Сумако Фукуда

ҚОР

Қор ёғади секин,, осуда,
Қор тўсади куннинг кўзини.
Оқ бинт каби ўрайди аста
Қора ернинг маъсум юзини…
Қип-яланғоч бутоқларда қор,
Симёғочу, ўтлоқларда қор,
Том бошида — ҳамма ёқда қор!

Касалхона саҳнида сакраб,
Ҳуркиб юрган чумчуқлар кетди.
Ташқарида қор ёғар фақат,
Қор ёғади узилмай кети.
Ичкарида қалб эзар ғурбат,
Бахти қора ҳаёт сурати…

Қор ёғади секин, осуда,
Қор тўсади куннинг кўзини.
Оқ бинт каби ўрайди аста
Қора ернинг маъсум юзини…
Қип-яланғоч бутоқларда қор,
Симёғочу ўтлоқларда қор,
Том бошида — ҳамма ёқда қор!

Фақат менинг юрагим ҳамон
Кул рангида,
Тутун рангида…

Шуҳрат таржимаси