Ризо Тавфиқ Фикрат (1869-1915)

Турк адабиётининг йирик вакили Ризо Тавфиқ (Rıza Tevfik Bölükbaşı) 1869 йилда Эдирнадаги Жисри Мустафопошо қасабасида туғилган. Отаси ўқитувчи Меҳмет афанди, онаси Кавказ черкасларидан Мунира хонимдир.
Талабаликдан ижтимоий ҳаётга фаол аралашган Ризо Тавфиқ 1907 йилдан яширин ҳаракатдаги «Иттиҳод ва тараққий» жамиятига киради. Иккинчи Машрутият (конститутция, 1908) эълони кунларида майдонлардаги нутқлари билан  Истанбул халқига  танилади, сайловда Эдирнадан миллат вакили этиб сайланади ва Миллат Мажлисида фаолият кўрсатади.
У асосан донишманд, файласуф шоир сифатида танилган. Бунда унинг инглиз, француз, иброний (иврит), форс, араб, испан, рум-юнон, армани каби қатор тилларни чуқур билиши, кўп фанлардан теран хабардорлиги муҳим ўрин тутган. Шарқ ва Ғарб маданиятини бирдай кенг эгаллаган. У ўсмирлигидаёқ илк шеърларини арузда битган. Турк халқ адабиётини севиб ўрганган, фолклор мавзусида кўплаб тадқиқотлар яратган, шунинг учунми, бармоқ вазнидаги асарларида бахшиларча жўшқин оҳанглар бўртиб туради. У ижодининг бошланишида Тавфиқ Фикрат ва Абдулҳақ Ҳамид таъсирига берилади. Бу ҳақда унинг ўзи шундай дейди: «Айниқса, Ҳамиднинг сеҳри таъсирига тутилдим. Баъзи асарларини шиддат-ла танқид этганим ҳолда шоир ўлароқ уни барчадан устун кўрардим».
Шоирнинг Навзот Кўсуғли тарафидан нашр этилган 12 жилдлик «Буюк турк классиклари антологияси»га кирган, профессор Шариф Оқтош тайёрлаган айрим шеърлари таржимаси илк бор ўқувчиларга тақдим этилмоқда.

УЧИНГ, ҚУШЛАР

Эй қушлар, учинг мен туғилган ерга –
Энди у тоғларда ғуж сунбул бордир.
Ўрмонлар қўйнида сап-салқин дара,
Тиканлар ичида сариқ гул бордир.

Сой оғир оқадир, тўлғунми, билмам,
Ой оғир хастами, сўлғунми, билмам,
Бахтсиз бир келиндай маҳзунми, билмам,
Тоғларин бошида қора тул*  бордир.

У ерда энг гўзал чоғ ўтди, дейман,
Эслаб у кунларни бугун инглайман,
Умрим достонини ўқиб, тинглайман,
Ичимда у ерлик бир булбул бордир.

Учинг, қушлар, учинг! Бунда вафо йўқ!
Ундай оқар сувлар, ундай ҳаво йўқ!
Фарёдимга қарши акси садо йўқ,
Бу ёнғин еринда совуқ кул бордир.

Эй Ризо, дард-қайғинг бошингдан ошқин,
Айтсанг, туганмайдир алами ишқинг,
Сенда денгиз каби ҳар доим тошқин,
Ҳар чоғ тўлқин урган бир кўнгул бордир.

____________
* Т у л – парда.

АНАТЎЛУ

Анатўлу-Султон Усмон ўсган юрт,
Туғрулбекнинг қўноғидир у эллар.
Миллатимиз шунда униб, топди қут,
Бизга она қучоғидир у эллар.

Усмонлилар унутмасин сўйи*ни
Бу ўлкада ошдик ҳудуд бўйини,
Бунда бўлди урушлар-ўт ўйини,
Оталарнинг ўчоғидир у эллар.

Бу давлатга унда тамал отилди,
У майдонда жон олиниб-сотилди;
Милтиғу тўп отиб, йўллар ўтилди,
Қаҳрамонлар ўртоғидир у эллар.

