Ражаб Ҳифзий (1893-1918)

Ражаб Ҳифзий (Recep Hıfzı) Усмонли салтанатининг Қарс вилоятидаги Қағизман туманида яшаб ўтган халқ шоиридир.
Ражаб Тупроққалъа маҳалласидаги мадрасада таълим олади, Қуръонхон ҳофиз бўлиб етишади. Ўзи ҳам мактаб очиб, болаларни ўқитади, имом бўлиб хизмат қилади. Айни пайтда ошиқлар, яъни бахшилар йўлида шеърлар битади. Уйланади, уч фарзанд кўради. Афсуски, 1918 йил мартида хотини Сўна вафот этади. Бир ой ўтгач, Сариқамиш ва Арзирумдаги урушда турк қўшинларидан қочган армани тўдалари йўл-йўлакай қуролсиз мусулмонларни ўлдиради. Улар орасида Ҳифзий ҳам бўлган.
Бу йил шоир ўлимига юз йил тўлмоқда. Атиги йигирма беш йил яшаган шаҳид шоирнинг қўлёзмалари тўпланиб, турли йилларда нашр қилинган. Қуйида шоирнинг илк бор ўзбекчага ўгирилган шеърлари билан танишасиз. “Бечора бойқуш” марсиясини шоир ўн беш ёшида ўлган амакисининг қизи Зиёда (айрим тадқиқотчиларнинг айтишича, хотини Сўнанинг вафоти)га бағишлаган.

БЕЧОРА БОЙҚУШ

Нечун, ночор бойқуш, кезарсан бунда,
Йўқмидир ватанинг, элларинг қани?
Хафасан, саломга алик олмассан,
Шайдо булбул, ширин тилларинг қани?

Ажал тузоғини очолмасмисан?
Очиб-да ичиндан қочолмасмисан?
Озод айласалар, учолмасмисан?
Синиқми қанотинг, қўлларинг қани?

Тўпидан айрилса қўзи – фалокат,
Тоғларнинг қуш-қурти уни ер албат,
Қатордан айрилдинг, босдими калхат,
Турнам, қочарга ўнг-сўлларинг қани?

Очмисан, ҳеч йўқми овқатинг, ошинг,
Уйинг қоп-қоронғи, йўқми оташинг,
Ҳамхонанг ҳам йўқми, қани йўлдошинг,
Эшигингга туташ йўлларинг қани?

Қора ерда кўк бинафша битарми?
Баҳор, ёзда бойқуш сайраб ўтарми?
Боғ-роққа ўрганган чўлда ётарми,
Уйғон, ғариб булбул, гулларинг қани?

Бунда кўрпа, тўшак, ёстиқ бормидир?
Шундай кенг дунёда жойинг тормидир?
Ортда тош девору олдда ёрмидир?
Яшил бошли сўнам, кўлларинг қани?

Юргандинг-ку сўлу соғларимизда,
Ёш бир кийик эдинг тоғларимизда,
Янги ниҳол эдинг боғларимизда,
Фалак бутадими, толларинг қани?

Тўйингда кўп аччиқ шарбат ичилди,
Келинлик либосинг торми – бичилди?
Қадаб қўй тугмангни, кўксинг очилди,
Не бўлди, камарли белларинг қани?

Бормидир у қўлларингнинг хиноси?
Қорамидир кўзларингнинг биноси?
Қаридингми ўн беш йилнинг сўнграси?
Йўқмидир тоқатинг, ҳолларинг қани?

Эй, жигарим, оч эшикни, кирайин,
Хастамисан, ҳол-хотиринг сўрайин,
Сувсиз қолган бўлсанг, бир сув берайин,
Дарёлардан тошган селларинг қани?

Ёш жонингга ахир кўзлар қиярми?
Маъсум бошни тош ёстиққа қўярми?
Бўй қиз оқ бўз кийса, шу эл куярми?
Ўрасанг бўлмасми, шолларинг қани?

Ҳар келиб-кетганда салом берайин,
Нишонгоҳ у тошга юзим сурайин,
Кўтар ниқобингни, юзинг кўрайин.
Мунча сарғарибсан, олларинг қани?

Ётарсан узлатда ғамсиз, қайғусиз,
Алла, болам, алла, қолма уйқусиз;
Ғариб ҳам яланғоч, ҳам оч, ҳам сувсиз,
Эй, фалак фақири, молларинг қани?

