Шайх Ғолиб (1757-1799)

XVIII аср турк адабиётининг йирик намояндаларидан бўлган Меҳмед Асад Ғолиб – Шайх Ғолиб (Şeyh Galip) Истамбулда, Еникапи Мавлавийхонасига яқин уйда туғилди. Унинг отаси Мустафо Рашид девонда котиб бўлиб, даврининг таниқли мавлавийларидан эди. Бўлажак шоир илк сабоқни отасидан олади. Кейинчалик араб ва форс тилларини мустақил ўрганади. Тинимсиз меҳнат, имлга тиришқоқлик Шайх Ғолибни бир умр тарк этмади. Ёшлигиданоқ мавлавий сулукига кирган Ғолиб Галата мавлавийхонаси шайхлари Нашод Афанди ва Ҳусайн Дадалар қўлида тасаввуфий илмларни ўрганади. Кейинчалик Коня шаҳрига келиб, мавлавийликка асос солган Жалолиддин Румий ҳаёти ва ижодини ўрганади. Ж. Румийнинг ижодий таъсири Шайх Ғолиб шеъриятида яққол сезилиб туради. Коняда Румий таълимоти билан чуқур танишгач Истамбулга қайтган, Ғолиб “чилла ўтиради” ва сўнгра мавлавий “дадаларидан” бўлади. “Чилла ўтириш” маросими мавлавийликда 1000 кун давом этган. “Чиллага кирган” Ғолиб 18 кун бир ҳужрада ёлғизликда бўлгач, уч йил давомида теккадаги турли хизматларни бажариб, ўз нафсини ўлдирган. “Чилла ўтириш” маросимини муваффақиятли ўтказган Ғолиб 1787 йилдан тасаввуфга оид илмий ишлар ёза бошлагани маълум. 1791 йилда Галата мавлавийхонаси шайхи Ҳалил Нўъмон Дада Конядан рухсат олмай Ускударда мавлавийхона очмоқчи бўлгани учун шайхлик вазифасидан бўшатилади. Ўрнига тайинланган шайх Абдуллаб Истамбулга келаётиб йўлда, Кутаҳяда вафот қилади. Натижада ёш бўлишига қарамасдан Галата мавлавийхонасига 1791 йил 11 июнда шайх этиб Шайх Ғолиб тайинланади. Шу вақтдан шоирнинг султон Салим III билан муносабати яқинлашиб, дўстлашиб кетади.
Ўзи ҳам нозиктаъб бўлган султон Салим III Галата мавла-вийхонасига келиб турар, Шайх Ғолиб уюштирган зикрларда иштирок этарди. Гоҳида Шайх Ғолибни саройга чақириб, унинг ғазалларини тинглар, адабий суҳбатлар қурарди. Шайх Ғолиб султонга қасида ёзиб, теккенинг жуда хароблигини айтганда, Салим III бир йилда теккехонани таъмир қилдириб беради.
Шайх Ғолиб ўз даврида энг ёш “девон” тузган шоирлардан эди. У 24 ёшида “девон” тузиб, 26 ёшида “Ҳусну Ишқ” достонини ёзиб тугатади. Султон Салим III 3 минг олтин бериб Шайх Ғолиб “Девон”ини чиройли безаттиради. Шайх Ғолибни султон Салимгина эмас, унинг сингиллари Ҳадича, Бойхон Султонлар ҳам тез-тез ҳадялар билан мукофотлаб турган. Шоир ғазалларида юқорида исмлари зикр этилган номларнинг учраши ҳам бежиз эмас. Ҳатто Шайх Ғолиб Бойхон Султонга пинҳона ошиқ бўлганлиги ҳақида ҳам миш-мишлар бўлган. Саройда ва эл орасида ҳурмати баланд бўлган шоир афсуски ҳаётдан эрта кўз юмади. 1799 йили 42 ёшида Истамбулда вафот қилади. Шайх Ғолиб сил касаллиги билан оғриганлиги ҳақида маълумотлар бор. 1797 йилда Шайх Ғолибнинг жуда қадрдон дўсти ҳамда маслакдоши бўлган Асрор Даданинг вафоти ҳам шоирга оғир жудолик бўлганди. Шайх Ғолиб дўстига бағишлаб ёзган марсия турк адабиётидаги энг гўзал марсиялардан. Шу воқеадан сўнг Шайх Ғолиб хасталаниб қолган эди. Шоир Сурурий “Кечди Ғолиб Дада жондин ёҳу” дея шоир ўлими муносабати билан тарих ёзганди.
Шайх Ғолиб шоир сифатида ижодини жуда эрта бошлаган. 1781 йил “девон” тузган бўлса, кейинчалик девонни янги шеърлари билан кенгайтирган. Бугунги кунда бу девонларнинг 20 нусхаси топилган. Девонда 26 та қасида (қасидалар султон Салим III, Бойхон Султон, Шайхулислом Шариф ва бошқа ўша даврнинг таниқли шахсларига бағишланган) турк тилида ёзилган 331 та ғазал, форс тилида 36 та ғазал, 2 та мустаҳзод, 4 та таркибанд, 9 та таржибанд, 7 та мусаддас, 4 та мухаммас, 17 та тахмис, 68 та тарих, 11 та шарқий ҳамда маснавий, қитъа, рубоийлар бор. Кўриниб турибдики, Шайх Ғолиб ўрта аср турк шеъриятида маълум бўлган деярли барча жанрларда ижод қилган. Шайх Ғолиб ўзидан аввал ўтган салафларидан, айниқса, Жалолиддин Румий, Фузулий, Боқий, Ноилий, Набий, Аҳмад Нодим каби шоирларга эргашган. Шарқ адабиётини яхши билган Шайх Ғолиб турк адабиётида “ҳинд тарзи” деб номланган “хаёллар ва мажозларга кенг ўрин берилган” шеърий йўлнинг ёрқин вакилидир. Унинг бобурийлар даври Ҳиндистондаги шеъриятни яхши ўрганганлиги ҳақида маълумотлар бор. Шайх Ғолиб “ҳинд тарзи” йўлида ёзилган ҳар бир мисрадаги маълум бир мажоз ёки тимсол бошқа бир мазмун ташишини ҳам айтади.
Масалан:

