Цао Чжи (192-232)

Цао Чжи (曹植) (192-232) кўҳна хитой шоири. Шунингдек, у Чен Си-ван номи билан ҳам тилга олинган. Ўз даврининг энг таниқли шоири ҳисобланган. “Ло дарёсининг малаги” номли машҳур қасида муаллифи.
Цао Чжи туғилган оила Хитой тарихида “Уч Цао” номи билан ўчмас из қолдирган. Оила бошлиғи, шоирнинг отаси Цао Цао – машҳур лашкарбоши, ҳарбий санъатга оид асарлар муаллифи, Хан сулоласининг бош вазири бўлган. У Вей номи билан тарихда қолган императорлик сулоласи асосчиси ҳамдир. Цао Чжининг акаси Цао Пей эса ҳам буюк шоир эди. Шунингдек,Цао Пей отаси асос солган сулола тарихида Вей номи билан импреаторлик мақомига эришган биринчи шахс ҳисобланади.
Шоҳона ҳаёт ва юқори мансабларга қизиқмаган Цао Чжи акасининг қаҳрига учраб, узоқ йиллар сургунда яшайди. Айни шу сабабдан шоирнинг шеърларида она юрт соғинчи, мардлик ва матонат, муҳаббат ва садоқат бош мавзулар бўлган.

ҚЎШИҚ

Юксак минорда турарман танҳо,
Юртимни ўйларман чекканча нола.

Менга тамом ётдир бу сокин дарё,
Бу сукут чулғаган чеки йўқ дала.

Не қиларин билмас – қийналар ботир;
Худбин туйғуларга дил гўё асир.

Душманлар пайт пойлаб ётар қайдадир,
Жанг истаб товланар қўлимда шамшир.

Мен Тайшан тоғига кетарман жадал,
Қўрқув йўқ дилимда, фақат бор ғуссам.

Чинқириб юборар торлар – ўтмишнинг
Аччиқ кунларидан қўшиқлар айтсам.

ШИМОЛ ШАМОЛИ

1

Шимолдан бетиним шамол эсади –
Вей – пойтахтни эслаган чоғим.

Менга дай тулпори бўлса бас эди,
Қувиб етолмасди ўшанда ҳеч ким.

Жануб ёқдан шамол эсганда кеча,
Юртим ёғийларин эсладим бир он.

Юэй тулпорларин қувиб ўтганча,
Етардимдим ёғийлар сарҳади томон.

2

Йилда тўрт бор ўзгарар
Табиатнинг сурати.
Гоҳ қуёшу гоҳо ой
Чарақлайди осмонда.

Ҳижрон қисқа ва лекин
Узоқ ҳижрон ҳасрати:
Уч куз кечди орадан
Уч йил дарди бор жонда.

Сзюнга юбордилар
Номимга битиб фармон.
Ўша кунлар қизариб
Гуллар эди чечаклар.

Мана энди Юнтсюга
Пойқадамим етган он
Қор остида ётарди
Далалару кўчалар.

3

Оппоқ булут қўйнида
Тоғнинг юксак чўққиси.
Учардим осмон сари
Қоялар тошин ушлаб.

Гўё мен бўрон олиб
Учган ёвшангул иси.
Қиш ҳам ўтди охири,
Ёз ҳам қолди охирлаб.

Чўққига чиқмоқ ёки
Водийга тушиб бормоқ –
Қўлимдан келар иш, бу
Менга ҳеч қийин эмас.

Йўлда ҳамроҳ бўлганлар
Ёдимдан ўчмас, бироқ
Бундайларни кўрмадим,
Улар ҳеч дуч келганмас.

4

Мусиқа дилимни олиб кетади,
Мусиқа ғам чексам артар ёшимни.

Энг яқин дўст каби англаб етади,
Шамолга айланиб силар бошимни.

Гувлаган сувларга боққаним замон,
Кўзимнинг ўнгида юртим тирилар.

Шунда олисдаги ватаним томон,
Қайиққа тушганча интилгим келар.

Йўқотган тинчимни топиб беролар
Мусиқа бормикан бу дунё аро?

Дўстим деб аташга бирор одам йўқ,
Яшарман қайғуриб, яшарман танҳо.

Қайиққа ўтириб кетайин десам,
Нетайки, қайиқ йўқ, йўқдир дўстим ҳам.

* * *

Чао учун бу дунё
Бегона ва ёт эди.
Сюю эса бу дунё
Ўткинчи нарса дерди.

Мана бу савдогарга
Эса чақа берсанг, бас –
Кўрсатган одамингни
Бўғизлаши ҳеч гапмас.

ЕТТИ ҲАСРАТ

Ой шуъласи мавжланиб оқар,
Ёритганча танҳо минорни.

Минорадан бир аёл боқар,
Соғинганми у олис ёрни?

Сузиб юрар оғир булутлар…
“Кетганингга ўн ой ой бўлди, оҳ,

Якка ўзим ухлайман тунлар,
Кўзларимдан мўлтирар фироқ.

Дала йўлин чанги – бу сенсан,
Сув остига чўккан лой менман.

Сен юксакда, мен-чи, тубдаман,
Айтгил, қачон сени кўраман?

Бўлсам дейман жануб шамоли,
Сени кўрмоқ учун елурман.

Агар менга қучоқ очмасанг,
Унда кимга нола қилурман?

* * *

Печакгуллар ўстирдим тоғнинг
Ёнбошида – гуллаб яшнайди.

Улар кўкка томон юксалиб,
Йўлчиларга соя ташлайди.

Мен бегимга ёр бўлдим содиқ,
Дилим танҳо уники эди.

У ҳам мени жонидан ортиқ
Суяр эди, эркалар эди.

Ўша кунлар бир кўрпа ила
Ёпинардик ой балқиган дам,

Ажиб, турлим гуллар чекилган
Битта эди ёстиғимиз ҳам.

“Олу гули ҳақида қўшиқ”
Кечалари бизга жўр эди,

Чанг ҳам, уд ҳам чалардик – улар
Гўё ёлғиз битта тор эди.

Аммо, йиллар ўтди орадан
Яқинлашди оқшом ва зулмат

Ва ёримнинг дилин қаърида
Пайдо бўлди совуқ хусумат.

Туйғулар қор каби эриди,
Ерга сингди, йўқолди-йитди.

Юракда ҳам, айрилиқ дарди,
Пешонамга ғам ёзув битди.

Уйдан чиқиб ярим тунлари,
Пинҳон чиқиб ой балқиган он

Боғлар аро тентирайман жим,
Аввалгидек дилда жўшмас қон.

Инларида жуфт-жуфт бўлишиб
Жониворлар менга боқишар,

Шохлар аро инлар қуришиб,
Жуфт-жуфт бўлиб қушчалар яшар.

Япроқларни силайман ҳазин,
Кўкка учар юрагим мунгли.

Кўзёшларим артавергандан
Ҳўлдир шоҳи кўйлагим енги.

Ҳатто отлар мўлтираб боқар,
Улар огоҳ менинг дардимдан,

Кафтларимга тумшуғин ишқар,
Кишнаб қолар улар ортимдан.

Авваллари битта ҳовузда
Яшаган жуфт балиқ эдик биз,

Энди бўлса худди юлдуздай
Кўкда айри-айри турибмиз.

Топарманми ўша бахтимни
Юрагимнинг қатини титиб?

Мен ёлғизлик аро вақтимни
Ўтказурман ҳасратга ботиб.

Сирларингни осмонга айтсанг,
Дилинг бўшар, дейишар, ишон.

Фақат нетай, нетай-ки жуда
Мендан олис, йироқда осмон.

Хуршид Даврон таржималари