Тағин сайронгоҳга чиқолмасмисан?
Чиқиб шу боғларга боқолмасмисан?
Турғизсам, оёққа қалқолмасмисан?
Тутай, менга узат, қўлларинг қани?

Сен ҳам Ҳифзий каби кечроқ уйғондинг,
Уйғондинг-да, тош ёстиққа таяндинг,
Асли хоним мисол қоврулдинг, ёндинг,
Еллар совурдими, кулларинг қани?

МАРҲУМАНИНГ ЖАВОБИ

Сендан хафамасман, амаким ўғли,
Ўлим лол айлади, тилларим йўқдир;
Эгди қоматимни, букди белимни,
Ўрнимдан туришга ҳолларим йўқдир.

Ажал тузоғини очолмас бўлдим,
Очиб-да ичиндан қочолмас бўлдим,
Озод айладилар, учолмас бўлдим,
Қанотим синиқдир, қўлларим йўқдир.

Қўзийдим, айрилдим сурувларимдан,
Тоғлар қон йиғлади оҳу зоримдан,
Калхат чўқир шул қонаган еримдан,
Тўкилди парларим, жиларим йўқдир.

Заҳарга айланди овқатим, ошим,
Ўчоғим буздилар, сўнди оташим,
На бир кимсам қолди, на-да йўлдошим,
Уй, мўри, эшигим, йўлларим йўқдир.

Билдиринг бойқушлар бундан кечганда,
Салом айтинг ҳар турналар учганда,
Оқ, қизил гуллар илк ғунча очганда,
Менга ҳам йўллангиз, гулларим йўқдир.

Бағрим ҳасратидан том ёнар бўлди,
Қаршим жар, қўналғам тош девор бўлди,
Шундай кенг дунёда жойим тор бўлди,
Қўниб ҳам сузолмам, кўлларим йўқдир.

Соғлиқда кезардим сўлу соғларда,
Кийикдек сакрардим қиру тоғларда,
Бутоқ ёйган ниҳол эдим боғларда,
Фалак кўп бутади, толларим йўқдир.

Тўйимда ҳам аччиқ шарбат ичилди.
Келинлик кийимим торроқ бичилди,
Вужудимда кўп яралар очилди,
Камар боғлаш учун белларим йўқдир.

Қора қошларимнинг ўсмаси сўлмиш,
Қора кўзларимга тупроқлар тўлмиш,
Гул рангим сарғариб, заъфарон бўлмиш,
Сўнмиш ол яноғим, ҳолларим йўқдир.

Хабар айланг, қушлар тутсин азасин,
Рўмолимга уя қурсин, яйрасин;
Қўймадилар тўлдиришга кўзасин,
Ҳовуздан айрилдим, селларим йўқдир.

Мен келганда, элимизда ёз эди,
Этганимиз шўхлик, жилва, ноз эди,
Сарпо йиғолмадим, умрим оз эди,
Кўчдим – кўйлакларим, шолларим йўқдир.

Онам мени бир қуш қилиб учирди,
Қолма, деди, боғларидан кўчирди,
Золим фалак чархда янчиб, ўчирди,
Қора кийдим, яшил, олларим йўқдир.

Ёру йўлдош мени тушларда кўрсин,
Кўрганлар хотирим, ҳолимни сўрсин,
Йўлдан ўтган-кетган фотиҳа берсин,
Фалак тиланчиси, молларим йўқдир.

Бир хастаман, сайронгоҳга чиқолмам,
Чиқиб, ёрнинг йўлларига боқолмам,
Суясанг ҳам мен оёққа қалқолмам,
Узатгани нозик қўлларим йўқдир.

Мен ҳам Ҳифзий каби шошиб уйғондим,
Уйғондим-да, тош ёстиққа таяндим,
Мисли Асли хоним қоврулдим, ёндим,
Чўл ели совурди, кулларим йўқдир.

ЧЕЧАКЛАР

Тағин ол, яшилга ерлар бўёнди,
Нақшланди минг алвонга чечаклар.
Руҳим иршод бўлди, кўнглим қувонди,
Бир жон бағишлади жонга чечаклар.

Яшилланар, бутоқланар, толланар,
Юз минг тусда товланару солланар,
Бири яшилланар, бири олланар,
Бири ботгай қизил қонга чечаклар.

