Аннатувоқ Қақаева (1961)

Аннатувоқ Қақаева 1961 йилда Дошўғиз вилояти Кўҳна Урганч шаҳрида туғилган. “Ўзга бахт истамам” (1992), “Одобнома” (1994), “Руҳиравон” (2004) каби шеърий тўпламлари нашр қилинган.
Аннатувоқ Қақаева бадиий ижод соҳасидаги ютуқлари учун 1996 йили Туркманистоннинг Махтумқули номидаги Ёшлар мукофоти соҳибаси бўлди. У 2001 йилдан буён ижтимоий ҳаётда ҳам фаол иштирок этиб, Туркманистон Халқ Маслаҳати йиғинларида қатнашиб келмоқда.

ЎЗГА БАХТ ИСТАМАМ …

Элим дарди юрагимда чўғланса,
Ўз дардим тортишга вақт истамасман.
Саҳройи туйғулар ларзона келса,
Шоҳлик,
хонлик,
беклик,
тахт истамасман!
Келтирмасам юрт бошига маломат,
Бир йиғлаб турганни қилсам ҳимоят,
Майли, қўпсин бошим узра қиёмат –
Эл бахтидан ўзга бахт истамасман!.

НАСИҲАТ

Чин йўлга тушдингми – қайтма изингга,
Орзу шамчироғи сўниб қолмасин.
Тоғу-дарадан ўт қараб кўзингга,
Қисмат бошгинангга ўйин солмасин.

Хақ ишлардан илҳомлансин элу юрт,
Бор бойликка қаноат қил, тўйгин сен.
Эл сирини фош айлама, пинҳон тут,
Сирин бермас маҳак тоши бўлгин сен.

Билгин, бу дунёга келмадинг сайла,
Очни тўқ қил,
Дардли дардин даф айла.
Ёмондан қоч,
Савоб ишни кўп айла,
Қўй, дунёмиз бадфеъллардин тўлмасин!

ЎЗИНГДАН БОШЛА

Ич-ичингдан пишиб узун кечалар,
Айта олмаётган сўзингдан бошла,
Фақат покдомон дил қувнар шунчалар,
Ҳақу ноҳақ еган тузингдан бошла,

Бир-бировга юклаб ноҳақ гунони,
Ғамга маҳкум этмай ота – онани,
Қўшиққа чулғамоқ бўлсанг дунёни,
Эсдан чиқаёзган созингдан бошла!

Ҳаёт қизил гулдай гулласин десанг,
Сен ҳам ўз ҳиссангни қўшишга келсанг,
Ўғлингни қалинсиз уйламоқ бўлсанг,
Холажон, аввал ўз қизингдан бошла.

Билгил, ҳар нарсада бордир бир ҳисоб,
Энди сен қаёққа кетяпсан шитоб?
Сени қувиб етар адолат, инсоф,
Таълим сабоғин ҳам ўзингдан бошла!

ИСКАНДАРНИНГ ВАСИЯТИ

(ривоят)

Кўп кишварни забун қилган Искандар,
Ажал тепасида солганда соя,
Деди, қавмин йиғиб, тўхтатиб жанглар:
“Менинг ҳам умримга етди ниҳоя.

Энди бир васият қилайин менам,
Одам қутулмагай қисматдан-ўтдан.
Бехос тўлган куни менинг паймонам,
Икки қўлим чиқиб турсин тобутдан!

Беаёв қон кечиб, зулм айлаб элга,
Тўплаган бўлсам-да беҳад ганж-бойлик,
Қўлларимга қараб, сўнгги манзилга
Бўш кетиб боришим кўрсин халойиқ !..”

Туркман тилидан Юсуф Насим табдили