Агар дерсамки, “ҳаволар очилди, келди баҳор”
Мурод одурки: банимла муҳаббат айлади ёр.

Ё сўзласамки: “чаман ғунчалари зейн ўлди.
Удур ғаразки: табассумла сўзлади дилдор”.

Шайх Ғолиб ғазаллари бадиий санъатларга бойлиги, шоирнинг сўзга бўлган беқиёс меҳри билан ҳам ажралиб туради.
Шайх Ғолиб номини янада машҳур қилган “Ҳусну Ишқ” достонидир. Тасаввуф мазмунидаги бу достонни ижодкор 1782-83 йилларда 6 ойда ёзиб тамомлайди. Айтишларича бир суҳбатда Набийнинг “Ҳайробод” достони жуда мақталади ва бундай достон ёзиш, ҳатто тақлидий тарзда ҳам мушкуллиги айтилади. Ёш бўлишига қарамасдан шуҳрат қозонган Шайх Ғолиб, достон камчиликлардан холи эмас деб, бир нечта, масалан бош қаҳрамон Чалакнинг бир ўзи шунча олийжаноб ишларни амалга ошира олишига шубҳа билдиради. Айни пайтда асарнинг тили мураккаблигини таъкидлайди. Шунда кимдир Шайх Ғолибга достон ёзишни маслаҳат беради. Хуллас, Шайх Ғолибнинг “Ҳусну Ишқ” асари, Набийнинг “Ҳайробод” маснавийсига қасдма-қасд ёзилган асар дейиш мумкин. Нима бўлганда ҳам ўзига яраша мағрурлиги бўлган Шайх Ғолиб яхши бир достон ярата олган. Достондаги образлар мажозий бўлиб Ҳусн – жамоли мутлақ, яъни Аллоҳ, Ишқ – ишқи илоҳий йўлида, илоҳий гўзалликка қовушмоқ истаган Солиҳ. Достондаги бошқа образлар ҳам тасаввуфий мазмун ташийди. Шайх Ғолибнинг бу достонида Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”си, Фузулийнинг “Лайли ва Мажнун”и, Фариддидин Атторнинг “Мантиқут-тайр”, Шаҳобиддин Суҳровардийнинг “Мунисул ушшоқ” асарларининг таъсирини кўриш мумкин. Сюжети унча мураккаб бўлмаган достонда Ҳуснни севган Ишқ ҳаёт сувини (элексир) келтириши керак. Ҳаёт суви Қалб қасрида сақланади. Ҳаёт элексирини излаб йўлга чиққан Ишқ бошидан кўплаб саргузаштларни ўтказади. Мангу совуқ мамлакат, олов денгизи, аждарҳо, девлар тимсоли ҳам рамзий бўлиб, бу инсон фитратидаги иллатлардир. Достонда бош қаҳрамоннинг ҳар хил тўсиқларга учраши ва уларни мардонавор енгиши, инсоннинг ўз нафсини енгиб ишқи илоҳийга етишига ишорадир. Қалб қасрига етиб келган Ишқ, ҳукмдор Илоҳий Калом билан учрашади. Илоҳий Калом гўзаллик, муҳаббат ҳар кимнинг ўз қалбида эканлигини тушунтиради. Мажозий қилиб айтганда, Жамоли Мутлақ ишқида юрган Солиҳ ўзлигини англамас экан, борлиқ оламни ҳам англай олмаслиги уқдирилади. 2101 байтлик “Ҳусну Ишқ” достонининг тили ширали, бадиий санъатларга бойдир. Достонни В.М. Кўжатурк насрга ўгириб, 1944 йил Истамбулда нашр қилдирган.
Ўрта асрлар Шарқ адабиётида бу мавзуда кўплаб асарлар яратилган. Форс шоири Фаттоҳийнинг “Ҳусну Дил” достони турк шоирлари орасида машҳур бўлган. Бу достон таъсирида 16 асрда яшаб ижод этган турк шоирлари Ломий, Валий, Ахийлар ҳам асарлар яратганлар. Шайх Ғолиб ҳам Фаттоҳий номини тилга олиб ўтади.
Тасаввуф руҳида достон ва ғазаллар ёзган, илмий асарларга шарҳлар бағишлаган Шайх Ғолиб ХВIII аср турк шеъриятининг йирик намояндаси эди. У тариқатда ҳам, шеъриятда ҳам Мавлоно Жалолиддин Румийга эргашди, унинг асарларини қайта-қайта мутолаа қилди. Фузулий ғазалларидаги таъсирчанлик, Ноилий мисраларидаги ҳассослик ва нозиклик, Набий сатрларидаги фикрий теранликни Ғолиб ижодида ҳам кўрамиз. Шайх Ғолиб шеъриятидаги тасаввуф зоҳирий эмас, кўпроқ ботинийдир. Унинг шеърларида ҳаёлот жуда рангли ва айни пайтда жонлидир. Шу хусусиятларидан келиб чиқиб, Шайх Ғолибни турк девон шеъриятининг сўнги улуғ шоирларидан десак бўлади.

