Мулланафас (1810-1862)

XIX асрда яшаб ўтган туркман шоирлари орасида энг машҳурларидан бири, туркман мумтоз адабиётида “ишқ мулкининг султони” деб ном олган ажойиб шоир Мулланафас Қодирберди ўғли (Mollanepes) ижодида Шарқ шеърияти анъаналарига хос панд-насиҳатлар, халқона қадриятлар, муҳаббат, ватанпарварлик ва бошқа олий инсоний фазилатлар юксак илҳом, шоирона эҳтирос ила куйланган.
Шоир 1810 йил Сарахт шаҳрида зиёли туркман уламоси оиласида туғилган. У Сарахт, Марв каби номи бутун Шарққа машҳур шаҳарларда вояга етди, мактаб ва мадрасага қатнаб таҳсил олган. Нафас аввал отасидан, сўнг қишлоқ мактабида, Сарахтдаги ва Бухородаги мадрасаларда ўқиб таҳсил олади. У Шарқ адабиётининг атоқли намояндалари – Фирдавсий, Низомий, Румий, Хисрав Деҳлавий, Саъдий, Ҳофиз, Жомий ва Навоий, Озодий ва Махтумқули каби севимли шоирлар ижодидан баҳраманд бўлиб ўсди.
Мулланафас ижодида асосий ўрин эгаллаган, унинг туркман адабиётидаги мавқеини белгилаб берган мавзу – шубҳасиз, унинг ишқий лирик шеърларида озод-эркин инсоннинг муҳаббати эди. Бундай оташ табиатли муҳаббат тасвирларини биз унинг “Зуҳра – Тоҳир” достонида ҳам кўрамиз. Машҳур халқ афсонаси асосида ёзилган бу достон чин муҳаббат талқини, инсон эркинлигини куйловчи достон сифатида довруғ қозонди.
Мулланафас 1861 йилдаги Қожор қўшини босқинлари туркман халқининг ватанпарварлик туйғуларини, ҳарбий иқтидорини кўз-кўзловчи воқеаларни намоён қилди. Айрим тарихчилар Мулланафас шоир мана шу воқеалар гирдобида оғир жароҳат олганлигини, кейинчалик эса шу савашда етган жароҳатлар туфайли қазо қилганлигини тахмин этадилар.

ФИРОҒИЙ

Умр узоқ, йўл қисқадир, ўтдинг сен
Сўзла, кўрай, йўлинг қайда, Фироғий?!
Бу сўзларни фикр айлаб ётдинг сен,
Очгин кўзинг, элинг қайда, Фироғий?!

Тунов куни бу дунёга келгандинг,
Яхши-ёмон фарқин сайлаб билгандинг,
Ўзинг аяб, япроқларни ўйландинг,
Сўзла қани, гулинг қайда, Фироғий?..

Жайрон овлаб, тоғ устида кезардинг,
Ўнгингда не бўлар, кўриб сезардинг,
Насиҳат-таълим деб достон ёзардинг,
Қайда қолди сенинг кўнглинг, Фироғий?

Эрон томон оғир лашкар тортардинг,
Осмон юзин туман бўлиб ёпардинг,
Бошқа бўлди, умр шу! – деб ўтардинг,
Дандон тушди, тилинг қайда, Фироғий?

Қани ул дўстларинг, ғаним душманинг,
Қани чечан бўлган тўти забонинг,
Қани боғ ичида битган райҳонинг,
Хаёл ичра ҳолинг қайда, Фироғий?

Бу не ғафлат, яна қола билмассан,
Қўл узатиб, нарса ола билмассан,
Энди томошалар кўра билмассан,
Қуръон тутган қўлинг қайда, Фироғий?

Вайрон бўлди қурган гўзал уйларинг,
Тепангдан туғмади кунинг, ойларинг,
Ўқсиз қолди элда камон-ёйларинг,
Ари йиққан болинг қайда, Фироғий?

Дунё неча оғоч – барин санардинг,
Қайси ўтда нокор бўлиб ётардинг,
Эронда, Афғонда гўё ёнардинг,
Сувда сузган солинг қайда, Фироғий?

Кўр, боқ, ўйлан, сенинг тугади умринг,
Ватандан айрилди ул қилган амринг,
Пўстлади, кўкарди пўлатинг, темринг,
Жон берувчи сувинг қайда, Фироғий?

Омонат олдинг сен, эгаси сўрар,
Келтирар ҳар кун деб йўлингга қарар,
Қўй, достонинг сенинг ҳалиям ярар,
Олтмиш кечган солинг қайда, Фироғий?