Саҳарда йиғлади, раҳмат тиланди,
Гўзал кўзларида ёш доналанди,
Кунга қараб-қараб, парвоналанди,
Оз қолди ишқимдан ёнгай чечаклар.

Бағримдаги ханжармидир, ўқмидир,
Менинг дардим чечакдай кўп, чўғмидир;
Эй Тангрим, буларнинг дарди йўқмидир –
Нечун кулар бу девона чечаклар?

Саф тортмиш намозга, қиём этадир,
Ел эсаркан, саждасига кетадир,
Сувсар экан, обираҳмат ютадир,
Кўзин тикар ул осмонга чечаклар.

Руҳим қизил гулдан исини олса,
Ғам эмас, тикани кўксимни юлса,
Қай замон севганим сайронга келса,
Салом айтинг у жононга, чечаклар.

Боди сабо сарин эсар боғларда,
Маст бўлар-да, солланар-да, йиғлар-да…
Теран дараларда, юксак тоғларда
Лашкар тортмиш ҳар бир ёнга чечаклар.

Шўх қушлар ичинда парланар, кезар,
Хаста кўнгилларга дармонлар тузар,
Ҳар гул томиридан оқар сийму зар,
Арзир минг жавҳарга дона чечаклар.

Мусофирман, кўлкангизда қолайин,
Ҳар япроғингизга қурбон бўлайин,
Қўйинг, бирин узиб, сотиб олайин,
Не берайин бу гулшанга, чечаклар?

Шайдо булбул гулни доим чорлайдир,
Сайрар ёниб, юрагини торлайдир,
Қаршимизда юлдуз каби порлайдир,
Айлар мени бир парвона чечаклар.

Ҳикмати ботин-ку чечакка зоҳир,
Буларнинг сиррига эмасман моҳир,
Ҳар бири қийматлиғ лаълу жавоҳир,
Ўхшайдирлар дур, маржонга чечаклар.

Кибр этган кофирнинг иймони йитар,
Бу хор-зор тупроқда, кўр, нелар битар,
Топар кароматни, иршодга етар –
Огоҳ эса бир лисонга чечаклар.

Ирмоқлар, сойларнинг тиниқ сувлари,
Қушларнинг сеҳрлик у ҳув-ҳувлари,
Ел билан келадир гул хушбўйлари,
Ул жаннатдан бир нишона чечаклар.

Саҳарда уйғониб, уфққа юзланди,
Гўзаллар кезинди, ўтлар изланди,
Ҳаво булутланди, қуёш гизланди,
Ярашарми бу туманга чечаклар?..

Қай бири очилмиш ё ғунча бўлмиш,
Бирининг дарди бор, сарғайиб-сўлмиш,
Қай бири саргардон, ёт ерда қолмиш,
Айланмишдир ёй-камонга чечаклар.

Баъзилар иссиқдан безиб, ечинмиш,
Баъзилар сояда сақланиб, тинмиш,
Баъзилар эгнига алвон кийинмиш,
Хуш келдингиз бу сайронга, чечаклар.

Кел, эй Луқмон ҳаким, каттарди яра,
Илми ҳикмат керак, бизларга қара,
Чечакдан топдилар ўлимга чора,
Арзир бири минг дармонга, чечаклар.

Ҳароратдан қизиб, сал маст бўлибдир,
Ёноғига ёмғир томиб, кулибдир,
Юлдуз кўкдан ерга дув тўкилибдир,
Зийнат бермиш бу жаҳонга чечаклар.

Бул биллур пиёла, қорамтирдир ул,
Қандай ярашадир савсанга сунбул,
Бириси оқарган, бири қизил гул,
Ўхшар яна кўк райҳонга чечаклар.

Бир тўпи ошиқдир, базм айлар тўлиб,
Бир тўпи курашар паҳлавон бўлиб,
Оқар сувни ичарканлар тенг бўлиб,
Раҳмат дейдир у боғбонга чечаклар.

Булар хўп очилмиш, ҳолин сўрайин,
Кўзим қиймас, сўлмай туриб терайин,
Келтириб, дастасин ёрга берайин,
Бир-биридан нозикона чечаклар.

Ишқсизлар чечакка нени ҳам айтар,
Чечакнинг хушбўйи жононга кетар,
Кеча-кундаз тинмай йиғлар, зикр этар,
Инонадир ул раҳмонга чечаклар.

