Шамси Белли (1925-1995)

Шамси Белли (Şemsi Belli) Малатиянинг Арапкир вилоятига тегишли Қизилушоқ мавзесида (1925) туғилган (бу жой ҳозир Арғувон вилоятига Янгисуш номи билан ўтказилган). Анқара ва Истанбулдаги турли лицейларда, Анқара рўзномачилик олий ўқув юртида социология курсидан дарс берди. 1970 йилда Анқарада «Мамлакат», 1975 йилда Истанбулда «Сўнгги почта» номли рўзномалар чиқарди. Ҳар икки рўзнома 10 йил мобайнида чиқиб турди. Бир қанча тадқиқот китоблари турли тилларга ўгирилган.
Шеър китоблари: «Қишлоқ оқшомлари» (1947), «Мунчоқ қутиси» (1960), «Тарвуз тилими» (1964), «Ога эшиги» (1975).

ГЎЗАЛ ЖУДА ГЎЗАЛ

Номинг-ла мактублар тўлиқдир
Қонунларда, қарорларда сен.
Энг гўзал шеърларда сен куйланурсан
Қўшиқларда, туркуларда сен.
Балиқлар талашур улуғ денгизларда
Тўда-тўда
Ва секин-секин.

Кимнингдир мағрур,
Кимнингдир ҳуркак
Боқишларида сен,
Қанотларнинг учларида сен.

Оппоқ отларнинг ёлларида сен.
Сен
Танкларнинг заттжири изида.
Сен
Сургундаги маҳкумларнинг кўзида.
Тўлдирилган ўқдонларнинг иссиқлигида
Келинчак қизларнинг юзида: Сен.

Исмингни тилга олсам урарлар.
Исмингни тилга олсам зиндонга соларлар.
Исмингни тилга олсам барча қўшиқлар тинар
Қўшиқлар бошланган жойда
Байроқнинг олдида сен
Ҳар кимнинг кўнглида сен!

Занжирлар узилар бўлак-бўлак
Сенинг учун
Ҳайкаллар тикланар майдонларда.
Сен туфайлидир
Сўқмоқларни гўлдирган овозлар
Кўшиқларни тўлдирган яра.

Сен гўзаллар гўзали
Тенгсиз севгили
Миллионлар учун ушалмас орзу
Яшамоқдан тотли
Ҳаётдан гўзал
Жоним ҳуррият!..

ПУЛ

– Пул!.. дедим,
Қинидан чиқарилган тезланган ханжар
Ипак бўлди.

– Пул!.. дедим.
Ёлларини юлди ҳамма арслонлар
Кўппак бўлди.

– Пул!.. дедим.
Шаклини унутти юмалоқ дунё
Тўртбурчак бўлди.

– Пул!.. дедим,
Дурларини тўкди олтин жом
Бир шиша бўлди.

– Пул!.. дедим,
Номусидан кечди, суюнди аёл
Фоҳиша бўлди.

– Пул!.. дедим,
Суратлар ўзгарди, фикр ўзгарди
Ғазаблар завқ бўлди.

– Пул!.. дедим,
« Йўқол, лаънат» деган қаҳрли лабларда
«Яша!.. Кўп яша!..» бўлди.

КУРК ТУХУМ

Улардамиди ҳамма айб
Ҳосил учун нима эқдингиз?
Кимингиз зўравон,
Кимингиз қотил,
Қимингиз жосус…
Ўнгланмадингиз,
Ақл кирмади жунбошлар,
Қўрқувдан тўрга тушдингиз.

ТИШ ОҒРИҒИ

Қўлимни тишлади,
Қочди
Сўнгра
Даволаш пулидан қочди
Тишларим оғриди дея.

ДЎСТ ИШИ

Бир одам бор эди,
Тош ёмғирига тутгандилар уни
Тўрт томондан,
Боши
Тўши очиқ эди.
Бир тўппонча бердим қутулсин дея,
Биринчи ўқни
Менга отди.

ЖАЗО

Синдирдим ҳамма қаламларимни,
Нимага ҳам ярар
Сен ҳақда ёзмагандан сўнг.

УНУТИЛГАН КЎНГИЛЛАР ЁДГА СОЛИНМАС

Зиракни унутдинг
Бердим
Рўмолчангни бердим
Тасмангни бердим
Аммо кўнгилни
Уни бермасман ҳеч қачон.

Туркчадан Азиз Саид таржималари