Туркманнинг ичинда маълум мастона,
Не озод фикрлар солдинг достона,
Кир, кўрайлик сени ул зимистона,
Келтириб ташлади йўлинг, Фироғий?

Хуш қолинг, ватаним, эй гўзал элим,
Мамметжума дўстим, мулла Залилим,
Энди гаплашмоққа келмагай тилим,
Кечди порлаб турган ҳолинг, Фироғий!

КЕЛСА

Ҳинди овчилари чиқса шикорга,
Ўзга ов истамас “Фил!” саси келса.
Ўтов тузоқ бўлса булбули зорга,
Ўтовга ўт солар “гул” саси келса.

Жайроннинг боласин боқсанг, бажарсанг,
Сув ўрнига шакар-шарбатлар берсанг,
Ем қилиб гул берсанг, бир куни кўрсанг,
Ватанга қўл силтар “чўл” саси келса.

Зиқна бойлар севар тангани, молни,
Бир кун бетоб бўлиб кетса мажоли,
Ҳатто тебранмоққа бўлмаса ҳоли,
Сакраб турар агар “пул!” саси келса.

Бузуқ қарор этмас якка эр билан,
Дўстин кўрса, бўлмас касби-кор билан,
Йўлга кирмас таёқ билан, зўр билан,
Яхши зан* таш қочар “кел!” саси келса!

Қулга давлат келса, билмас отасин,
Нақл бор: “хар семриб, тепар эгасин”,
Қирқ чиллада кўрсанг тўнғиз боласин,
Урар-да, қочади “жул” саси келса.

Яхши зан суханвар бўлса сипойи,
Юзи мисли моҳтоб, ўн тўртнинг ойи,
Қочар бадхўрлардан сўз отган сайин,
Чироқ ибо қилар “ел” саси келса.

Бадаслнинг кўнгли яйрар шарр десанг,
Ҳаргиз кетмас, эл дардига юр десанг,
Муллаларнинг жони чиқар “бер” десанг,
Янгидан жон кирар “ол!” саси келса.

Қорун мулкин олса бир эр ётиши,
“Пулим оз” дер, ҳар кун чекар нолиши,
Нуҳ умрига эга бўлса бир киши,
Ёқмас қулоғига “ўл!” саси келса.

Нафас, сен сўзласанг улус-элларда,
Булбул шайдо бўлар тоза гулларда,
Асал эзган даҳан ичра тилларда,
Ари ҳужум айлар “бол” саси келса.
________
* З а н – аёл.

ОЙ ЭНДИ

Висолингдан ғамгин кўнглим очилди,
Фирқатингда алиф қаддим ёй энди.
Олам аро юзинг нури сочилди,
Туғилмагай ўзинг каби ой энди.

Саҳар ели зулфинг паришон этар,
Ғамзанг – ўқдир, жигар-бағрим қон этар,
Шум рақиблар кўрса ҳолим танг этар,
Қиз, айлагин ўз қўйнингда жой энди.

Сендан ўзга ёрни кўзим кўрмасин,
Аллоҳ менга сенсиз ҳеч завқ бермасин,
Сен бўлмасанг, дунё бир дам турмасин,
Йиқилсам ҳам демам асло “вой” энди.

Нафас дер, бир ёр деб белим боғларман,
Ориф – ўзим, дўстларимни сақларман,
То ўлгунча “Дурдихон” деб йиғларман,
Кўзларимдан тўлиб оқсин сой энди.

ЁДИМА ТУШДИ

Ногаҳон кезардим гулу гулшанда,
Гулгун дудоқларинг ёдимга тушди.
Олма-анорингга кўзим тушганда,
Олма яноқларинг ёдима тушди.

Ҳар дардингдан чекдим фиғону нола,
Алифдек қоматим ўхшади дола,
Орзу айлаб, етолмайин висола,
Айрилиқ чоғларинг ёдима тушди.

Юзларинг шам эрур, сиёҳ кокиллар,
Сочларинг монанди мору сунбуллар,
Чаманлар боғланди, жамъ бўлди гуллар,
Бошдан-оёқларинг ёдима тушди.

Сенинг ҳасратингдан сарғайиб-сўлдим,
Жабринг тиғи билан бағримни тилдим,
Юз минг армон билан сендан айрилдим,
Ул кезган чоқларим ёдима тушди.

Нафас айтар, бағрим доғлар ичинда,
Базм айласам оқ ўтовлар ичинда,
Бодом камол топмиш боғлар ичинда,
Бодом қовоқларинг ёдима тушди.

