Ўрта асрларда яшаган турк шоираларининг энг машҳурларидан бири Меҳри Хотундир (Mihrî Hatun). Меҳри ижоди ва ҳаёти ҳақида маълумотлар кўп эмас. Унинг туғилган ва вафот этган саналари кўрсатилган манбаларда тафовутлар бор. Масалан, баъзи китобларда Меҳри 1456–1514 яшаб, ижод этганлиги кўрсатилган. Меҳрининг отаси Меҳмет Чалабий Яҳё қози бўлиб, Балоий тахаллуси билан ғазаллар ёзиб турган. Маърифатли инсон Меҳмет Чалабий қизи Меҳрига жуда яхши таълим беради. У турк, форс, араб тилларини яхши билган, адабиёт, тарих фанларини чуқур ўрганган. Ошиқ Чалабий ва Авлиё Чалабий ўз тазкираларида Меҳри Хотунни Меҳир-ун-нисо, Фахр-ун-нисо, Меҳрушоҳ деб улуғланганлигини ёзадилар. Шоира жисмонан жуда гўзал бўлганлигини замондошлари бир овоздан таъкидлаганлар. Аммо Меҳри бир умр турмуш қурмасдан ўтган. Меҳри ёшликдан бирга ўсган Муядзода Абдураҳмон Чалабийга кўнгил берган. Абдураҳмон Чалабий Хотимий тахаллуси билан шеърлар ёзган. А. Чалабий юқори давлат лавозимларида ишлаб, кўпгина ижодкорларга ҳомийлик қилган. Лекин, тақдир уларга кулиб боқмади.
Меҳри ғазалларида кўп учрайдиган исмлардан бири Искандар Чалабий номидир.
Уйқудан очдим кўзим ногаҳ, кўтардим мен сари,
Кўз солиб, кўрдим турар бир моҳи чеҳра дилбари.
Толеим келди ваё мақсадга етдим ғолибо,
Ким ётоғим ичра кўрдим тунда туғмиш муштари
Нур оқар, кўрдим жамолидан агарчи зоҳиран,
Ўзи ўхшарди мусулмонга, либоси кофари,
Кўзни очиб юмгунимча бўлди чашмимдан ниҳон
Шундоқ ташҳис этаманки -ё малакдир, ё пари.
Етди чун оби ҳаётга, Меҳри ўлмас то ҳашр
Кўрди чун шаб зулматида ул аён Искандари.
Боязид ИИнинг вазири Синон Пошонинг ўғли Искандар жуда қобилиятли, маърифатли инсон бўлган. Ривоятларга кўра, Меҳри ва Искандар Чалабий бир-бирини жуда қаттиқ яхши кўрганлар, бироқ нима учун турмуш қурмаганликлари ноаниқ.
Меҳридаги ишқ афлотунийми ё ботиний, бундан қатъи назар, шоира ғазалларида оташин ишқий мисралар, эҳтиросга тўлиқ сатрларда аниқ ёр образи ёрқин чизилган. Шоиранинг табиатан эркпарварлиги, оташнафаслиги қалби муҳаббатга тўлиқлиги ва ишқ йўлида қурбон бўла олиши унинг ғазалларидаги ёниқ сатрларда кўринади:
Гоҳ ҳажри ёр-у, гоҳ мени ғамлар ўлдирур.
Гоҳ васли дилбар ила кечган дамлар ўлдирур
Мана шоиранинг шу руҳдаги машҳур ғазалларидан бири:
Ошиқсен ишқ йўлинда сақлама номус-у ор
Жаҳд идуб бу йўлда жон бер, йўқса қўлдан кетти ёр.
Фориғ ўлуб гар кўнгилсиз истар эрсанг ёрни сен,
Ғофил ўлма, не ҳазар қил, ғайрининг бўлгай нигор.
Ер юзин ғарқ айлар эрсанг кимса силмас кўз ёшинг,
Сўнгра гар қон йиғлар эрсанг кунда минг қат зору-зор,
Ғунчанинг гулзорда турган чоғида фарёд қил,
Йўқса эртан гул сўлар, қолурсен эй мискин ҳазор
Дилбаринг доманини қутқаргали хор қўлидан
Ҳар гулистонга тағин юз урки, ким бору – не бор
Мард эсанг, ғайрат дамидир, изла ёвни ҳар нафас,
Доманига тар гулинг ёпишмасин туҳмати хор
Бир замон Меҳри фалакда сайр этарди, энди боқ,
Бу сабабдан бўлди-ку аёқлар остида ғубор.