Бир замонлар қироллардан тож олдик,
Учган қушдан, оққан сувдан бож олдик,
Қанча қирриқ, ёвуз ёвдан ўч олдик-
Бу куч-қувват булоғидир у эллар.

Қанча ғозий бунда келиб-кечдилар,
У сойлардан обдаст олиб**, ичдилар,
Мамлакатлар фатҳ этдилар, кўчдилар,
Эранларнинг туроғидир у эллар.

Ҳар вайрони узра бир эр-аскар бор,
Мақбаралар ичра неча сарвар бор;
Билмам, қайда бундай бахтли бир ер бор?
Улуғ Каъба тупроғидир у эллар.

Ўрмонида турли қушлар сайрайдир,
Яйлоғида қўй-қўчқорлар яйрайдир,
Далаларда олтин бошоқ қайнайдир,
Кўнгилларнинг овлоғидир у эллар.

У ерларда асл туркнинг аймоғи,
Жавоҳирдир бутун тоши-тупроғи,
Чечак исли кумуш оққан ирмоғи,
Бойлик кони – ётоғидир у эллар.

Юртсеварлик ҳар туркнинг ишқ савдоси,
Мамлакатдир кеча-кундуз рўёси,
Аскарларнинг келин-куёв сарпоси,
Севишганлар чорбоғидир у эллар.

Ризо! Бунда ҳар ким қурбон бўлгандир,
Тупроқ ичра ётган онанг, отангдир…
Анатўлу асил эски ватандир,
Онамизнинг қучоғидир у эллар.

_____________
* С ў й – ирқ, сулола.
** О б д а с т  о л м о қ – таҳорат қилмоқ. (Тарж.)

ТАВФИҚ ФИКРАТ РУҲИГА

Эшитдим – қаровсиз мозоринг чўкиб,
Ўт-ўлан босибдир, кўргани келдим.
Бу жаннат боғида дуолар ўқиб,
Хокингга юзимни сургани келдим.

Эшитдим – сенга ким кўнгил боғласа,
Қабрингда тиз чўкиб, бир дам йиғласа,
Муродга етармиш… Мен ҳам бир лаҳза
Йиғлаб, муродимни сўргани келдим.

Шу ҳижрон йилининг сўнг баҳорида,
Шудринглар титраркан чаманзорида,
Кун чиқмасдан олдин, дўст мозорида,
Мотам чечакларин тергани келдим…

Эслашдик сени ғам чекканлар билан,
Ишқу ҳақ учун ёш тўкканлар билан.
Шу сариқ ғунчали тиканлар билан
Тошдан бир гулчамбар қургани келдим.

Ёдинг ўлим каби бир сирри мубҳам!..
Севмоқ нашъасими бу ҳисси алам?..
Руҳимга не афсун айладинг, билмам…
Бу кун сенга кўнгил бергани келдим!..

ҚАЛАНДАРИЙ

Харобот аҳлимиз. Бу бир оламдир.
Шавқ ила унда дам сурганларданмиз.
Ҳисоб сўрма биздан, биз ҳайли дамдир,
Дафтари аъмоли турган*ларданмиз.

Юрак қонин ичдик базми сафода,
Жовидон завқини топдик ризода,
Аҳдга содиқ туриб вақти балода,
Кўксин қаҳр ўқиға керганларданмиз.

Тўймас нафсимизни осдик шу дорга,
Жилмайиб сар бердик Улуғ Сардорга,
Бир ғамза йўлида дийдори ёрга
Жону бош, кўнгилни берганларданмиз.

Дарс олиб жононнинг фаттон кўзундан,
Шеърлар машқ айладик ширин сўзундан,
Яширин бир йўлдан-ботин юзундан
Каъбаи мақсудга кирганларданмиз

Ишқ нури инаркан дили огоҳга,
Руҳ қушин учирдик ул қурбгоҳга!..
Ота ўчоғидир, биз у даргоҳга
Дастурсиз кирганча юрганларданмиз.

