Гуань Ханьцин (1230-1300)

Гуань Ханьцин (анъанавий хитойчада: 關漢卿, соддалаштирилгани: 关汉卿, пиньиньда, яъни лотинчалаштирилган хитойчада: Guān Hànqīng) қадимий хитой адабиёти тарихида, энг аввало, цзацзюй  деб аталган драматик жанрга асос солган  драматург сифатида ном  қолдирган. Бизгача унинг 60 дан ортиқ асарининг номи етиб келган, улардан 18 таси сақланиб қолган. Шунингдек, унинг шеъриятда фаол ижод қилгани маълум. Унинг шеърлари илк марта ўзбек тилида эълон қилинмоқда.

ҚИЗ ҲАСРАТИ

I

Ёмғир тинди саҳарга яқин,
Қандай гўзал, ҳув, олис тоғлар.
Дарёларда бошланди тошқин,
Сув остига чўкди қайроқлар.

Мен минорда ўлтириб танҳо,
Олисларга боқарман тағин.
Минорадан тушарман*, аммо
Кундан-кун куз оқшоми ғамгин.
_________
Қадим  Хитой шеъриятида «минора» тушунчаси жангга ёки сафарга  кетган  эрини минорага чиқиб йўлга кўз тиккан, яъни кутаётган  аёл тимсоли билан чамбарчас боғлиқ.

II

Тирамоҳнинг бир кеч палласи,
Совуқ шамол учирар хазон.
Сўниб битган ёзнинг нафаси,
Сўнгги гуллар бўй сочар ларзон.

Пардаларни силкитар шамол,
Сирли ва бўш кундузги бу боғ.
Ёлғизлик ҳеч келмайди малол,
Ана, боғда куйлар чирилдоқ.

III

Нечун бунча чекарман қайғу?
Нечун ғамга ошёндир кўксим?
Мани танҳо ташлаб кетди у,
Шундан буён ёшлидир кўзим.

Қимматбаҳо тошдан ясалган
Хонтахтамни қоплаётир чанг.
Яшил рангли парда ортида
Кашта тикиб ўлтиргум дилтанг.

Билармисан, билакузугим
Тушганини синиб қўлимдан?
Билармисан, ёш тўкар кўзим?
Олурмисан хабар ҳолимдан?

IV

У қаерларда юрибди экан?
У кимларнинг белини қучди?
Мўъжазгина кўшкда ким билан
Қўшиқ айтиб, гулгун май ичди?
Қарғамайман, бари бир энди,
Ўтмиш ёди кўксимдан кечди.

Енгим ила тўсаман юзим,
Нетай, қайғу-ҳасратлар чексам?
Аламларим тарк этмас кўксим,
Кетарми деб алвон май ичсам…

Мен деворга сурат чизаман,
Кашта тикиш жонимга тегди.
Қачонлардир кеча-кундуз банд —
Кашта тўқиш эрмагим эди.
Нетай, севги келди тўсатдан
Ва тўсатдан мени тарк этди.

БАҲОР

Олисларда какку зор йиғлар,
Айрилиқда ўтди умримиз.
Мана яна кўкарди боғлар,
Аммо яна учрашмадик биз.

Қанча кунлар орадан ўтди,
Соғинч эса кундан-кун ёмон.
Мажнунтолдан оқ булдуруқлар
Тўкилару учар ер томон.

Ғозлар уйга қайтиб келдилар,
Улар сендан келтирмади хат.
Кўкда кўриб жуфт қалдирғочни
Кўзимдан ёш тўкилар беҳад.

ЁЗ

Маним дилим ранжитган ул мард
Олисларда юрар саргардон.
Наҳот қолур унда тоабад,
Наҳот отин бурмас юрт томон?

Соғинч абгор қилди кўксимни,
Боқавериб жануб томонга.
Салқинларда соғиниб  уни
Рангим ўхшаб қолди сомонга.

Энди ўсма чекмасман қошга,
Ҳолим ёмон — йўлга боқмасман.
Нетай, энди мен анор гулли
Тасманиям белга тақмасман*.
_______
* Қадимда Хитойда тўй кечаси куёв  келинга  тасма совға  қилиш одат бўлган.

* * *

Биз сен билан айрилдик, ёрим,
Дилдан кетди ором, фароғат.
Кетмас ўтган кунларнинг ёди
Ёдда ўша лаҳза, ўша вақт.

Енгим билан артаман кўзим,
Тиламайман ўзгадан шафқат.
Дарё оқар… Ўша тоғ турар,
Аммо бунда йўқсан сен фақат.

* * *

Кўк чорбоғда сайрар  қушчалар  маҳзун,
Деворга суяниб турар бир одам.
Унинг ўйи ғалтак ипидан узун,
Кўзлари ёшлидир, дилида алам.

* * *

Овлоқ, чекка қишлоқда
Паноҳ топдим оқшом чоғ.
Уйқу йўқ — дўст соғинчи
Дилимга санчар пичоқ.

Ташқарида ой порлар,
Дил яйрар, нур ичарман.
Қачон мен ҳам ой каби
Бахтга тўйиб яшарман.

Олисда, жануб ёқда
Мани ёдлар кишим бор —
Мени бир қиз кутади,
Йўлларимга боқиб зор.

* * *

Учрашмагай қақнуслар асло,
Қалдирғочу  зарғалдоқлар ҳам.
Ҳув, кўриниб турар бандаргоҳ,
Аммо сен, хўб йироқсан, эркам.
Қандай осон айрилиб кетмоқ.
Қандай қийин висолга етмоқ.

* * *

Ёлғизликда куярман,
Ёлғизликда куярман —
Сарой тегди кўнглимга.

Бизни айри этдилар,
Бизни айри этдилар,
Аммо сен ёр дилимга!

Осмондан ўтинарман,
Осмондан ўтинарман,
Қайтар дея элимга!

* * *

Бизни тангри ёр этган эди,
Икки гулдек —  энди бизлар ёт.
Ғам чекурман, қўлимда қадаҳ,
Тангри ҳукми шу бўлса наҳот?

Кўз ўнгимда, аммо жамолинг,
Юрагимда сийратинг ҳам бор
Ва тунлари, қора тунлари
Сен тушимга кирарсан, дилдор.

* * *

Маним ғамим минг ли* йўл қадар,
Жим юрсам-да уни ўйлардим.

Қачонлардир, ёстиғимга ой
Нури тушиб, ишқдан куйлардим.

Энди бўлса Янгуандаги
Ёрим қўмсаб ортади дардим.
_______
* Ли — масофа ўлчови

Хуршид Даврон таржималари