Умар Нафий (1582-1636)

Асли исми Умар бўлган ХVII асрнинг машҳур шоири Нафий (Ömer Nef’î) Арзирумга яқин бўлган Ҳасанқалъа деган жойда туғилган. Нафий тахаллусини унга дўсти, даврининг таниқли тарихчиси Али Ғолиб ўғли берган. Ижодининг илк даврида шоир Заррий тахаллуси билан шеърлар ёзган.
Нафийнинг отаси Қрим хонлари хизматида эди. Ёшлигидаёқ истеъдоди намоён бўлган бўлажак шоирни Мурод Пошо Истамбулга олиб келтиради. Султон Аҳмад I даврида пойтахтга келган Нафий Усмон II, Мустафо каби султонларга қасидалар ёзгани маълум. Аммо Мурод IV Нафийга жуда катта ғамхўрлик қилади. Шоирнинг энг ижоди гуллаган давр ҳам Мурод IV ҳомийлигидаги вақтдир. Ўзи ҳам шеърлар ёзган Мурод IV “шеър оламининг султони бўлган бу тоза сўзловчи шоирга” ашаддий мухлис бўлгани маълум. Султон шоирни хос мажлисларга чақирар, узоқ суҳбатлар қурар, шеърларини тинглаб катта-катта эҳсонлар берарди. Султоннинг “эркатойи” бўлган, жуда яхши маълумотли, араб, форс тилларини билган Нафий ҳақида тазкираларда маълу¬мотлар камлиги ҳақида савол туғилиши мумкин. Айтишларича Нафий жуда “аччиқ тилли” шоир бўлган. У ўз сатирик шеърларида йирик амалдорлар, давлат миқёсидаги кишиларни ҳам ҳажв қилган. Шунинг учун унинг душманлари ҳам кўп бўлган, балким шу сабаб замондошлари шоир ҳақида ёзишни хуш кўр¬магандирлар.
Мурод IVнинг Нафийга ҳомийлик қилишини уларнинг табиатан, бир-бирига ўхшашлиги билан изоҳлашади, айрим адабиётшунослар (Масалан: Аҳмад Қабоқли). Шунинг баробарида Мурод IV аввалги султонларга нисбатан адабиёт, санъатга эътибор кўрсатиб, давлатда тинчлик-осойишталик ҳукм сураётганини исботламоқчи ҳам бўлди. ХВII асрдаги ташқи ва ички низолар усмонлилар империясини анча чарчатиб қўйганди. Мурод IV давлатнинг аввалги улуғворлигини илм-фан, адабиёт, маданиятга рағбат кўрсатиш билан бироз бўлса-да тиклашга уринди. Мурод IV шоирни қанчалик яхши кўрмасин, гоҳида ранжиган вақтлари ҳам бўлган. Лекин, бу узоққа чўзилган эмас. Нафийнинг сатирик асарлари, султонга ёқса ҳам, танқид қилинган шахсларга ёқмасди, албатта. Нафий ҳажвий асарларини тўплаб “Сиҳоми қазо” (“Тақдир ўқлари”) деб атайди ва султонга тақдим қилади. Мурод IV Бешиктоши саройида “Сиҳоми қазо”ни ўқиб ўтираркан, ногоҳ ҳаво ўзгариб, шоҳнинг ёнига яшин келиб тушади. Бундан ҳузурсизланган ва ўзгача маъно кашф этган султон Нафийни чақиртириб келтиради ва унга бундай ҳажвий асарлар ёзмасликни тайинлайди. Шоир ҳам сўз беради. Аммо бироз вақт ўтгач Нафий, султоннинг куёви вазир Байрам Пошо ҳақида ҳажв ёзади. Бундан ғазабланган Байрам Пошо Нафийни жазолашга султоннинг розилигини олишга эришади. Шоирни алдаб саройга чақиртиради ва ертўлада бўғиб ўлдиртириб жасадини денгизга улоқтиртириб юборади. Бироқ Нафий ёзган ҳажвий асарлар халқ ўртасида тезда машҳур бўлиб кетганди.
Нафий адабий меросини уч гуруҳга бўлиш мумкин. Биринчиси, турк тилида ёзилган “Девон” бўлиб, “сўзим” радифли наът билан очилади. “Девон”да Мавлоно Жалолиддин Румийга мадҳия ва 57 қасида бор. Шунингдек 119 та ғазал, таркибанд шаклида ёзилган “Соқийнома” ҳамда қитъа, рубоийлар бор.
Иккинчиси, шоирнинг форсча “Девони”дир. Девонда 8 наът, 8 қасида, 1 соқийнома, 1 фахрия, 21 ғазал, 171 рубоий бор. “Девон”нинг бир нечта нусхалари Туркия ва Европадаги кутубхоналардан топилган. Адабиётшунос олим Али Ниҳод Тарлан бу нусхаларни қиёсий ўрганиб, ҳамда туркчага таржима қилиб, 1944 йилда Истамбулда нашр эттирган.
Учинчиси, Нафийнинг ҳажвий асарларини тўплаган “Сиҳоми қазо” мажмуасидир. Бундаги асарлар савия жиҳатидан бир хил эмас. Айрим нусхалари бир-биридан фарқ қилади. Ҳаж¬вий асарларда асосан Нафийга замондош амалдорлар объект қилиб олинган. Ўша даврда яшаган шоирлардан айримлари ҳа¬қида ҳам Нафийнинг салбий фикрлари акс этган.
Шунингдек, Нафийнинг “Туҳфатул-ушшоқ” номли 97 байтдан иборат қасидаси ҳам бор. Бу асар Фузулийнинг “Анисул Қалб” достонига ва шу мавзудаги асарларга назира тарзида ёзилгани учун, адабиётшунослар бу асарни мустақил назм намунаси сифатида санамайдилар.
Даврининг ғазалнавис ва ҳажвчи шоири сифатида танилган Нафий ижодида кўзга ташланган ўзига хослик шеърлардаги кўтаринки оҳангдир. Шоир бу оҳангни сақлаш учун турк, араб, форс сўзларидан усталик билан фойдаланади. Шу йўсинда Нафий қасидаларидаги услуб, девон шеъриятида қолиплашган услубдур. Шоирнинг сўз манбаи бой бўлиши мумкин, лекин уни шеърда мусиқий бир тарзда бериш ҳам бор. Ишқ, фалак, ҳиж¬рон, висол мавзусидаги Нафий ғазаллари бу борада муваффа¬қиятли чиққан. Шоирнинг ижодий диапазони кенг, у ғазалла¬рида фақат ишқий мавзуларни эмас, ҳарб ва қаҳрамонлик, тасаввуф мавзуларини ҳам маҳоратла ёрита олган. Шоир танлаган мавзусини ўзи истагандек тасаввур этар, уни ёритишда ҳам қий¬налмасди. У ўзигача ҳеч қўлланмаган калималар ва таъбирларни усталик билан шеър мағзига сингдириб юборарди. Нафийнинг шеърларида янгича бир оҳанг, хаёл ва ҳаёт кучи бордек. Масалан, шоирнинг уруш тасвирига бағишланган мисраларини ўқи¬сангиз, қиличларнинг жарангланишини туйгандек бўласиз.
Нафий ижодининг яна бир ўзига хослиги мажозларга бойлик, кучли ва кўтарники руҳдир. Шоир гоҳида арузнинг қатъий қолипларига риоя ҳам қилмасдан, сўзларга ўзгача оҳанг ба¬ғишлашга интилади. Боқий сингари шеър “техникаси”га эмас, кўпроқ сўз оҳангига эътибор беради.
Нафий шеъриятни улуғ неъмат деб билган. У шоирларни султонлардан юқори қўяди. “Шоирлар бўлмаса, ўтиб кетган шоҳларни ҳеч ким билмасди ҳам, эсламасдиям ҳам” дея ёзганди Нафий. Шоир ғазалларида айни пайтда мағрурона ёзилган мисраларни ҳам учратамиз. Гоҳида у ўзини барча замондошларидан устун қўяди. Шеър айтганида ҳатто “ҳофиз ҳам жим туради” тарзидаги ўзига ишонч ва бино қўйиш ҳам бор.
Нафийнинг ҳажвиёти айниқса ўз даври учун характерли бўлиб, шоир турк адабиёти тарихида биринчилардан бўлиб, султон саройининг ички кирдикорларини қаламга олади. Ундаги лаганбардорлик, сохталик, кўзбўямачиликларни фош қилади. Шунинг учунми Нафий ҳажвиёти халқ ўртасида тез тарқаларди. Халқ ҳам шоирга керакли ҳурматни кўрсатарди. Тарихчи Кочубей Байрам Пошо томонидан ўлдиртирилган шоирнинг жасадини денгизга ташлашини ҳам, халқдан Нафий ўлимини яшириш учун қилинганлигини ёзганди.
Нафий ғазаллари, айниқса сатирик шеърлари билан ХВII аср турк шеъриятига янгича бир оҳанг олиб кирган шоир бўлиб қолди.