Таважжуҳ қилмадик боби ниёзга,
Ирфон-ла эришдик рутбаи нозга;
Биз ҳам ошиномиз шабадабозга,
Парданинг ортини кўрганларданмиз.

Ориф бўлсанг агар, комилга эгил,
Илминг-ла овунма! Сен ўзингни бил.
Маърифат боғидан нафақат бир гул,
Даста-даста чечак терганларданмиз.

Ҳей, Ризо! Орифмиз, дарвишниҳодмиз,
Барча боғловлардан узилдик, шодмиз!
Ўзида йўқ мастмиз, ғамдан озодмиз,
Бошни майхонага урганларданмиз!..

___________
* Т у р г а н – тўхтаган маъносида. (Тарж.)

ҒАРИБ ҲОЛАТ

Ҳасратинг алами кўнглимдан тошар,
Ҳижрон оғусига тўлган чоғимда.
Ситамдийда руҳим сенинг-ла яшар,
Йиғлаб, сукутларга толган чоғимда.

Гоҳ ёдинг тиғ каби зеҳнимни тилар,
Хоин ишқ қалбимга урар панжалар,
Руҳимда очилар оппоқ ғунчалар
Дудоғинг муштоғи бўлган чоғимда.

Сенга, эй, вафосиз, эрка севгилим,
Арзи ҳол этмоқдир тотли амалим,
Бироқ ҳузурингда тутилар тилим,
Кўзингга термулиб қолган чоғимда.

ТАНИШ ГЎЗАЛ

Отини билмасдим, фақат танирдим –
На нозли бир чечак тақиши борди!
Қизғиш сочларини оловми дердим,
Қуёш нури каби ёқиши борди.

Кунботар шафағи байроқ тикаркан,
Кўлларга кўлкалар кўркам чўкаркан,
Сочбоғини ечиб, ёйиб-тўкаркан,
Сочин тўлқин-тўлқин оқиши борди.

Ҳуснида бир адо борки, осийди,
Мени хароб этган у адосийди!..
У шоир кўнглимнинг ошиносийди –
Юзимга бир шеърдай боқиши борди…

ШОМИ ҒАРИБОН

Бир оқшом овора кезаркан қирда,
Бу ер парилар-ла маскун деб билдим;
Ҳайрат-ла боқаркан, бу ваҳшатзорда
Ҳуснининг асрори тўлғун деб билдим.

Юраркан, мен билан тоғ-тош юрарди,
Ҳар оғоч кўлкаси ёндош турарди,
Инондимки –мени ҳар не кўрарди,
Ҳузурим-ла олам мамнун деб билдим.

Азалдан беридир бу хилват ҳужра,
Аллалар айтилган бу салқин дара,
Сирини менга ҳам очди шажара-
Ёшлигим шу ерда мадфун деб билдим.

Арчалар – қанотин керган ҳумодай,
Ўтлоқлар –юлдузлар тўла самодай,
Чечаклар – ажойиб бир муаммодай!..
Не кўрсам, лол қолдим, афсун деб билдим.

Ошиқ булбул эрдим, дил сайрар эрди,
Сарвистон ичинда кимдир куларди,
Чечаклар қушлардан ўпич тиларди,
Коинот ишқ ичра мажнун деб билдим.

Йилнинг тугаётган куз фасли эрди,
Булут, япроқ-тупроқ нафасли эрди,
Сарвилар қорайган, қафасли эрди,
Ўйчан қояларни маҳзун деб билдим.

Мағрибий ёқмишдир фурқат оташин,
Боғлар фарёд уриб чорларкан қушин,
Тоғларга суянган даврон қуёшин
Ярадор бир хаста, ҳорғин деб билдим.

Ичдим ул қуёшнинг оққан рангини,
Руҳимни гулхандай ёққан рангини,
Уфқда кўраркан ол қон рангини,
Фалаклар мен каби дилхун деб билдим.

Тоғлар кўм-кўк эди, сувлар қирмизи,
Булоқлар бошида бир пари қизи…
Юзиндан ўпаркан оқшом юлдузи,
Мовий кўзларига мафтун деб билдим.

