Олти Оқмамедов

БУХОРОЛИК ҚИЗ

Менга нозли боқиб бухоролик қиз,
Билинар-билинмас сирли жилмайди.
Ёрим бўл,
Сўзингдан чиқмасман ҳаргиз! —
Дея ёлборсам-да, рўйхуш бермади
Кўз остидан боққан бухоролик қиз.

Икки ўрим сочи белда ўйнайди,
Ёноғи ловуллар қизил олмадек.
— Нозли боқишларинг мени қийнайди! –
Десам парво қилмай, ўтиб кетди тик —
Икки ўрим сочи белда ўйнайди.

Қоматига шоҳи кўйлак ярашар,
Қўлларига хина қўйган, зеб бериб.
Тилла, кумуш гул ҳусни-ла талашар,
Ошиқ бўлар олам-жаҳон, бир кўриб,
Шоҳи кўйлак қоматига ярашар.

Ўтар бўлса чойхонанинг ёнидан,
Йигитларнинг тушар дами ичига.
Бу қиз қайга бораркан, деб фикр этсанг,
Бир ажиб ҳис, ҳавас берар кишига.
Ўтар бўлса чойхонанинг ёнидан.

Айтмоқни истадим: «Меҳрибон, азиз…»
Кўксимда туйғулар жўшди яна ҳам.
Қалбга солса-да из
Бухоролик қиз, —
Дейишга ҳаққим йўқ: Менинг азизам…

Шукур Содиқ таржимаси.