РАСМ ЧИЗИШ УЧУН СЮЖЕТЛАР
-Балиқ, кимникисан? Хўжайининг ким?
Балиқ дер: – Ўзимман, сузиб сувлоқда.
Балиқчи сувга тўр ташлаган эди,
Мана, балиқ турар осиқ қармоқда.
Ана – балиқчини чизинг, марҳамат,
Балиқни қармоққа илинтирган мард.
-Балиқчи! Сен кимсан, хўжайининг ким?
-Мен ўзимман! – дея кўтарди у бош.
Бир амалдор келди: – Балиқ сотдингми?
Рухсатноманг қани? Тўладингми бож?
Ана – чиза қолинг, марҳамат, дўстим,
Балиқ еб ўтирган амалдор расмин.
-Амалдор! Айт, сенинг хўжайининг ким?
-Мен ўзимга бекман! – мағрур амалдор.
-Ўзингга бек?! – кулар раҳбари унинг
Ва ишдан ҳайдайди, тугар думини.
Ана – марҳамат, дўст, чизингиз қани
Ўша раҳбарчани, ҳоким кимсани.
-Эй, раҳбар! Сен – кимсан? Хўжайининг ким?
-Мен ўзим хўжайин! – у қувноқ кулар.
Хўжайин, аҳволинг нима бўларди,
Қўриқламасайди агар соқчилар?!
Ана – чиза қолинг, марҳамат, қани –
Соҳибин қўриқлаб турган аскарни.
-Эй, аскар! Сен – кимсан? Хўжайининг ким?
-Мен ўзимга эга! – у кулар қаҳ-қаҳ.
Ахир, сен ҳақ олиб ишлайсан, аскар,
Айтгин, сен кимлардан оладирсан ҳақ?
Ана – олинг рангни ва бўзни чўзинг,
Пулга қўл чўзётган аскарни чизинг.
-Пуллар-чи? Уларнинг соҳиблари ким?
-Биз ўзимизчамиз! – шиқирлар улар.
Аммо, аввал солиқларни йиғишар,
Мана, қай ердан келади пуллар.
Марҳамат, чизинглар қани уларни,
Аскарларга тўлаб берган пулларни.
-Эй, солиқ! Сен несан? Хўжайининг ким?
-Мен ўзимникиман! – кулади солиқ.
Йўқ, солиқ, сени биз тўлаймиз, ахир,
Меҳнатни қилади асли халойиқ.
Ана –энди бизни кулдириб чизинг,
Ғазнани солиққа тўлдириб чизинг.
-Мана, биз! Ким бизнинг асли эгамиз?
-Биз – бу биз! Эгамиз ўзимизга биз!
Лек бизники бўлар бутун бу олам,
Агар ўзлигини англаса одам!
Ана – бизни чизинг қани, марҳамат,
Аслимиз борича тасвирланг фақат…
Карим Баҳриев таржимаси