ЁР БИР ЁНА, БИЗ БИР ЁНА

Тири пайконин гизлаюр
Қош – бир ёна, кўз – бир ёна.
Даҳанин очиб сўзлаюр
Тил – бир ёна, сўз – бир ёна.

Хазон айрилмас гулимдан,
Бир ғазал ёздим тилимдан,
Яшилбош учди қўлимдан,
Сув – бир ёна, ғоз – бир ёна.

Севгилим кўзимдан учди,
Бориб рақибларга тушди,
Бир сўз била айрилишди
Ёр – бир ёна, биз – бир ёна.

Безаниб, жоним оларлар,
Кўрганлар ҳайрон қоларлар,
Ясанарлар, солланарлар,
Келин – бир ён, қиз – бир ёна.

Қулоқ солинг ушбу зора,
Сўзласин Нафас бечора,
Тилди бағримни сад пора
Тиғ – бир ёна, тир – бир ёна.


ТИШЛАРИНГА

Дур дарёдан чиқа билмас
Назар қилса тишларинга.
Дўзах мени ёқа билмас
Ёнибман оташларинга.

Ой сендан чирой олгандир,
Десалар, бу сўз ёлғондир,
Алифдек қоматим нундир,
Сажда айлаб қошларинга.

Бу дунё ҳам рўзи маҳшар,
Хайр этсанг – хайр, шарр этсанг – шарр,
Раҳмат кўкдан ерга тушар,
Тегиб кетиб сочларинга.

Кўп соғингандим мен ўзингни,
Эшитай калом-сўзингни,
Муносиб айла ёзингни,
Дучор этма қишларинга.

Топмоқликда мушкул кондир,
Топмаслик баъзан осондир,
Бандаман, ақлим ҳайрондир,
Санъатинга, ишларинга.

Нафас дер, чекарман зоринг,
Орзуйим – сенинг дийдоринг,
Жон фидоси – менман, ёрим,
Юзим суртсам тошларинга.

МУЛЛАНАФАС

Ғафлат уйқусида қолдинг,
Уйғон энди, Мулланафас!
Гоҳ сарғайиб, гоҳи сўлдинг,
Уйғон энди, Мулланафас!

Ҳижрон дилга дард доғлашар,
Сени кўрсам деб чоғлашар,
Севар ёринг кўп йиғлашар
Уйғон энди, Мулланафас!

Бу дунёга дурлар тўлди,
Ойлар қочди, кунлар қолди,
Турғил энди, вақтинг бўлди,
Уйғон энди, Мулланафас!

Бир ёр келди олма-норли,
Булбул занахдон, гуфторли,
Ғафлат уйқусинда зорли,
Қолдинг, уйғон, Мулланафас!

Қурсин-ай ёрнинг фироқи,
Бу дунё эмасдир боқий,
Шикастлаб ҳижроннинг ўқи,
Тегди, уйғон, Мулланафас!

Ёд айлади севар ёрни,
Оқ кўксида олма-норни,
Зулфлари эслатар торни,
Уйғон энди, Мулланафас!

Қора кўзларнинг қастига,
Махмал* ёйди ёр устига,
Ола ўйманинг устига,
Отди, уйғон, Мулланафас!

Етар эрта маҳшар куни,
Қақшатар жонлару танни,
Ёр, уйқуда, дея сени,
Ўпди, уйғон, Мулланафас!

Сен ётибсан юрак доғлаб,
Белингни ҳижронга боғлаб,
Ифор олиб, кўп сийлоғлаб,
Сепди, уйғон, Мулланафас!

Нафас, келгин сен ҳушинга,
Кўп ўйин келар қошинга,
Ҳийла билан ёр ташинга
Тузоқ қурди, Мулланафас!
____________
* М а х м а л – бахмал ёпинчиқ.

ҚУРБОНИМАН

Қора сочинг ўсиб ётар,
Ёрим, шунинг ҳайрониман.
Шамол тегса, анқиб кетар,
Ақлим кетиб, қурбониман.

Келсанг бизга йўлни бошлаб,
Сочинг санарман қулочлаб,
Қараб турсанг бармоқ ташлаб,
Қулар юзинг қурбониман.

Уйғонурсан кечалари,
Зулфинг сенинг – тоғлар мори,
Оқ кўксингда қўш аноринг
Бўлсам кириб боғбониман.

Фалак келар эсиб ели,
Ғарқ этибдир кўзда сели,
Дўстлар, ёрнинг ул сунбули –
Мордир, унинг қурбониман.

Фалак қўймас бойитмоққа,
Тилим юрмайди айтмоққа,
Кўзим қиймас уйғотмоққа,
Жисми ичра жонониман.

