Исо Масиҳий (1470-1512)

15 асрнинг охири 16 аср бошларидаги турк шеърияти оламидаги ёрқин юлдузлардан бири – Исо Масиҳий (Priştineli Mesihi) 1470 йил Албаниядаги кичик шаҳарлардан бўлган Приштинада туғилди. Исо Масиҳийнинг оиласи ҳақида, яъни унинг ота-онаси, қандай муҳитда болалиги кечгани тўғрисида деярли маълумотлар йўқ. Шоир ҳаёти ҳақидаги асосий фикрларни Латифий ва Ошиқ Чалабийларнинг (“Машоир уш-шуаро”) тазкираларига суяниб айтиш мумкин.
Бўлажак шоир ёшлигида Истамбулга келиб, мадрасада ўқийди. Шу билан бирга, хаттотликни ўрганади. Яхши хаттот, қобилиятли шоир бўлган Исо Масиҳий Боязид 2 нинг вазири аъзами Ходим Али Пошонинг назарига тушади ва султон девонига ишга олинади. Девон котиби Исо Масиҳийнинг даромади яхши бўлиб, табиатан ҳиссиётли шоир Истамбулда жуда завқли ҳаёт кечиради. Унинг меҳмондўстлиги, улфатбозлиги тезда бутун шаҳарга тарқалади. Вазир Али Пошо шоир Исонинг бутун “эркаликларига” кўз юмардиким, унинг ғазалларининг ашаддий мухлиси эди. 1511 йилда шиалар билан бўлган тўқнашувда Али Пошо шаҳид бўлгач, Исо Масиҳий ҳомийсиз қолади. Шоир шаҳзода султон Салим 2 га, садраъзамга бағишлаб қасидалар ёзади, бироқ ҳеч биридан илтифот кўрмайди. Кейинчалик Боснияга кетади ва ўша ерда вафот этади.
Ўз даврининг энг яхши лирик шоирларидан бўлган Масиҳий ғазаллари тилининг соддалиги, услубининг нафислиги, баён қилиш, тасвирлашнинг оригиналлиги билан ўқувчисини ўзига тортади. Шоир Масиҳий деб тахаллус танлаши ҳам бежиз эмас. У шеъриятга янги руҳ бағишлаш, ғазалиётни янада жонлантириб, юқори поғонага кўтаришни мақсад қилган ва бунга маълум маънода эришган ҳам. Шоир девони қасидалар ва ғазаллардан ташкил топган. Султон Боязид 2 га, Али Пошога, Ҳусан Пошога, Салим 1 га бағишланган қасидалари машҳур. 1511 йил Али Пошонинг ўлими муносабати билан ёзган марсияси ва илк баҳор тасвирига бағишланган мураббаси Исо Масиҳий ижодининг гултожи дейиш мумкин. Мурабба 18 асрдаёқ аввал лотин, сўнг франсуз, олмон, инглиз, рус тилларига таржима қилинган. Шеър қуйидаги мисралар билан бошланади:

Тингла булбул қиссасин ким келди айёми баҳор,
Қурди ҳар бир боғаро ҳангома ҳангоми баҳор
Бўлди симафшон анга изҳори бодоми баҳор,
Айшу нўш этгил, кечар, қолмас бу айёми баҳор.

Масиҳий ғазалларидаги бош мавзу севги, муҳаббат эди. Шу билан бирга шоир табиат кўринишларини ҳам ниҳоятда усталик билан тасвирларди. Табиат ҳодисаларидан гўзал поэтик ташбеҳ¬лар топарди. “Баҳор туманининг намлиги, тонгда нозик уйқудаги гулларни уйғотиш учун… тонг насими булбулларни сайрашга ундаётгандек”. Шоир ғазалларида ҳар бир гул маълум бир маъно, рамз ташийди. Ясмин – ёруғ кун тимсоли, бинафша – қоронғу кеча. Табиат тасвирини шоир шунчалик нафис, тиниқ тасвирлайдики, гўё ўша тасвир расмини кўраётгандек бўласиз. Шоир маҳорати ҳақида адабиётшунос олим В. Гарбузова шундай ёзганди: “Масиҳий Боқийдан олдин яшаган лирик шоирларнинг энг яхшиларидан бири эди. Унинг ғазали услубнинг ҳаддан ташқари чиройлилиги, тилнинг нисбатан соддалиги ва баённинг бирмунча оригиналлиги билан характерланади”. Исо Масиҳий турк адабиёти тарихида биринчи бўлиб, “шаҳарангиз” ёзган
шоирдир. Кейинчалик турк адабиётида жуда кўплаб “шаҳарангиз”лар ёзилди. “Шаҳарангиз” бирор шаҳар тасвирига, шаҳар мадҳига бағишланган шеърий асар. Масиҳий ўз “шаҳарангизи”да Эдирна шаҳрини улуғлайди ва кичикроқ достон дейиш мумкин бўлган бу асарнинг кириш қисмида шоир ўз гуноҳлари учун тангри олдида тавба қилади. Сўнгра шаҳардаги турмуш тарзи, айниқса ҳунармандлар ҳаёти жуда жозибали тасвирланади. Темирчи, ипакчи, пахта тозаловчи, ҳаммом ходими, табиб ва бошқа касб эгалари ҳақида маълумотлар берилади. Асарнинг тили ҳам жимжимадор эмас, кенг халқ оммаси яхши тушунадиган тарзда ёзилган. Достон тез орада машҳур бўлиб кетади. Замондош шоирлар бу асарга тақлидан Истамбул, Бурса, Маниса, Эскишаҳар каби ўша вақтдаги йирик шаҳарларга бағишлаб “шаҳарангиз”лар ёзадилар. Ломий, Ниҳолий, Фақирийларнинг “шаҳарангиз”лари бунга мисолдир.
Масиҳийнинг “Гули садбарг” деб номланган, насрда ёзилган, 100 мактубдан иборат асари ҳам маълум. Иншо тарзида ёзилган, тили равон бу асарни ўша давр насрининг намунаси дейиш мумкин. Асарда ёзиш санъати ҳақида сўз юритилади.
Масиҳий ҳақида Латифийнинг “Тазкира”сида, Огоҳ Сирри Левенднинг “Турк адабиётида шаҳарангизлар ва шаҳарангизларда Истамбул” китобларида озми-кўпми маълумот берилган.

