Такахама Кёси (高浜 虚子) аксар япон шоирлари туғилган Сикоку оролида туғилган. 1891 йили у машҳур шоир Масаока Сики билан танишди ва унинг севимли шогирларидан бирига айланди. Кейинчалик Такахама хайку жанрида фаол ижод қилиб, Токиога кўчди. Хайкучи шоирлар журнали “Хототогису”ни (“Какку”) бошқарди.
БАҲОР
Қишлоғимиздаги қари мажнунтолни
Ёшартирди
Ниҳоят баҳор.
* * *
О, сукунат!
Борлиқ узра таралар
Булбул навоси.
* * *
Кўклам сувлари,
Дарё адоғида яшайдиган
Қизалоқ қошига меҳмон бўлмоққа келди.
* * *
Қайғу билан ғамгин боқиб турдим,
Ёмғир ёғишидан олдин
Қалдирғочлар бунча сарсон чаппар урганига.
* * *
О, қандай сукунат!
Савалайди баҳор ёмғири
Очилмаган ғунчаларни беаёв…
* * *
Кўклам селлари
Ўзи билан олиб келса
Наҳот қора зулматни?!.
* * *
Серғалва оломон тўпига
Саждагоҳнинг дарвозаси берк
Сукунатда гуллар олчалар.
КУЗ
Куз адоғига етмоқда.
Ойнинг тиниқ нурларида кўриб қолдим-ку
Меҳмоним нечоғлиқ қариб кетибди…
* * *
Ойнинг этагига ёпишганича
Узоқ-узоқ осилиб турди
Ёлғиз митти булутча.
* * *
Осмон гумбазида сузиб бораётган
Булутлар изидан
Бораман мен ҳам…
ҚИШ
Тез орада тинчиб қолади
Ёғоч кесувчилар болталари тоғда:
Қишки ёмғирлар мавсуми…
Русчадан Турсун Али таржималари
***
Қор оғирлигидан қийшайган
Оғилхона тамонда
Марайди сигир…
***
Гувиллаган совуқ шамолни ,
Кўксим билан қарши олиб .
Бир зумга унутдим қариганимни…
***
Мен бугун хар доимгидан ҳам ,
Қўпроқ ачиндим гулларга
Қиш шамолида
***
Баланд қоя тошлар аро
Кўринади мў‘жаз бир қишлоқ ,
Қишки қалтис йўллар .
***
Иккига айрилиб
Олисга чўзилар икки ип –
Дала сўқмоқлари
***
Хадемай жимиб қолар
Ўтинчилар болтаси тоғда ,
Кузги ёмғирлар…
***
Ухланг Токиоликлар !
Биринчи қиш ёмғири ёғар ,
Тунги жимликда
***
Ариқчани лойқалатиб ,
Дехқонлар шолғом ювар
Хафсала билан…
***
Қишки бўрон .
Фонарнинг хира нури ,
Акс этади пақир сувида
***
Мўрини очаман .
Қилт этмай осилиб турар ,
Кул устида мудроқ ўргимчак
***
Биринчи қиш ёмғири ,
Менинг юрагимда умрбод
Қолар энди у…
***
Жануб ёққа учиб ўтди қуш ,
Тумшуғида нимадир чўқиб .
Мева шекилли…
***
Мана , яна битта чинор новдаси ,
Яланғочланди…
Чор – атроф жим – жит.
***
Ўтинчилар қарар ,
Тоғлардан туриб ,
Водийларда қолган қорларга…
Холдор Вулқон таржимаси