Келар ёрим олтин тақиб,
Ошиқларин жонин ёқиб,
Уйга кириб, тўғри боқиб,
Кулганларин омониман.

Мендан бошқа севган кўпдир,
Ёлғон эрмас, сўзим ҳақдир.
Ол ёноқдан терни оқтир,
Сиёҳ зулфларнинг шониман.

Йигит келар чархин қуриб,
Асбобига тумор бериб,
Кўзин юмар, юзин кўриб,
Осмондаги тобониман.

Кўп йиғларман, ёрим билмас,
Насиб тортмас, кулиб келмас,
Ғариб дила қўлин солмас,
Билса, парилар жониман.

Оҳ, Нафас, сен бўлдинг гадо,
Ул ёрингдан қолдинг жудо,
Ноҳақ қилдинг жонинг фидо,
Бечоралар армониман.


КЎЗИНГ БИЛАН

Нечун дали айладинг,
Севгилим, кўзинг билан?

Мени ҳайронлар қолдирдинг
Ул тўти сўзинг билан.

Шуъла солдинг олама,
Ёр, нурли юзинг билан.

Ой-кунни банди қилдинг,
Қош қоқиб кўзинг билан.

Сайрон қилдинг чаманни,
Сўнаю ғозинг билан.

Капалакдай безадинг
Тоғ-тошни тўзинг билан.

Вафо қилмадинг манга,
Ўтди кун ёзинг билан.

Сайр айладинг кундузлар
Сен келин-қизинг билан.

Уйқудан уйғотдинг сен
Ул тилла созинг билан.

Хоҳламадинг, севмадинг
Қора қош кўзинг билан.

Босган изинг ўпмадим,
Ўтдингми тизинг билан.

Булбулни солдинг дардга,
Ширин овозинг билан.

Тўй-томоша айларсан,
Суҳбатли бозинг билан.

Жасадимни тош этдинг,
Қиш фасли музинг билан.

Нафас айтар, ўлдирдинг
Охирда нозинг билан…

Музаффар Аҳмад таржималари

УМИД ДАРЁСИНИ ҚУЛОЧЛАБ СУЗИБ

Умид дарёсини қулочлаб сузиб,
Канорин майл этиб чиқа билмадим.
Оламни ҳаваслаб айланиб, кезиб,
Не яхши-ёмонга боқа билмадим.

Сайлаб севдим сени улуғ элларда,
Гул юзли гўзаллар, инжа белларда,
Эрам бўстонида, беҳишт, гулларда,
Булбул бўлиб, қанот қоқа билмадим.

Агар боқса, гул юзидан нур олар,
Ниқоб тортса, кулли жаҳон ўт бўлар,
Кулиб боқса, кўп фикрлар ёт бўлар,
Ботиниб, рўйингга боқа билмадим.

Не ажиб, гўзалсан, ўзингдек борми,
Сўзла, мен эшитай, юзларинг норми,
Тавба қилдим, ғайри нокасга ёрми,
Ишқ ўтига жоним ёқа билмадим?!

Мажмунман, бошимда йўқдур ташвишлар,
Сезмасман, дунёда кўп бўлган ишлар,
Олиб бозорлардан олтин-кумушлар
Туморли кўксингга тақа билмадим.

Кўзим етар, кўп савдо бор бошимда,
Ўтирсам, ўйланам, турсам қошимда,
Илк оқшомдан то тонггача тушимда,
Анча ҳавас қилдим, ёта билмадим.

Қайтмоқ энди бул фикрдан йўл олиб,
Биноҳим йиқилди тагин сел олиб,
Кенг бозорга кириб, сайлаб бол олиб,
Сени ёғдир дея қота билмадим.

Мендан ғайри бирна кўнгил берсанг-да,
Кеча-кундуз ётмай даврон сурсанг-да,
Нафас айтар, таёқ олиб урсанг-да,
Парвона, қошингдан кета билмадим.

СEВГИЛИМ

Ҳуснинг хазнаси барподир,
Ёруғ жаҳонга, севгилим.
Сочинг сақлов аждарҳодир,
Ул ганжи-конга, севгилим.

Дарёлар мен каби тошмас,
Юзинг тўлин ойдир, ёшмас,
Аввал-охир кўзим тушмас,
Сендек жононга, севгилим.

Қуруқ оғоч менча ёнмас,
Сийнамда оташинг сўнмас,
Эй ёр, сендан кўнглим дўнмас,
Дўнса замона, севгилим.

Дўст дўст раъйини тутмасми,
Ошиқ мурода етмасми,
Маъшуқ деган раҳм этмасми,
Бу гирён жонга севгилим?!