МАСИҲИЙ МУРАББАСИДАН

Тингла булбул қиссасинким – келди айёми баҳор,
Қурди ҳар бир боғаро ҳангома ҳангоми баҳор.
Бўлди симафшон анга изҳори бодоми баҳор,
Айшу нўш этгил, кечар, қолмас бу айёми баҳор.

Қайта анвои шукуфи-ла безанди боғу роғ,
Айш учун қурди чечаклар саҳни гулшанда ўтоғ*.
Ким билур, то бир баҳорга ким ўлиб, ким қолди соғ,
Айшу нўш этгил, кечар, қолмас бу айёми баҳор.

Қилди шабнам қайта жавҳардор тиғи савсани,
Жолалар олди ҳавойи тўплари-ла гулшани,
Кез, томошо эрса мақсудинг мени эсла, мени,
Айшу нўш этгил, кечар, қолмас бу айёми баҳор.

Руҳлари рангин гўзаллардир гул ила лолалар,
Ким қулоқларига турли жавҳар осмиш жолалар.
Алданиб, ўйлама; булар шунда боқи қолалар,
Айшу нўш этгил, кечар, қолмас бу айёми баҳор.

Бу гулистонда кўринган лола, гул нуъман-ла,
Боғида қон олди чақмоқ ништари борон-ла.
Ориф эрсанг хўш кечиргил бу дами ёрон-ла,
Айшу нўш этгил, кечар, қолмас, бу айёми баҳор.

Абри гулзор устига ҳар субҳи гавҳар бор экан,
Нафҳаи бода саҳар пур нофаи тотор экан.
Ғофил ўлма, оламинг маҳбублиги то бор экан,
Айшу нўш этгил, кечар, қолмас бу айёми баҳор.

Олди, гулзор кўркин олди бу сиёҳ боди хазон,
Адл этиб аста-секин келди яна шоҳи жаҳон.
Давлатида бодалар ком бўлди соқи комирон,
Айшу нўш этгил, кечар, қолмас бу айёми баҳор.
_________
Ўтоғ – ўтов, уй, турар жой.
(Миртемир таржимаси)

МАСИҲИЙ ҒАЗАЛЛАРИДАН

Агар афсуни ажал боғламас эрса даҳаним,
Жон берарда лабининг зикри бўлар ҳар суханим.

Сен санам чеҳра учун гар мени даврон этса ҳок,
Юзингнинг оқлигига шаҳодат бергай кафаним.

Хори ҳижронинг сенинг оёғимга кирса ногоҳ,
Парилар ғамза ўқи бирла чиқаргай тиканим.

Шунчалар тўпу туфанг* отди ҳаводис менгаким,
Заҳмидан кўп хароба қалъага дўнди баданим.

Эй Масиҳий, мен агар қўл юварсам бу оламдан,
Офтобим бўлсин хуршид, ҳам фалак лаганим.
_____________
Тўфанг – милтиқ.

* * *

Яширмагин сочинг бўйини биздан,
Аё кутганимиз шумиди сиздан.

Айтдим бода даҳани ёр учун роз,
Хабар ҳам йўлладим унга оғиздан.

Соғиниб юраркан йўллар устида,
Аҳволинг сўрардик йўлдан, издан.

Содиқ эмиш магар зуҳдига сўфий,
Ки кўтармас бошин хилватда тиздан.

Рақибга, билмадик, нетдик Масиҳий,
Ки ҳеч олмаётир кўзини биздан.

Адхамбек Алимбековнинг «Турк адабиёти тарихи» (ТошДШИ нашриёти. 2005) ўқув қўлланмасидан олинди.