Какиномото Хитомаро (柿本人麻呂, VII аср ўртаси – VIII аср бошида яшаган) — Япониянинг буюк шоирларидан бири. У — ўрта асрларнинг 36 нафар ўлмас шоирлари орасида биринчи ўринда туради.
* * *
Яшил либосларнинг товуши тинди.
О, нечун айтмадим ширин сўзларим
Уйдан чиқатуриб
Суюкли ёрга –
Ғамга тўлди бирдан кўзларим.
* * *
Камо тоғларининг тошлари
Болиш бўлган мен бечорани
Кутармикан умидлар билан
Аҳволимдан бехабар ёрим,
Суюклигим, дилдорим?
* * *
Қадим замонларда ҳам
Наҳотки, қайғурганлар,
Наҳотки, суюк ёрни
Соғиниб эслаганлар,
Узун тунлар ухламай, мендайин бўзлаганлар?
* * *
Тундай қора тулпорим
Шиддат-ла учиб ўтди –
Суйган ёрим яшаган қишлоқ ортимда қолди.
Кўкдаги булутлардай
У жойлар энди узоқ!
* * *
Куз тоғлари бағрида
Хазонлар сочар қайин.
О, хазонлар, хазонлар,
Тўкилмай туринг бирпас,
Охирги бор кўрайин дилдоримнинг уйини!
* * *
Бир пайтлар бизга ҳамроҳ бўлган кузги тўлин ой
Борлиқни ёритганча шуурини тўкади.
Ай,севикли азизам,
Сен ахир қаердасан, мунчалар узоқдасан,
Орамизда ойлар бор, орамизда йиллар бор!
* * *
Хикитэ тоғлари юксалган ёқда,
Фусумига элтар йўллар томонда
Суйган ёрим тарк этиб кетдим.
Мана, энди тоғларда, қор босган сўқмоқларда
Худди ўлган кишидай ҳиссиз, ғамсиз юрибман.
* * *
Қанчалар тикилмай, сира тўймайман!
Қанчалар гўзалсан, Ёсина томон
Мавжланиб оққан дарё…
Яна бир бор кўрай деб,
Қайтажакман қошингга.
* * *
Олисдаги овлоқ тоғларда
Узун думли тустовуқ мудрар.
Оҳ, унинг думи узун.
Худди шундай узун тунларда
Қачонгача ёлғиз ухлайман?
Хуршид Даврон таржималари