Чўлларда ёнган ўт-наъралар бордир,
Кўллар қирғоғида лолалар бордир,
Узоқдан келгувчи нолалар бордир,
Ярадор бир оҳу сургун деб билдим.

Куннинг жон талашган сўлғин лабидан
Гўзаллик рангини ичар Ой, чаман…
У кеча борлиқни жонда кўраркан,
У ернинг моҳтобин гулгун деб билдим…


КЕЛ, ДАРВЕШ

Кел, дарвеш, бери кел, ёбонга кетма,
Ҳар неки ахтарсанг, инон, сендадир.
Нафсингга беҳуда азият этма,
Мақсуд Каъба эрса, Раҳмон сендадир.

Чўлларда тентираб, саробга боқма,
Оллоҳ деб булутга – саҳобга боқма,
Толиби ҳақ эрсанг, китобга боқма,
Ўқишни билолсанг, Қуръон сендадир.

Илминг-ла бир қилни сен қирқ ёрарсан,
Кўрганинг ҳар тушда бир ўзинг борсан,
Атрофдан не излаб, кимга қарарсан?
Бу фоний қуббани қурғон сендадир.

Қилни қирқ ёришни илм-ирфон дема,
Униси яхшидир, бу ёмон дема,
Шуниси тўғридир, бу ёлғон дема,
Ҳеч бирин асли йўқ, ёлғон сендадир.

Айри маъно берма куфр ила динга,
Бориб-келаверма шакку яқинга,
Ҳар ориф огоҳдир сирри муъбинга,
Васвасанг куфурдир, имон сендадир.

Кир кўнгил шаҳрига, айлан бир карра,
Қиёс эт-не эрур қуёшу зарра,
Эзгулик, ёвузлик илкингда, қара,
Ёмонлик истасанг, шайтон сендадир.

Жилва этсин десанг камол ила ҳақ,
Манманликдан кечиб, бир ўзингга боқ,
“Аналҳақ” сўзини тилдан тут йироқ,
Лофга қулоқ тутма, ирфон сендадир.

Аввало нафсингни  чиқар орадан,
Бир рангга бўянма оқу қорадан,
Кўнглингда яратган нури бор-нурлан!
Зулматда изғима, Яздон сендадир.

Эшитдим, отасиз бир ўғилмишсан,
Жаннатда туғилиб ҳам қувилмишсан,
Касрат-кўплик истаб, кўп бўғилмишсан,
Оллоҳнинг айби не? Исён сендадир.

Ғайридан изларсан дардингга чора,
Қурт-қушга бердингми дон-дун бир бора?
Жаннатдан чиқдингу кездинг овора,
Ҳаввони алдатган илон сендадир.

Шонинг кўп юксакдир, нетар паст бўлсанг?
Ҳар нега топингунг бутпараст бўлсанг.
Бодайи ишқ ила агар маст бўлсанг,
Ўзингга кел, ошиқ, жонон сендадир.

Жоҳил жозибага ҳақ дея боқар,
Қўрқиб ҳар инс-жинсга шамчироғ ёқар,
Бу сайли ҳаводис тўхтамай оқар,
Илалабад боқий қолғон сендадир.

Манбаи сендадир файзи ҳаётнинг,
Келиб-кетган жонлар у нафоҳатнинг,
Ҳайрон бўлаверма, бу коинотнинг
Бори бир қатрадир, уммон сендадир!..

Ҳар ненинг борлиғи сенинг ўзингдир,
Ўзингни бут кўрган ички кўзингдир,
Бу мулкка ҳукм этган сенинг сўзингдир,
Дилинг бир тахт эрур, султон сендадир.

Ҳей Ризо, тоқат йўқ ҳақ инкорига,
Сен маҳрам эмишсан ёр дийдорига,
Энди огоҳдирсан сир-асрорига:
Оламни яратган виждон сендадир.

