Отажан Тоғон (Atajan Tagan) 1940 йил 15 майда Туркманистоннинг Мари вилояти Мургап туманида таваллуд топган. Ёзувчи 1967 йилда Москва Адабиёт институтини тамомлаган. Ўша йили Туркманистон Ёзувчилар ташкилоти уни Москвага, СССР Ёзувчилар уюшмасига туркман адабиёти бўйича маслаҳатчи лавозимига жўнатади ва у ерда 1993 йилгача, Туркманистонга қайтиб келгунига қадар фаолият юритган.
Отаҳон Тоғон туркман, рус, болгар, тожик ва қирғиз тилларида жами 620 минг нусхада нашр этилган 15 дан ортиқ китоблар муаллифидир. Энг сара ҳикоя ва қиссалари “Дружба народов”, “Огонёк”, “Знамя”, “Октябр” каби машҳур журналларда босилган, айрим ҳикоялари, айниқса, “Уруш қачон тугайди?” қиссаси ўнлаб тилларга таржима қилинган.
Ёзувчининг асарлари асосида “Бобоқамбарнинг қайтиши”, “Тақдир”, “Тентак”, “Ўғил” (“Оқ қизнинг йўли”) каби бадиий филмлар суратга олинган.
“Муҳаббат ҳурмати учун” (“Урушдан кейинги уруш”), “Подачининг толлари”, “Қайнона”, “Энг гўзал қиз” песалари театрларда саҳналаштирилган. “Бегона” (“Ғаройиб асирнинг хотираси”) тарихий романи асосидаги спектакл эса кўп йиллардан бери Ашхободдаги А.С. Пушкин номидаги рус давлат драма театри саҳнасидан тушмай келмоқда.
Отажон Тоғон таржимон сифатида Жек Лондон, Э. Хемингуей, Ч. Айтматов, В. Распутин, И. Тургенев, М. Луконин, В. Шукшин ва бошқа бир қанча рус ёзувчиларининг асарларини маҳорат билан туркман тилига таржима қилган.
Ўзбекистонда Отажон Тоғоннинг Музаффар Аҳмад ва Машариф Сапаров таржимасида “Бегона” номли тарихий-ҳужжатли романи чоп этилган.
ЎН САККИЗ МАНАТ ҲАҚДА ЭЛЕГИЯ
Момомнинг хотирасига
Ҳар ойда бир марта — ўн саккиз манат,
Ҳар ойда бир марта келарди, тамом.
Ҳар ойда ўн саккиз манат келган пайт,
Мен хурсанд бўлардим, йиғларди момом…
Ўн саккиз манатни ким берар бизга,
Ким у унутмас дўст-ёрлигимизни?
У қандай меҳрибон, сахий фаришта
Билар шу пулга ҳам зорлигимизни?!
Момом маҳзун тортиб очиб юрагин
Дерди: “Бу пулларни жўнатар отанг”.
Мен айтардим: “Нега келмайди ўзи,
Кутмоқда аёли, ўғли ҳоли танг?”
“Келар…” деб кўзёшин артарди момом,
“Келар, болажоним, албатта, бир кун.
Иккимиз дўконга чиқамиз у дам
Сенга совға харид қилмоқлик учун”.
Мен эса кутардим. Тўққизда ёшим,
Ўн учга ҳам кирдим, отам келмади.
Ўн саккиз манатни юборди, лекин
Дарду соғинчимиз асло билмади.
Билсам…
Отам ўлган экан урушда.
Мен мотамга чўмдим билганим учун.
Ҳар ойда ҳукумат пул ажратаркан
Фронтчининг ўғли бўлганим учун.
Ҳозир ҳам кутаман…
Гарчи сочим оқ,
Англайман, падарим келмайди такрор.
Ўн саккиз манатни унутмам бироқ,
Токи бу кўксимда инсон қалби бор.
Чунки, ҳув ўн саккиз манат келганда,
Мотамга бурканар эди эски том.
Ҳар ойда ўн саккиз манат келарди —
Ҳар ойда қайтадан ўларди бобом…
1961 йил.
ОТАМГА
Ота!
