Лайош Кашшак (1887-1967)

Венгриянинг таниқли шоир ва рассоми Лайош Кашшак (Kassák Lajos) 1887 йил 21 мартда Эршекуйвар шаҳрида таваллуд топди. У венгер санъатидаги “Авангард” оқимининг истеъдодли етакчиларидан бири бўлган. Адиб адабиёт ва рангтасвир соҳасида баб-баравар ижод қилган. 1921 йил Венада чоп этилган “Янги рассомлар китоби” Лайош Кашшак ижодининг чўққиси ҳисобланади. Ижодкор 1967 йил 22 июлда Будапештда вафот этган. Будапештдаги Зичи саройида Лайош Кашшак музейи ташкил этилган. Ўзи туғилиб ўсган шаҳарга унинг ҳайкали ўрнатилган.

ГУЛБАРГЛАР ТЎКИЛАР

Мени
кўпдан бери
безовта қилар
севги эмас
ўлимнинг яқинлиги.

Мен қандай овутай
юраги остида
тирик ниҳолдек қимирлаётган
хотираси бор
аёлларни

қандай юваман гуноҳимни
тунларда ниқоб тақиб
кунлар аро эса ўзимнинг
эзгулик ва тозалик ҳақдаги
ваъзгўйлигимни.

Бунга чидаб бўлмас
бўйинбоғим бўғиб қўйишидан қўрқаман.

Менга имкон беринг
оппоқ тўшакда нафас ростлашга
тўхтатиб қўйинг бошим узра
ўлимим вақтини
интиқлик билан кутаётган соатни.

УЗИЛГАН РИШТА

Қаердадир
шу ерларда олисдамас
мақсадим танланган таваккал.

Бироқ уфқ
қочаверар
оёғимнинг остидан.

Шамол овозидан
нафасидан булутларнинг
ўзига тортаётган ойга чалғиб
йўлдан адашаман.

Яна чиқиб қоламан
Ранги унниққан
Ўзига тортувчи чироқлари бор
Нотаниш ўлкалардан.

Йўлнинг охири йўқ
ва бўлмайди
ой йўқ бошим узра
йўқдир менинг юлдузим.

Беқиёс тақдирни
ўзим билан
чамалайман.

Ватанни тарк этиб
Излайман ўз қабримни.

Рус тилидан Даврон Ражаб таржимаси