ШАЙХ ҒОЛИБ ҒАЗАЛЛАРИДАН

Халқа-халқа кокулингни доғ-доғ бўлди кўнгил,
Хуш келиб девоналик доғ усти боғ бўлди кўнгил.

Гарчи роҳи рост атвори сулуки мустақим,
Раҳбарлар* касратиндан** гум суроғ*** бўлди кўнгил.

Гавҳар айлар жолаи гулзорини моҳтоби ишқ,
Кирми шабтоб**** эрди, эмди шабчироғ бўлди кўнгил.

Ошинойи сурат ўлмас маънийи анқо каби,
Узлат этди эшитганлардан йироқ бўлди кўнгил.

Кечди шаъми сийнага монандаи фонуси нур,
Меҳри моҳдан кони гунжи фароғ бўлди кўнгил.

То етишгай Ғолибга файзи дами Монлойи Рум,
Най каби роҳи нафасда кўз қулоқ бўлди кўнгил.
__________
* Раҳбар – йўл кўрсатувчи.
** Касрат – кўпчилик.
*** Гум сироғ – адашиш.
**** Кирми шабтоб – тилла қўнғиз.

* * *

Гул оташ, гулбун* оташ, гулшан оташ, жуйбор* оташ,
Самандар* тийнатани ишққа басдир лолазор оташ.

Ҳамон эй, соқий бир соғар тутгил дасти дилдора,
Ғазабла базма келди шаъми мажлисваш ёнар оташ.

Насим оташ чиқарди ғунчайи боғи умидимдан,
Ташлади гулшани аъмолига барқу баҳор оташ.

Хаёли ҳасрати холингга оҳ этганда ушшоқнинг,
Шабъи фурқатда* ҳар дам аҳтарон* айлар нисор оташ.

Менга дўзахдан эй моҳ, дам урар гулзорлар сенсиз,
Дарахт оташ, ниҳол оташ, гул оташ барқу бор оташ.

Мураккабдир* вужуди то азал якпора сўзишдан*,
Аносирдан* магар ушшоқа бўлмишдир дучор оташ.

Чароғи базми ҳажри* бўлғаним ёпмиш ёқиштирдим,
Кўнгул парвонасинда вуслат оташ, интизор оташ.

Баёни сўзиш айлар ҳар ким истеъдоди фитратдан
Этар баржаста* ошиқ мисрайи рангин чинор оташ.

Магар килки сабук-жавлонинг бўлмиш гармрав* Ғолиб,
Замин оташ, замон оташ, бутун нақшу нигор оташ.
____________
* Гулгун – гул нигоҳи.
* Жуйбор – ариқ.
* Самандар – олов ичида яшайдиган, оловдан чиқса ўладиган ҳайвон.
* Шабъи фурқат – айрилиқ туни.
* Аҳторон – юлдузлар.
* Мураккаб – таркиб топган, вужудга келган.
* Сўзиш – ёниш.
* Аносир – унсурлар.
* Базми ҳажр – ҳижрон базми.
* Баржаста – латиф.
* Гармрав – иссиқ

Адхамбек Алимбековнинг «Турк адабиёти тарихи» (ТошДШИ нашриёти. 2005) ўқув қўлланмасидан олинди.