***
Гуллаётган ўтлоқлар аро
Ўт – ўланли сўқмоқдан юриб
Келдим олис буғдойзорга
Ва дедим ўзимга ўзим ” Жим – житлик ! ”
Ўрдак ғақиллади менга жавобан…
***
Ярим кеча
Қуюқлашган туманлар аро
Сизар ёғдулар –
Ва сирғалган ой шуъласида
Гъира – шира жилваланар сув…
***
Ўрмон сайхонлигидаги
Сичқонли ўтлоқларда
Ўлтирдим узоқ
Тоғли ўлка билан хайирлашяпман .
Қайғули ва оғир бу юрак учун
***
Хира ёришмоқда тонг ,
Илиқ кўл сувларин буғлатиб .
Ва туманлар навбат ба навбат
Сузиб келар
Кўл устин қоплаб…
***
Чироқ шуъласига талпинганича
Тунги парвоналар айланар учиб ,
Уйда , мен билан ёнма – ён ,
Болаларим ухлар
Эски – тускиларга ўраниб , қотиб…
***
Ёмғир тинди .
Шундан бўлса керак ,
Хаво муздек ,
Гуруч қоғозининг қирғоқларида ,
Ёниб тугаётир ботиш шуъласи…
***
Тунги кўчалар ,
Сўнган куллар қуруми босган
Ўчоқ мўрисининг қирғоқларини
Қиров билан безайди
Изғирин аёз…
***
Узоқлардан ,
Тун қаъридан эшитилар
Тўлқинларнинг бўғиқ шовқини .
Дарахтлар сояси чўзилиб ётган
Ойдинда рақс тушар дехқонлар
***
Ёзаяпман , ёзаяпман ,
Қоронғи тушсада
Хатто чироқни ёқиш учун ҳам
Ўрнимдан тургим келмас
Ёлғиз қаршилайман оқшомни шундай…
***
Далаларда эриб кетди қор,
Қўнғир тупроқ ялонғочланди .
Ва осилиб турар ер узра
Ботаётган қуёш лаппаги
Кўриниши кичик ва совуқ…
Холдор Вулқон таржимаси.