Рёкан Тайгу (1758-1831)

Рёкан Тайгу (良寛大愚) (1758—1831) — япон ёзувчиси, шоир, файласуф, хаттот.

* * *

Ҳеч бир фикр
Қолмаганида
Ўрмонга қочаман
Ва қайтаман халтамни
Чўпон гулга тўлдириб.

* * *

Тарки дунё қилиб гар
Баланд тоғда яшасанг,
Кўкдаги тўлин ою
Гуллар ва куз япроғи
Қадрдон дўстдек бўлар.

* * *

Баъзан жимгина ўтириб,
Хазонлар шивирин тинглайман.
Ростдан ҳам роҳиб ҳаёти
Осуда, дунё ташвишидан холи.
Унда, нечун йиғлаяпман, мен?

* * *

Оқшом чоғи
Кулбамга кел.
Чирилдоқлар қўшиқ куйлаб беради.
Мен эса, сени ўрмон билан
Таништираман,
Ойдин тунда.

* * *

Эртанги кун, албатта,
Кўклам тонгги бўлажак.
Юрак гупиллаб урар.
Кўзга уйқу келмайди,
Эртага келар баҳор.

Русчадан Жаббор Эшонқул таржимаси

* * *

Бедана сайрайди
Ёниб…
Худди, тўрқовоққа тушмаган каби.

Рус тилидан Абду Наби таржимаси