Баҳоргул Каримова (1945)

Баҳоргул Каримова (Bahargül Kerimowa) 1945 йил Карки (ҳозирги Отамурод) туманининг Говак қишлоғида таваллуд топди. Шоиранинг “Она меҳри”, “Дунё табассуми”, “Кўнгил”, “Умр ўйлари”, “Ишқ дафтари” каби китоблари нашр қилинган. Кўплаб шеърларига куйлар басталанган. “Ватанга бўлган севгиси учун” медалига сазовор бўлган.

УЛУҒЛИК

Она тупроқ улуғ неъмат чашмаси,
Шакли қуёш-дастурхонда нонимиз.
Ҳаётнинг бошидир бу тупроқ, бу ер,
Тўйдирар, кийдирар, сақлар жонимиз.

Сувларнинг қудрати буюкдир жуда,
Сувдир табиатга жон бахш айлаган.
Маъни борми сув бўлмаган тупроқда,
Сув ҳаётдир борлиқни нақш айлаган.

Она Ватан буюк – унда жам мудом,
Асрларга тенгдош умр маъниси.
Ер юзида энг суюкли нарсанинг,
Ватанга тенг бўлмас бари-бариси.

Инсон мартабаси улуғдир бизда,
Ҳам улуғдир Қорақумнинг ҳавоси.
Туркманнинг кўксини кўкка кўтарган,
Улуғ қавмимизнинг тилак-дуоси.

ТИЛГА КЕЛДИ

Яхшиликдир, ғам-ғуссалар йўқ бўлса,
Қорнинг оч бўлмаса, кўзинг тўқ бўлса.
Қора нафсинг эмас, инсоф кўп бўлса,
Ҳамиша шод бўлсанг, ишинг хўп бўлса,
Қаҳратонда ўчоғингда ўт бўлса.

Одоб-икромингни сақласанг асл,
Ўғил-қиз қувонса шудир ёз фасл.
Кўнглинг гулзорларда юргандай бўлар,
Ҳам дунё шодланиб тургандай бўлар.
Ота юртим мана шундай борлидир,
Бундан улуғ бахт дегани бормидир?!

ҚИЗИМАН

Дунё кўз олдимда ҳамиша гўзал,
Фасллар баҳори ёзиман ёзи.
Ота бобом бошлаган бу турмушда,
Кўнгиллар нақшининг ўзиман ўзи.

Осмон гумбир-гумбир қоқар довулин,
Булутлар дур қилиб тўкар ҳовурин.
Тингланг ғунчаларнинг шовир-шовирин,
Ўшал гул ғунчанинг нозиман нози.

Кун чиқиб кўркини кўз-кўзлар майдон,
Гўзаллик либосин кийибди ҳар ён.
Осуда заминим гул ила райхон,
Турнаси, ўрдаги, ғозиман, ғози.

Олға босдим қайтмам асло йўлимдан,
Ватан байроғини қўймай қўлимдан.
Тўйларнинг овози ўнгу сўлимдан,
Янграган мақоми, созиман, сози.

Чароғон ўлкамда кўпаяр ошиқ,
Ўтмиши донолик, келгуси ёшлик.
Ўзгариши ўсишларга боғлашиқ,
Бахтли замонанинг қизиман, қизи.

Туркман тилидан Абдувоҳид Саидматов табдили