Туркчадан Тоҳир Қаҳҳор таржималари

СЎЛҒИН БАҲОР

Баҳор бўлсин, баҳор бўлсин, бу кўнглим,
Бироз кулсин ва шодлансин дер эдим.
Бу дунё бир фараҳлансин дер эдим,
Баҳор бўлди, бутун лаззат-ла, кўрдим,
Жаҳон шондир, беҳиштдан нишондир,
Фақат кўнглим яна сўлғин хазондир.

Барча жилоси-ла, оҳанги-ла гулшан
Кулар нашъа-ла, лекин менга ғамгин,
Табиат-да кўзимда ғамли, чиркин,
Совуқ бир ҳаво, даҳшатли кафан,
Қандай сармаст оқар ёнимдан анҳор,
Менинг кўнглим эрмас бундан хабардор.

Дарахтлар-ла безанмиш кенг уфқдан
Эсган еллар, совуқ гўё нафасдай,
Кўк кўринар менга бир тор қафасдай,
Изғиринлар ҳамон келар уфқдан,
Кезар бир дард, мусибат бу ҳавода,
Билмам бу не, нима бордир фазода!..

Узоқдан бир ҳасратли нидо келар,
Гўдак йиғлар, англарсан бу бўғиқ сас,
Кўнглим тўлар, бошқа бир сас эшитмас,
На булбулни, на гўзал қўшиқ тинглар –
Келган саслар буткул ғамдир, кадардир…
Чечаклар-ла очилмиш яралардир.

Бўғар экан руҳни совуқ изғирин,
Кеча эрмас, кундуз бўлсин дер эдим,
Баҳор бўлсин, баҳор бўлсин дер эдим,
Баҳор бўлмас бундан ортиқ нашъали,
Нима учун аримас дард, малолим,
Не учун шод бўлмас кўнглим, хаёлим.

МИЛЛАТ ҚЎШИҒИ

Борлиғимиз жабру жафодан бўлди минг пора,
Санчилди муқаддас ватаннинг бағрига бигиз.
Бирликда топайлик дардга бирор-бир чора,
Жони бир, қони бир, шони бир биродарлар – биз!

Миллат йўлидир, ҳақ йўлидир биз бошлаган йўл,
Эй, ҳақ, яша, эй севикли миллат, яша, бор бўл!

Кел, эй дўсти азиз, мушфиқ онанг мени чорлар,
Қутқар, у шўрликни ночорлик, зўрлик зулмидан,
Сенга боқиб, жисми қалқиб, эл-юрт зорланар,
Ўзни асраб четда турсак – оғир ўлимдан!

Ҳар онда гўзал сийнага ханжар санчарлар,
Топмасак чорасин юртни буткул янчарлар!

Зулмнинг тўпи бўлса, ўқи-ю қалъаси бўлса,
Ҳақнинг-да букилмас қўли, сўлмас юзи бордир,
Кўз юмма қуёшдан нури қанча қора бўлса,
Сўнмас ҳар кечанинг-да ёруғ кундузи бордир.

Миллат йўлидир, ҳақ йўлидир биз бошлаган йўл,
Эй, ҳақ, яша, эй севикли миллат, яша, бор бўл!

Мангу мерос бўлса ҳам аждодлардан бу чаман,
Оч-яланғоч яшайсан, чўчиб ҳатто кўлкангдан,
Энг буюк шарафдир миллат туғини тутсанг,
Силкин, эй, жаҳолат чанги учсин елкангдан.

Инсонлигин паймол этган олчоқларни йиғ ва ос,
Биллоҳ, ерда яшаш қуртдай судралмоқ эмас!

Не-не ҳақсизликни кўрдинг… Ҳайҳот, буми қонун!
Беҳад қашшоқланиб қолдинг… Ҳайҳот, буми давлат?
Давлат-да, қонун-да, йўқ, энди керак эрмас,
Ахир, етар энди бундайин зулми жаҳолат.

Миллат йўлидир, ҳақ йўлидир биз бошлаган йўл,
Эй, ҳақ, яша, эй севикли миллат, яша, бор бўл!

Туркчадан Тилак Жўра таржимаси