Кичик Искандар (1964)

Кичик Искандар (Küçük İskender – Derman İskender Över) 1964 йили Истанбулда туғилган. Илк шеър китоби “Кўзларим сиғмайди юзимга” номи билан 1988 йили нашр этилган. Муаллифнинг 3 та романи чоп этилган.

БИРИНЧИ КЕЧ…

Тонггача Сайрар бойқуш Кўкси, қўлларимда;
вақт мужавҳари каби юз йилнинг порлоқ Тонги
бир бутунга одам дамли ҳаво ҳаволарни тортдик
соғинчга интилдик
бурж суратли Аполлон боқишли ётоқларда:
танҳоликнинг черков қўнғироқлари остида ўпишдик
замон айб маросимларида
бир шам ёқсанг сўнади узоқликда…
кутилмаган чақмоқларда қолди ойдинлик; айтмадик!
айтилмаган қўшиқларда завққа тўлсин дея инсонлик
эгов ҳорғинликлар-ла чархланди юракларимиз
қарич-қарич… бўлак-бўлак…

Бармоқларинг сир тўла
темир йўллар гўё узун ва салқин
Зевснинг маҳбублари сокин йўловчи
кондукторлар каби кекса ва безгин Сўзларинг:
— “Хато бу! Хато бу!”
у н у т м а …

нафас-нафас очилар ҳазрат гуллар бемаврид
тож япроқларда акс этади куннинг сир жонлари
– толалари

ва у ерда
бир қўл отишда букилган қора бўйни ила
бир гул қиёссиз, оир тахт қуёшсиз!.
нурлар эгизак туғди буғди мени икки келин дудоқ
— бу мисра Шекспир номи билан эсланади —
— тутун ҳужуми, мингларча оч ўликни ортмоқлаб
қисматга ташиди
сув сиртлон сачради, қошларининг
ғурбат камалакларига тегди
бошида турганимиз шаршаралар кичраймоқда
— етиша оламиз
беғубор қиз – баҳорларнинг роҳатига эриша оламиз
Ёз бироз-да ел ўқисин балоғатини одатнинг
Ез бироз-да тахта қуруғи жасадлари қурисин
қуролли кечаларда
тилимга келган ҳар бемаврид ҳижжаларда
бир урғу ҳам Сен
бир маъно ҳам Сен
ёлғиз бошингга!…

1

Сочларингдан бўронларга соғинган
у лайлак қорлари остидан сен
ҳорғин бир юз-ла кўп унутилган
бир эртак қаҳрамони каби келдинг!

2

Мен ёлғиз ва хунук бир бола экан
узун бир мақолга ўхшатардим умримни
ва яна
жуда кулгили бир латифа деб билардим ўлимни
туш манзилимда қовушган

3

Сени севиш албатта бир иш қазосидир
қилинган жуда ёмон бир ҳазилдир юзим
истардим-ки бирга ўлайлик, бирга ўлайлик
сени жуда соғиндим шунинг учун хафаман!

4

Хато бурилиш
ишқ ила коммунизм тўқнашди
ишқ қўшув коммунизм
баробар ўз жонига қасд
имзо: Маяковский

5

Ўлсам бу дам ихтилол бўласан
имон кундаси, қатл кундаси
ўртада гуноҳ шишаси

6

Қўли синган бир бола кўрдим
гипсида на бир от на бир имзо

7

Янглишма
кеча эртанинг туғилган куни!

8

“Бир ярим”
сени ўпишга келаяпман манглайингдан
ёқангга бир мойчечак тақ!

9

Лир — қандай шоир бўлдингиз?
Кичик Искандар – бу бир тасҳиҳ хатоси!

Туркчадан Шермурод Субҳон таржимаси