Усмонлиларнинг 12-султони Мурод Хон III (1546, Маниса – 1595, Истанбул) девон адабиётининг машҳур шоирларидан эди. Унинг форсча, арабча ва туркча девонлари, “Футуҳоти сиём” номли тасаввуфга оид китоби бизгача етиб келган. У машҳур хаттот ҳам эди. Мурод Хон битган калимаи шаҳодат Истанбулдаги Аясофия жомеъсида, бошқа хат асарлари Истанбул университети ва Турк вақф хат санъатлари музейида сақланади.
УЙҒОН, ЭЙ КЎЗЛАРИМ
Уйғон, эй кўзларим, ғафлатдан уйғон,
Уйғон, уйқуси мўл кўзларим, уйғон.
Азроилнинг қасди жонгадир, инон,
Уйғон, эй кўзларим, ғафлатдан уйғон,
Уйғон, уйқуси мўл кўзларим, уйғон.
Саҳарда уйғонурлар жумла қушлар,
Тилу диллари бирла тасбеҳ бошлар,
Тавҳид айлар тоғлар, тошлар, оғочлар,
Уйғон, эй кўзларим, ғафлатдан уйғон,
Уйғон, уйқуси мўл кўзларим, уйғон.
Самовотнинг эшиклари очилар,
Мўминларга раҳмат суви сочилар,
Саҳарда турганга ҳулла бичилар,
Уйғон, эй кўзларим, ғафлатдан уйғон,
Уйғон, уйқуси мўл кўзларим, уйғон.
Бу дунё фонийдир, асло алданма,
Мағрур бўлиб, тожу-тахтга таянма,
Етти иқлим менинг дея инонма,
Уйғон, эй кўзларим, ғафлатдан уйғон,
Уйғон, уйқуси мўл кўзларим, уйғон.
Менинг, Мурод қулинг, айбимни афв эт,
Айбимни кечириб, гуноҳим раф эт,
Расулинг байроғи остида ҳашр эт,
Уйғон, эй кўзларим, ғафлатдан уйғон,
Уйғон, уйқуси мўл кўзларим, уйғон.
* * *
Чун гулистон ичра кўрдим андалиб
Дер эдиким ал-ҳабибу ал-ҳабиб.
Ўйлама бир гул учун айлар фиғон
Истар они ким топар Ҳақдин насиб.
Англа оқилсан бу сирдан бир хабар
Суратга боқма, лабиб ўлгил лабиб.
Неча бир ғафлатдасан бедод бўл,
Шу ердан бир кун чиқар савти ғариб.
Кел Муроднинг бу қаламин тинглаким
Бир каломи бор ажабдандур ажаб.
* * *
Кўнгул дарё дурур дарё ичинда
Ажаб пайдо дурур пайдо ичинда.
Кулиб аҳволини қалб англади чун
Анингчун қолибдур жо ичинда.
Ўзингдин айлади ҳиммат миёна
Солиб савдолари савдо ичинда.
Чун ўлди муздарич сабъал масоний
Этиб байзосини байзо ичинда.
Муроднинг ҳоли ажабдур ажабдан
Нелар таҳсил этар ғавғо ичинда.
Усмонличадан Давронбек Тожиалиев табдил қилди