УМАР НАФИЙ ҒАЗАЛЛАРИДАН

Ошиққа ҳеч таъна қилманг, мубталодир найласин,
Одамга меҳру муҳаббат бир балодир найласин.

Кўнгли дилбардан узилмаса ажабми ошиқнинг,
Ғамзасила то азалдан ошинодир найласин.

Зулфига қолса паришон айламасди дилларни,
Ани таҳриқ* айлаган боди сабодир найласин.

Нетсин, бўлса муҳтариб** ҳоли дили ушшоқдан,
Сийнаси ойинайи олам намодир найласин.

Бўлмаса Нафий не қилгай дилбаста зулфи дилбара,
Табъи шўхи дома тушмас бир ҳумодир найласин.
___________
* Таҳриқ – ёндирмоқ, сувсатмоқ.
** Музтариб – изтиробли, хаста, йиғлаган.

* * *

Баҳор бўлса, яна сайру гулистон бўлганин кўрсам,
Гўзал сайр айламоқ ушоққа осон бўлганин кўрсам.

Латофатдан кўринса осумоннинг акси ҳар ерда,
Чаманда ўзга бир олам намоён бўлганин кўрсам.

Яна роз духтарин пайдо этиб азми қарор этсам,
Ғаминг хотирда нопайдою пинҳон бўлганин кўрсам.

Қизарса, гул-гул ўлса, тоби майдан рўйи сўзоним,
Руҳи жонони ҳам, гул ҳам гулистон бўлганин кўрсам.

Сафодан бир-бирининг сийнасин чок этса дилбарлар,
Гўзаллар маст бўлиб дасти гирибон бўлганин кўрсам.

Боқиб гоҳ сийнайи жонона, гоҳ жоми майи ноба,
Дили девона барру* баҳра султон бўлганин кўрсам.

Мухассал** бундайин бир кун кўрмасдан ўлсам, эй Нафий,
Фалак мен ўлмайин ҳок ила яксон бўлганин кўрсам.
___________
* Барр – 1. ваъдасига содиқ, муҳсин, карамли. 2. Тупроқ, ер, ер юзи.
** Мухассал – хулоса, натижа, ниҳоят.

Адхамбек Алимбековнинг «Турк адабиёти тарихи» (ТошДШИ нашриёти. 2005) ўқув қўлланмасидан олинди.