Сен урушдан қайтиб келмадинг,
Келтирмадинг уйга эски шинел ҳам.
Ёднинг ҳиди билан, ўқ саси билан,
Аскар телпагини киймади ўғлинг.
Умрида бир марта, ҳатто бир марта,
Масрур боқиб “Дада!” демади ўғлинг.
Эҳтимол, унутди “дада” сўзини,
Давр-у даврон ғўр тилини боғлади.
Мадори йўқ на йиғлаш, на кулишга,
У кўзёш тўкмади, турмуш йиғлади…
Ўтиз бир ёшингда этгандинг вафот,
Мен сенинг йўқлигинг гарчи кеч сездим.
Танбеҳ бериб, шапалоқ туширмадинг,
Ўша шапалоқни ҳаётдан едим…
Ўтиз бир ёш нима?
Нима яшадинг?
Ўртача умрнинг ярмидан-да кам.
Сени қандоқ, ҳеч бўлмаса олтмишга
Етириб бўларкан, деган бир ҳаёл
Мени тинч қўймади кундуз-у кеча.
Ҳеч бўлмаса сочларинг оқарсайди,
Ҳеч бўлмаса мен-ла тенг-тўш йигитлар
Бир бор “Тоғон оға” деб чақирсайди…
“Кўпроқ заҳмат чекиш – шарафим” дея,
Таранг қилма асло қаҳр ёйини.
Мен ҳам яшаш, ҳам ишлашим шарт ахир,
Ҳам ўзимнинг ҳамда сенинг пойингни…
1959 йил.
ФОЛЧИ КЕЛИНГА
Фолчи келин, кўзларингда жоду бор,
Балки, улар менинг дунём жодулар.
“Гуллар сўлмас”, дея ишонтир мени,
“Дўстлар ўлмас”, дея ишонтир мени.
Ёлғон сўзласанг ҳам боқиб юзимга,
Тикилмоқ мушкулдир қора кўзингга.
Туғилган ўлмас, деб ишонтир мени,
Осмон кирланмас, деб ишонтир мени.
Ой ҳовлиқса, ҳовлиқма, деб ишонтир,
Ҳақиқатга ҳайиқма, деб ишонтир.
Сўнгра айт: “Қудрат бор, сеҳр бор фолда”,
Худо ҳам алдамас, мени бир алда…
Умринг фалсафаси бўлса-да балли,
Фолчи келин, бер қалбимга тасалли.
Фол оч, яна гап-гап билан очил сан,
Кар қулоғи, кўрнинг кўзи очилсин.
Тўкмасин оналар кўзидан ёшин,
Бурмасин сулувлар қалдирғоч қошин.
Етимнинг онаси келсин, ишонтир,
Умидсиз умиди кулсин, ишонтир.
“Гуллар сўлмас”, дея ишонтир мени,
“Дўстлар ўлмас”, дея ишонтир мени…
1976 йил.
АГАРДА…
Жодикўйга
Агарда, назаринг бахш этсанг менга,
Бир олам гўзаллик яратажакман.
Нигоҳинг тириклик чашмидан зиёд,
Қалбни мотамга терс қаратажакман.
Агарда, сўзларинг бахш этсанг менга,
Қарғани булбулдек сайратажакман.
Саҳарлар нозингни бахш этгин менга,
Ишқингга суяниб яшасин бағрим.
Сув париси каби боқма бир четдан,
Топайин ахтарган минг йиллик ҳоврим.
Қадам товушингни бахш этгин менга,
Сен юрган йўлларда яшнасин олам.
Малҳам топсин сенинг марҳамтингдан
Қовжираган боғ ҳам, чанқаган йўл ҳам.
Бир ажиб шодликлар бахш этгин менга,
Ғамгин дунё кўнглини бир очайин.
Ҳовучимни дуоларга тўлдириб
Ҳасратимни юз-кўзингга сочайин.
“Чах-чах” уришингни бахш этгин менга,
Ҳайрон боқсин какликлару булбуллар.
Сенинг ноланг умр қўшар умримга,
Ундан фақат роҳат олгай кўнгиллар.
