Ифтихор Ориф (1944)

Ифтихор Ҳусайн Ориф (افتخار حسین عارف‎;) – урду шоири, адабиётшунос олим. У Покистон миллий ти ва ёзув академияси президенти.

ЗАХИРАДАГИ ЎЙИНЧИ

Ҳаво сўлим, ёқимли,
Майдонда ўйин кетар.
Минглаб мухлислар шодон
Ўйинга жон койитар.
Олға, олға деб ҳар ким
Тезлайди жамоасин,
Мен-чи, бир ўзим якка
Четда турибман маҳзун.
Захирада турибман
Нафасим ичга ютиб.
Менга ҳам бир кун, албат,
Навбат келишин кутиб.
Ўйин эса тобора
Қизиб боради тақир.
Захирада бир умр
Қолиб кетмасман, ахир.
Келар шундай бир соат
Ва шундайин бир онки,
Жанг айни авж олганда
Чалингай ҳакам бонги!
Захирадан чақмоқдай
Майдонга учиб чиққум.
Қарсаклару олқишлар
Остида кўчиб чиққум!
Мухлислар забонида
Менинг ҳам исмим янграр.
Минг қилса ҳам ўйинчи
Номим бор-да бекадар.
Маҳоратда бошқалар
Қаторидан қолмасман.
Йўқса Ифтихор Ориф
Номин бекор олмасман.
Бир нуқсоним шул эрур:
Захирада турибман
Пайтим пойлаб, майдонни
Гир айланиб юрибман:
Келар шундай бир соат
Ва шундайин бир онки,
Янграгай мен-чун, албат,
Ҳакам — замона бонги!
Шай тур, Ифтихор Ориф,
Майдон сенга мунтазир.
Ҳадемай катта ўйин
Бошланур — Янги Аср!

Ҳиндийчадан Амир Файзулла таржимаси