Микола Винграновский (1936-2004)

Микола Винграновский (Микола Степанович Вiнграновський – 1936—2004) — украин ёзувчиси, шоир, кинорежиссёр, актёр, сценарист. Украинада хизмат кўрсатган санъат арбоби (1997).

* * *

Эшитинг! Уйқуда! Эшитяпсизми?
Керакмас! Уйғотманг! Сиз қулоқ солинг!
Тик осмон — юксаклик кўнглимнинг изми.
Мен сизни кутяпман. Келинг ва олинг.

Лабларим, қўлларим, манглайим қат-қат,
Кўзларим, сўнг ўпкам, оёқларимни, —
Боримни олингу… қолдиринг фақат
Ўзимга: хавотир, қийноқларимни.

Оламга элтингиз! Келди навбатим!
Лайнерим қўнади бугун субҳидам…
Унга айтинг: кўпдир ишим, хизматим,
Учрашув қоладир, яна, бу гал ҳам.

Айтинг: мени улар топишди зўрға…
Етгандим… Яширманг ҳақни ҳеч қачон.
Сўнг бир гап! Ер юзи шоирларига
Менинг кўзларимни қилинг армуғон.

Беринг қўлларимни оқ кемаларга,
Ўпкамни елларга берингиз, дўстлар,
Лабларимни — қўшиқ ва нағмаларга,
Оёғимни — ўтга, силжисин ўтлар.

Иш битди… Боринг тез… Кутишар сизни..
Фикрдош бир дўстни юрингиз эслаб…
Эшитинг! Уйқуда! Эшитяпсизми?
Уйқуда йиртқичим! Гўзал йиртқич қалб.

Украинчадан Миразиз Аъзам таржимаси.