Буй Сим Сим (1969)

Буй Сим Сим замонавий Вьетнам шоираларидан бири. Ханой давлат университетини тамомлаган. Бир қанча халқаро ва миллий мукофотларга сазовор бўлган. Ҳозирда пойтахт Ханойда яшаб ижод қилади. Шоиранинг китоблари мамлакатда энг кўп севиб ўқиладиган асарлардан ҳисобланади.

АННАГА АТАЛГАН ҲИСЛАР

Анна Каренина!
Эҳтимол, поездда турар эдинг сен,
Муҳаббат етиб келган самодан ерга?
Анна Каренина,
Соғинмайман сендай севишни,
Қийналишни қайта ва қайта.

Тирик қолишингни истадим жуда,
Қийноқ зарур бўлса,
гирдобга учаман
бошим билан мен.
О! Нозиккина Аннам!
Сен билан бормасдим биринчилардан,
Бу дунёда тирик қолмоғинг учун,
Ўчмаган, ўтмаган,
Қўрқинчли оловни изламоқ учун
Довдир ва қайноқ – муҳаббат,
Қуёш нурларидан тафтлироқ.
Фақат сокин эмас, фақат нооддий,
Ё Тангрим!
Совқотма, севгилим!
Мен ёниб, қовжираяпман!
Анна ахтарганди худди шу каби
Бир лаҳза бўлса-да тўйиб ичмоқни
Мен шу тахлит дуо қиламан!
Кўзин юмсин шунчаки ҳислар
Учқунларсиз, алангаларсиз.
Анна каби сени қайта-қайта излашдан
Толиқмасам ҳеч.
Абадий туйғу бу, абадий хархаша эмас
Тақдир бу – меники
Чорлар ярқироқ ҳис: муҳаббат.

УНУТ ВА ЭСЛА

Севиш учун эслаш етарли эмас,
Бегоналик учун унутиш шартмас.
Икки йўл оралаб изсиз излайман сени,
Бир томон энгашиб, қўйиб юбораман бошқа бирини.

Оқшом мавжланади кўкда юлдузлар,
Эшитилар шамолнинг нафис шивири.
Майсалар кўзларин майин юмишган,
Малаклар тушишар, илғамас кўкдан

Юраклар лиммо-лим муҳаббат билан
Тўлқинлар шовури – хотираларим,
Тўртта жаранглаган қатлам оралаб
Исмим айтиб чорласанг юрагим тошар.

Рус тилидан Гўзал Бегим таржимаси