Қалбинг поклигини бахш этгин менга,
Уни сезган маҳал қувонсин ҳар ким.
Ёнингдан оҳиста ўтаётганда
Қоралик-оқликка қоришсин кўркинг.
Ҳасратинг бор бўлса, уни ҳам бахш эт,
Эшитмай ортингдан ағёр зорини.
Дунё-ла бўлишмай заррасини-да
Кўксимда асрайин бори-борини.
1987 йил.
ЯНГЛИШИШ
“В этой жизни все правда, все ложь”.
Калдерон
Ёлғонга ишонмай, янглишдим,
Чинларга ишониб, янглишдим.
Бир мақсадни қўйиб, янглишдим,
Ва мақсадга етиб, янглишдим.
Дўстларга ишониб, янглишдим,
Душманга ишонмай, янглишдим.
Ёлғончи ва туҳматчини
Ҳеч одам санамай, янглишдим.
Гул очдик, лек мева бермадик,
Ёзимга ишониб, янглишдим.
Ўзим учун ўзимни атаб,
Ўзимга ишониб, янглишдим.
Шу йўлдан кетмагин, дедилар,
Шу йўлдан кетмасдан, янглишдим.
Яхшилик этмагин, дедилар,
Ёмонлик этмасдан, янглишдим.
Ватанимни севдим юракдан,
Севдим ҳайқирмасдан, индамай.
Ватан, сени севаман, дея,
Ким тураркан паналарда шай…
Яшаган умримнинг ўртаси,
Ҳам бошию сўнги хатодир.
Сабаблар-ки бари баҳона,
Эҳтимол, менинг бу жаҳона
Келганимнинг ўзи хатодир.
ОРЗУ
Сен тилло узугим, сен маҳак тошим,
Бахт сенга назарин солсин, азизим.
Шум хабар эшитиб, оқса кўзёшинг,
Ёлғон бўлсин, ёлғон бўлсин, азизим.
Мудом тўла бўлсин бахт пиёласи,
Ҳаргиз йиғламасин инсон боласи,
Душманнинг кулгуси, дўстнинг ноласи,
Ёлғон бўлсин, ёлғон бўлсин, азизим.
Булбул ошиқ бўлиб баҳор қизига,
Хониш қилса шайдоланиб нозига,
Қиш шошилса олис тоғдан изига,
Ёлғон бўлсин, ёлғон бўлсин, азизим.
Қўша юрак, қўша орзу — тойим сен,
Кўкдан тушиб, ерда тўлган Ойим сен,
Бир ғам келиб икболимдан койинсам,
Ёлғон бўлсин, ёлғон бўлсин, азизим.
Ишонмагил, бир бевафо десалар,
Ишонмагил, бу иш хато десалар,
“Ёринг сендан кўнгли айро”, десалар,
Ёлғон бўлсин, ёлғон бўлсин, азизим.
1964 йил.
* * *
Ўқиганим “Вагзи-Озод”,
Шул муроди ёд этарман.
Умри ошкор берган Иззат,
Ширин зори ёд этарман.
Жондан зиёд номус-орим,
Ҳақ йўлина ҳарна борим,
Етти иқлим мададкорим,
Чориёри ёд этарман.
Қандай ҳаёт ошсиз-нонсиз,
Қандай ҳаёт ҳонумонсиз,
Кечди умрим Човдурхонсиз,
Дўст-у ёри ёд этарман.
Кетди қўлдан гул достоним,
Сўлди чаман-гулистоним,
Вайрон бўлди Даҳистоним,
Ҳарна бори ёд этарман.
Қайда мақсад, қайда маъни,
Ёқди фироқ ширин жони,
Берса Тангри Менглихони,
Зулфи тори ёд этарман.
Етди мезон, сўлди боғим,
Ўтди майлис — жавон чоғим,
Топса агар Сўнутоғим,
Олма-нори ёд этарман.
Фироғий, саксандир солим,
Кундан-кунга тангдир ҳолим,
Мадинага тушса йўлим,
Бир-у бори ёд этарман.
Туркманчадан Раҳмат Бобожон ўгирмаси