1481–1512 йиллари Амаседа шаҳзода Аҳмад ҳукмдорлик қилган. Боязид ИИ нинг ўғли Аҳмад санъатсевар бўлиб, ўз саройига олимлар, фузалолар, мусиқачиларни йиғиб тез-тез базмлар ўтказиб турган, ўзи ҳам шеърлар ёзган. Аҳмаднинг шоирларга ҳурмати айниқса юқори эди.
Унинг саройида ҳар йили мушоира ўтказилиб, ғолиб шоир шу йилнинг энг яхши шоири аталиб, мукофотга сазовор бўлади. 1505 йилдаги мушоирада Меҳри Хотун биринчиликни олади. Мана шу фактнинг ўзи шоира салоҳиятига, талантига баҳодир.
Замондош шоирлардан Гувоҳий, Мақомий, Офтобийлар билан Меҳри Хотун яхши муносабатда бўлган. Ижодкор сифатида Исо Нажотий (?–1509) ижодига эргашган ва унинг ғазалларига назиралар бағишланган. Ҳар бир байтларида ҳаётсеварлик, туйғулар поклиги кўриниб турган Меҳри муҳаббатда ўзаро тенглик ва аёл қалбини тушунишни куйлайди.
“Начора бечора кўнглим бир дам ўлмас ёрсиз”, “Дўст ҳажрида дамо-дам бағрим қон айлаган”, “Йўлида жон бермоққа жонона келмиш” дея ёза олиш ўз даврида аёл шоира учун жасорат эди. Меҳри Хотун ғазалларида анъанавий образлардан янгича ташбеҳлар қуради. Ёр сочининг халқа-халқасини човгонга ўхшатиб, ўз бошини тўп каби нисор қилишга тайёр. Табиат гўзаллигини, баҳор нашидасини, безанган айёмни гўзал сатрларда чизади:
Гул каби келди яна олам баҳорила бу кун
Суратин кашф айлади гулзора ўхшар шаҳриёр.
Шаҳар турмуш тарзини яхши билган Меҳри Хотун турк адабиёти тарихида биринчилардан бўлиб шаҳар шаънига қасида битди. Шоирнинг “Шаҳри Лодик” мураббаси Лодик шаҳри таърифига бағишланган:
Ҳавоси мўътадилдир, суви кавсар,
Дарахти наруле сарв-у арар
Ўти райҳон-у сумбул ҳоки анбар
Не хуш яйлак эмиш бу шаҳри Лодик.
Турк шоиралари ичида шеърларининг самимийлиги ва равонлиги билан Меҳри Хотун алоҳида ажралиб туради. Бутун умри Амаседа яшаб ўзини бадиий ижодга бағишланган Меҳри Хотуннинг девони бир неча нусхада бизнинг давримизгача етиб келган. Уч нусхаси Туркияда, Истамбул университетида ҳамда Сулаймония ва Аёсофия кутубхоналарида. В.Д. Смирнов томонидан топилган бир нусхаси Санкт-Петербургдаги Осиё халқлари институтида сақланади.
МEҲРИ ХОТУН ҒАЗАЛЛАРИДАН
Йўлига жон бермоққа жонона келганларданмиз,
Толиби дард бўлибмиз, дармона келганларданмиз.
Бошимни тўп этмак учун зулфининг чавгонина,
Ишқинг майдонига мардона келганларданмиз.
Меҳрини кўнгилда муҳкам тутмишам, ҳақ сўзларам,
Сидқ ила Мансурваш урёна келганларданмиз.
Гулистон ҳуснининг ҳар кўшасинда дўстман,
Булбулигўё бўлиб афғона келганларданмиз.
Келмишам, ҳуснинг закотиндан ки шаюллоҳ этай,
Билма бу дарвешни жонона келганларданмиз.
Эй табиби дил, мени банд ила дармон вақтидир,
Зулфининг занжирина девона келганларданмиз.
Шаъми рухсорина жононнинг, эй Меҳри доимо
Ёнайлик парвонаваш, чун ёна келганларданмиз.
Адхамбек Алимбековнинг «Турк адабиёти тарихи» (ТошДШИ нашриёти. 2005) ўқув қўлланмасидан олинди.