ҲАЁТ ЙЎЛИ
Тик кетган узун йўлак,
Чироқлар бедор.
Кўримсиз эшиклар тизилмиш қатор.
Йигирма иккинчи камерадир бу,
Ўғрининг кўнглидек эшиги қора.
Мен бунга ташланган бир жинояткор.
Бир сотқин судьянинг ҳатто ҳукми бор!
Ажалим эшикда,
Кутиб туради.
Эрталаб жаллодим олиб киради.
У мени дўстлардан жудо қилади.
Баҳорим юлдузин кўкдан юлади.
Алвидо, қоядан оққан ирмоқлар,
Алвидо, соф ҳаво,
Шифоли тоғлар!
Оғирдир сизлардан мангу айрилмоқ!
Қанчалик бу оғир бўлмасин, бироқ
Мен таслим бўлмайман,
Кутмайман шафқат.
Ҳаётим йўлидир курашмоқ фақат.
Тинчлик ва эрк учун бўлса гар керак,
Ҳамиша фидодир
Бу жон, бу юрак!
Шуҳрат таржимаси