Қақабой Қурбонмуродов (1945)

Қақабой Қурбонмуродов 1945 йилда Мурғоб туманининг ҳозирги Х. Жумаев номидаги деҳқон бирлашмасида туғилди. Унинг нашр қилинган китобларининг сони 30 тадан ортиқ. У бадиий таржима билан мунтазам шуғулланади. Жумладан, атоқли ўзбек шоирлари Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Гулчеҳра Жўраева, Ойдин Ҳожиева шеърларидан намуналар таржима қилган. Филология фанлари номзоди, Берди Кербобоев номидаги мукофот совриндори.

ЯШАЙМАН

Билиб қўйган яхши кимнинг кимлигин,
Биласизми, қандай – ничик яшайман?
Донолар дурдона панд – насиҳатин
Маъносин ўзимча чақиб яшайман.

Кезмадим гердайиб ё ҳалимсираб,
Олмади кўнглимни шумликлар ўраб,
Ўзим билганимча бошимни қўраб,
Кунда минг бир ёниб – ўчиб яшайман.

Чошга – чош дегайман, гардига гард ҳам,
Етган кас йўқ шуҳрат изидан ҳеч дам,
Ҳеч кимдан эмасман ортиқ ёки кам,
Руҳим баланд, кўнглим очиқ яшайман.

Ўзгага нур солмас ўзи ёнмаган,
Элга наф бермагай элдан олмаган,
Ихлосим сингмаган, терим томмаган,
Ҳаром – харишлардан қочиб яшайман.

Ташвиш кўп. Барига парво қилмайин,
Майда – чуйдаларга асир бўлмайин,
Бўш мисра битишни кўзга илмайин,
Илҳом бодасидан ичиб яшайман.

Яхшини қўллашда икки пой бўлиб,
Ҳамроҳим ҳамиша хаёл – ўй бўлиб,
Бир сўзли, ғурурли Қақабой бўлиб,
Неки бор янгидан очиб яшайман.

ДИЛБАР

Севдим сени, нозли дилбар,
Бағри баҳор, ёзли дилбар,
Азоблайсан бунча, аввал,
Ёққанларинг озми, дилбар?

Сезмадинг вафони, дилбар,
Кўрмадим сафони, дилбар,
Бу ёниқ юракларга,
Бир чора топали, дилбар.

Вақт келар – кечар, дилбар,
Япроқ банддан кўчар, дилбар.
Қалбимизда ишқ дарахти
Қачон гулин очар, дилбар?

Ишқ йўли кенг ё тор, дилбар,
Оз эмас хавф-хатар, дилбар,
Ошиқ йигит аҳволини,
Қилма бундан баттар, дилбар.

Қалбим айлаб доғли, дилбар,
Кезсанг, кўнглинг чоғми, дилбар?
Бу саволлар жавоблари,
Фақат сенга боғли, дилбар.

ТЎРТЛИКЛАР

Орзуларим нақшлаб бу жавон кўнгилда мен,
Яшаяпман ташвиши бошдан ошган кунда мен.
Агар қалбимга кўра толе муяссар қилса,
Зиғирча уялмасман келажак олдида мен.

* * *

Гоҳ қишлоғим соғинсам, гоҳ шаҳримга банди мен,
Улардан бирин танлай олурманми энди мен?
Ул бири меҳр кони, суянчиғим ул бири,
Икки онанинг камол топдирган фарзанди мен

* * *

Йигитнинг оқ кўнгил, ҳарбоби яхши,
Яшашга юртимнинг Мурғоби яхши.
Фикр – ўйим баён қиларга ихчам,
Қуюлган саққодек рубоий яхши.

Туркман тилидан Юсуф Насим табдили