Гул бўғилар золимларнинг дастида,
Ўлим ҳақдир, ажал жонлар қастида,
Дўстлар турсин мозоримнинг устида,
Топширсинлар мени санга, чечаклар

Биз ҳам сизлар каби бир гулшан эдик,
Дарди ғам сўлдирди, зарнишон эдик,
Зотан-ку, азалдан паришон эдик,
Бадтар солди паришонга чечаклар.

Мен Ҳифзийман, сувлар каби оқарман,
Юрагимни ишқ ўтида ёқарман,
Энди бундан кейин тинмай йиғларман,
Ёшим ичсин қона-қона чечаклар.

БУМИДИР

Азал сайронида, жаҳон боғида
Бошимни балога солган бумидир?
Кеча-кундуз ҳасратида ёнганим,
Ақлимни бошимдан олган бумидир?

Сўйди, баданимда қонни қурутди,
Тешди юрагимни, ҳижрон юрутди,
Эту ёғни парча-парча эритди,
Айлаган жисмимни талон бумидир?

Танам титрайдиру бу жоним оғрир,
Сой оқар кўзимдан кўксимга тўғри,
Ўзи малаксиймо, жамоли ўғри,
Кўз кўра, кўнглимни юлган бумидир?

Ёрга мактуб ўқир тотли тилларим,
Ёзув билмас, қалам тутмас қўлларим,
Зулфин тузоғида қолди йўлларим,
Дардларим тубига толган бумидир?

Завқи–ҳури жаннат, ишқи–жаҳаннам,
Ботинимда юз минг фикру дарду ғам,
Зоҳиримда сўз ва суҳбат, хайли дам,
Оташи бағримга тўлган бумидир?

Қон бўлиб оқди-ку жигар пораси,
Дори қабул қилмас ишқнинг яраси,
Луқмон келса ҳамки йўқдир чораси,
Ҳар дардимга дармон қилган бумидир?

Найлайин дунёнинг давлату молин,
Етар севгилимнинг ҳусни камоли,
Ҳар дам назаримда нақши жамоли,
Хаёли кўнглимда қолган бумидир?

Ҳижрон зулматида нури ниҳоним,
Зимистон қиш ичра ёзу баҳорим,
Йиғлама, сабр айла, чашми дийдорим,
Бу жонимга жонон бўлган бумидир?

Субҳу шом номингни айтиб, ҳар дамда
Йиғларман, йиғларман, кўзларим намда,
Муҳаббат илмида, қафаси ғамда,
Ҳифзий, сени асир қилган бумидир?

ЁР, АЙЛАН-АЙЛАН

Ғафлатда овимни қочирдим, ҳайҳот,
Ёт овчи эмасман, ёр, айлан-айлан.
Азалдан муҳаббат, энди айрилиқ
Айлади жонимга кор, айлан-айлан.

Яшилбош сўналар кўлларга тушди,
Мажнун Лайло дея чўлларга тушди,
Савдойу сирримиз тилларга тушди,
Йўқми номус ила ор, айлан-айлан.

Қаршимда кўриниб, бағрим эзарсан,
Юзма-юз келганда қочиб, безарсан,
Не дейин? Нечун сен четда кезарсан?
Билолмай, бўлдим-ку зор, айлан-айлан.

Бу ағёрлигингми, йўқса нозмидир?
Чўлда учган ўрдак ва ё ғозмидир?
Ингранар турналар, баҳор, ёзмидир?
Ёғдирдинг бошимга қор, айлан-айлан.

Ишқинг занжирини бўйнимга тақдинг,
На йўлдош бўлдинг, на ташлаб, улоқдинг;
Чарчаган кийикдек ортингга боқдинг,
Қочма, бир сўроғим бор, айлан-айлан.

Улфатим борида ширин тил эдим,
Муҳаббат фаслида бир булбул эдим,
Азал боғимизда мен ҳам гул эдим,
Энди бўлдим тикан – хор, айлан-айлан.

На кундуз кундузим, на кечам кеча,
Хаёлинг кўнглимнинг тугунин ечар.
Ҳифзийнинг бағрига урдинг-ку ханжар,
Ҳар дарахт бошимда дор, айлан-айлан.

Турк тилидан Тоҳир Қаҳҳор таржимаси