Нгуен Чай (Nguyễn Trãi) – атоқли шоир, давлат арбоби, Вьетнам халқининг миллий қаҳрамони. Нгуен Чай она юртини босқинчилардан озод қилган император Ле Лоянинг яқин дўсти ва маслаҳатчиси эди. Шоир халқни озодликка чорловчи шеърлари билан танилган.
* * *
Бунда пагодалар* кўп экан, талай,
Ана, яна бири кўрингай тоғда.
Оёғим тагида ғижирлайди Ой,
Бамбукзор оралаб дайдиган чоғда.
Бари ўтмиш! Терак, тағин шумтол ҳам,
Хризантемалар узра шивирлар қайин,
Бу ажиб сукунат олтиндан қиммат,
Кезаман ўхшашин асло топмайин.
___________
* Пагода – ибодатхона.
* * *
Оёқ изларидан ийланмиш тош ҳам,
Бамбукзор наридан гуллар бир дунё.
Маймун чинқириғи титратар тоғни,
Қуёш деразага боқар маҳлиё.
Ибодатхонамиз қуюқ нур тўла,
Зумрад сув мавжлари ёнар эшилиб.
Кўлда ўрдаклару тағин турналар,
Кошкийди барига кетсам қўшилиб.
* * *
Ошаймиз батата*, тағин жавдар ҳам,
Олхўри сояси – руҳга боп макон.
Бўрондаги сувдек талотум дунё,
Жимжитликка мени чорлар зимистон.
Нилуфарий базм, овлоқда заранг,
Теграсида шеърлар тинглайдир ҳилол.
Бунда маймунлар бор, турналар, қаранг,
Меҳмонга боқишар бегона мисол.
___________
* Батата – картошкасимон ўсимлик.
* * *
Оқшом кезинаман. Тиниқ нигоҳим,
Осмон қушларига таниш кенгликдир.
Дарахтлар поясин танийдир шамол,
Тоғлар чўққилари булутларга пир.
Ҳали ҳам тупроқ-чи, ўша-ўшадир,
Замин ўша-ўша, худди сув мисол.
Руҳимни фақат мен англаб етолмам,
Нимадир, ўйларим элар шу савол.
* * *
Қишлоқ оҳангида ўқийман шеърлар,
Оққан сув оқдию кетди, қайтмайди.
Ўтмиш кўздан йитмиш, борар йўлимда,
Не-не тўсиқлар-да изғийди дайди.
Бамбук дариғ қолмиш Ой нуридан, боқ,
Соясин оқизиб билмас шаршара.
Гулларнинг олтин ранг, кумуш жилваси,
Йўқотгандан насиб мерос-да, жўра!
* * *
Қаёққа қарама, ҳаммаёқда сув,
Дарё қайиқлари лангар измида.
Ой нурларин эрмак айлаб эшкаклар,
Юлдузлар эргашар елкан изидан.
Сув ҳам кўм-кўк гўё мушук кўзидек,
Ой нури қаърида оқармиш бошим.
Қаранг-да, турналар теграмда учар,
Оқчорлоқлар мудом энди йўлдошим.
ОҚ ҚАЙИН
Совуқ дарахтларга ўнгланмас хатар,
Оқ қайин бардошли барига фақат.
Тўсин излаганда бўлма кўп сарсон,
Оқ қайин метиндек, тортма машаққат!
БАМБУК
1
Навқирон толларда гуллабди роса,
Толларим, адл қаддинг шириндан-шакар.
Сен ҳақингда ҳамма жойда ҳангома,
Баркамол йигитдай мағрурсан магар!
2
Баркамол, эй йигит, шавкатинг юксак,
Дўстлар кўргай аслинг, хислатинг фақат.
Адл қаднинг ҳикматин билмас бир тентак,
Адллик илдизи бўлганида Адолат!
ШАФТОЛИ ГУЛЛАРИ
Шафтоли ҳар баҳор бурканар гулга,
Гўзаллигин сезиб уйғонадир Шарқ.
Хуш ифорин илғаб чорлайдир йўлга,
Шамол, шамол бизни айлаб ёзга ғарқ.
Ёз бўйи кетмасдир ўша хуш ифор,
Барига “гуноҳкор” кўклам бир куни.
Айғоқчилик айлар қушлар-да такрор,
Яратган-да кўкда баҳор мафтуни!
Рус тилидан Турсун Али таржимаси