Муассар Ениай (Müesser Yeniay) 1984 йили Измирда туғилган. Эгей университетида таҳсил олган. Туркияда шеърият соҳасидаги Юнус Эмро, Али Ризо Эртан, Анвар Гўкче мукокофтлари соҳибаси. «Тоғларга ошиён қурдим», «Қайтадан чизаман самони» каби бир нечта тўпламлари босилган. Жаҳон шеърияти вакилларини турк тилига, турк шеъриятидан намуналарни инглиз тилига таржима қилган. Шеърлари ўндан ортиқ тилларга ўгирилиб, чет элларда ҳам нашр этилган. Ҳозир «Şiirden» номли адабий журналда муҳаррир вазифасида ишламоқда. У «PEN» ва Туркия Ёзувчилар уюшмасининг аъзосидир.
РАЖМ*
Зоҳири – тун
ботин – айрилиқ
сўнгги кунни бугун
яшаётир дун
хаёлимни қоплаган бутун
ишқ тугар
юрак-чи
тошбўрон бўлган аёлдай
воқеликка беролмайди дош
юрагим –
Тангрининг менга отгани
энг баҳайбат тош
________
(ражм* – Исломда зинокорларни тошбўрон қилиш)
АЛЛОҲНИНГ УЙИ
Аллоҳнинг уйидан
қалб оролига
индик
давомий
замин уйидамиз
бадан самовий
ТУН КАРВОНСАРОЙИ
Бул тун
сўзлар айлайди хиром
бунда –
шуҳратинг карвонсаройида
бул кеча
шамс кўриб қувонган
майсалардай севинчим лим-лим
хаёл бор-ку
дея тўқ кўнглим
Туркчадан Аъзам Обид таржимаси