Эй сиё зулф, қоши қора,
Арзим будир сен дилдора,
Қилма сирларинг ошкора,
Яхши-ёмонга, севгилим.

Кеча боқмасам ул юзга,
Қарорим етмас кундузга,
Той келарсан ҳамма қизга,
Юз минг жононга севгилим.

Ғамзанг ўқи тандан ўтди,
Борди, ширин жонга етди,
Кофир кўзинг талон этди,
Нури-имонга, севгилим.

Чекилиб қошинг қиличи,
Жигарим тилди бир учи,
Бағритош, раҳминг келса-чи,
Ғарқ кўзим қонга, севгилим.

Мисли бодом қабоқларинг,
Гул япроғи дудоқларинг,
Ўхшайдир ул яноқларинг
Тар гулистонга, севгилим.

Тонг саҳардан зулфинг тараб,
Кун бир-ла турдинг ялтираб,
Қиё боқиб, кулиб қараб
Қўйдинг армонга, севгилим.

Нафас деяр,будир сўзим,
Зулфингдан сўлди гул юзим,
Бир замон айрилмас кўзим
Сендан бир ёнга, севгилим.

ЁДИМГА ТУШДИ

Ногаҳон кезардим гулли-гулшанда,
Гулгун яноқларинг ёдимга тушди.
Олма-анорингга кўзим тушганда,
Олма яноқларинг ёдимга тушди.

Ҳижронда чекмишам фиғону нола,
Алифдек қоматим ўхшамиш «дол»а,
Орзу айлаб ета билмам висола,
Айролиқ чоғларинг ёдимга тушди.

Юзларинг шаъму ул сиё кокиллар,
Сочларинг монанди мори-сунбуллар,
Чаманлар боғланди, жам ўлди гуллар,
Бошдан-оёқларинг ёдимга тушди.

Сенинг ҳасратингдан сарғайиб сўлдим,
Жабру тиғинг ила бағримни тилдим,
Юз минг армон билан сендан айрилдим,
Ул кезган жойларинг ёдимга тушди.

Мисли тўлган ойдек кўксининг оқи,
Қонимдан ранг топмиш дастинг бўёғи,
Чор тараф тортилмиш сарви бутоғи,
Жаннат қучоқларинг ёдимга тушди.

Нафас айтар, бағрим доғлар ичинда,
Базм айласам оқ ўтовлар ичинда,
Бодом камол топмиш боғлар ичинда,
Бодом қабоқларинг ёдимга тушди.

Туркман тилидан Абдумўмин Жумаев ва Жуманазар Зулпиев таржималари

КЎЗЛАРИНГ

Қарашларинг жисмимни куйдирди, эй жон кўзларинг,
Йўқ, йўқ, ёлғон дедим, юз дардга дармон кўзларинг.

Кўрган айтар наргиси тоғлар чекилмиш кўксига,
Тоғ эмасдур, кўнглим ичра бўлди меҳмон кўзларинг.

Боқмайин десам юзингга, қатлимга бўлғай сабаб,
Воҳки, боқсанг жон олгуси моҳи тобон кўзларинг.

Ханда қилсанг лабларинг юз минг ўликни тирилтар,
Бир қарашда минг тирикни қилди бежон кўзларинг.

Йилда бир қурбон этарлар аҳли айём ийд учун.
Бир қарашда мингни қурбон қилди кўзларинг.

Кўзламай ағёр ила, мен телбага қилмиш назар,
Бас, менинг куйган танимга қолди ҳайрон кўзларинг.

Ақлу ҳушим жамъ айлаб, ишқидан чекдим оёқ,
Бу нафас ҳолин яна, қилди паришон кўзларинг.

НОЗЛИ ЁР

Қора сочинг кеча дебон ухлабман,
Кундуз экан кўп армоним, нозли ёр!
Сабо – саҳар вақти дебон чоғлабман,
Кўзим очсам, армон экан, нозли ёр!

Кел, кўришсанг мўъжизакор қўлингдан,
Айланайин даҳанингдан, тилингдан.
Айб этмагил қўлим солсам белингдан,
Оташгоҳи, сўзанимсан, нозли ёр!

Таърифин эшитдим қора кўзингнинг,
Гадосиман, жоним, кулар юзингнинг,
Забондан айрилган ҳар бир сўзингнинг
Қурбониман– фидосиман нозли ёр!

Нафас деяр, ишқим ҳаддан ошибдир,
Томошангга улус-эллар шошибдир.
Кўзим очсам, ойим-куним ботибдир,
Зиндон бўлди кенг жаҳоним, нозли ёр.

Туркман тилидан Олим Тўраев таржимаси