан ва Миллатга хизмат қилишнинг бетимсол намунасидир.
Беҳбудий, биринчи навбатда, муаллим эди. Туркистондаги янги мактабларнинг назариётчиси ва амалиётчиси эди. У ўзининг қизғин ижодий ва амалий фаолияти билан миллат муаллими, Туркистоннинг маънавий раҳнамоларидан бири даражасига кўтарилди.
Беҳбудий буюк маърифатчи эди. Маърифат шунчаки бир илм-фан ва уни тарғиб қилиш-у, маърифатчи шуларни бажарувчи, дегани эмас. Тарих илм-фанни қойилмақом эгаллаган, лекин осмондаги чақиндай бесамар кетган ёхуд яшин бўлиб, обод ерни барбод этган ўнлаб, ҳатто юзлаб даҳоларни билади. Маърифат илм-фаннинг қалбларга берган зиёсидир. Бу зиё ёқувчи эмас, ёритувчидир.
Беҳбудий чинакам миллатпарвар эди. У ҳеч қачон ўз миллатини бошқа бир миллатга қарши қўймаган, аксинча, дунёдаги барча миллатларга, шу жумладан, Рус ва Оврўпо миллатларига меҳр ва муҳаббат билан қараган кенг фикрли маърифатчи эди. У тилни, шу жумладан, Оврўпо тилларини илм-фан калити деб ҳисоблади. “Икки эмас, тўрт тил лозим” деб чиқди. Ҳар бир туркистонлик ўз она тилидан ташқари форс, араб, рус, ҳатто франсуз тилини билмоғи керак, акс ҳолда дунё билан баробар яшаб бўлмайди, деган фикрда эди.
У миллат равнақи учун университетлар лозимлигини дил-дилдан ҳис қилди. 1918 йили Тошкентда очилган Туркистон мусулмон дорулфунунини чин юракдан табрик этди. Ўша йили Самарқандда унинг шўъбасини очиб, бугунги Миллий университетимизнинг майдонга келишида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди.
Беҳбудий тарихни тарбиянинг буюк воситаси деб билди. Миллий шуурни тарих шууридан, ўзликни танишни тарихни танишдан излади. Тарих билан боғловчи қадим анъаналаримизни маҳкам ушлади. “Қабиласининг исмини ва етти отасининг отини билмайдиганларни “қул” “марқуқ” дерлар”, деб ёзди. У миллатнинг шаънини ҳар нарсадан баланд тутди. Келгинди тўралар Туркистон халқининг қадим жаҳоний шуҳратини эслатиб турувчи номини тилга олишни ўзларига эп кўрмай, “сарти”,”туземци” деб атаганларида буни ҳақорат билди, матбуотда қизғин баҳслар уюштириб, миллат шаънини, ном-номусини ҳимоя қилди. Н.Остроумовнинг расман “фитначилик”, “сиёсий иғвогарлик” каби айбловларига қарамай, бошини гаровга қўйиб, миллатни ўз оти билан атамоқликларини талаб қилиб чиқди.
Жадидчиликнинг бош ғояларидан бири миллатни уйғотмоқ, уни янги турмушга тайёрламоқ эди. Бу дегани жаҳолат ва нодонликка, хурофот ва бидъатга қарши курашмоқ эди. Сўнгги тўрт асрлик таназзул ва, айниқса, рус истилоси туфайли ўзининг закийлик, шижоатлилик, тиришқоқлик, топағонлик, аҳиллик, меҳнатсеварлик, хушахлоқлик, айниқса, эрк ва билимга чанқоқлик каби аслий хусусиятларини йўқотиб, ўз-ўзини маҳв этиб бораётган миллатни уйғотиш, унга ўзлигини англатиш керак эди. Уни кундан-кун хор ва залил қилаётган “ким ўзарга” тўйлардан, ақидапарстликдан, “Маданият” ниқоби остида кириб келаётган “ваҳшийлик”дан сақламоқ керак эди. У ўзининг бутун онгли фаолиятини шунга қаратди. Шу йўлда қурбон бўлди. Лекин жисман маҳв этилган бўлса-да, унинг номи, миллатнинг нурли истиқболи йўлидаги беқиёс хизматлари бугунги ва келажак авлодлар қалбида мангу яшаяжакдир.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2005 йил 4-сонидан олинди.