Шоир Жоҳид Ситқи Таранжи (Cahit Sıtkı Tarancı) 1910 йил 4 октябрда Туркиянинг Диёрбакир вилоятида туғилган. Бошланғич таълимни Диёрбакирда, ўрта маълумотни Истанбулдаги Sain Joseph ва Галатасарой лицейларида олган. Олий маълумот олиш учун Парижга борди. Бироқ Иккинчи Жаҳон уруши бошланиши муносабати билан қайтишга мажбур бўлган (1940). Маълум вақтгача Истанбулга кўчиб ўтган отасининг ёнида тижорат билан шуғулланган. Шундан сўнг Анқарага ўтиб, Онадўли Ажанси (Хабар маркази), Тупроқ маҳсуллари Идораси ва Меҳнат Вазирлигида таржимон бўлиб ишлаган. Оғир касалликка учраб, гапириш қобилиятини йўқотган (1954). Туркияда даволаниш натижа бермагач, 1956 йил 6 сентябрда Австриянинг Вияна касалхонасига олиб борилди. Бироқ Виянада чамаси бир ойча умр кўргач, вафот этган. Анқарага кўмилган.
“Ўттиз беш ёш” шеъри 1946 йилги Шеър мусобақасида биринчи ўринни олгач, шоирнинг номи янада машҳур бўлган. Шоир шунингдек, шеър таржималари билан ҳам шуғулланган. Жоҳид Ситқи Таранжи айни пайтда яхши ҳикоянавис ҳам эди. 33 шеъри 1972 йилда Неждет Адабағ томонидан итальян тилига таржима қилиниб, Миланда нашр этилган. Ҳикоялари асосан “Жумҳурият” газетасида чиққан ва ҳикояларида Жевад Содиқ ва Ирфон Қудрат тахаллусларини қўллаган.
Шеърий тўпламлари: “Умримда сукут” (1933), “Ўттиз беш ёш” (1946), “Йиқилган гўзал” (1952). Шеърларидан намуналар ўлимидан сўнг “Сочмалар” (1971) ва “Барча шеърлари” (1983) номи билан китоб ҳолида нашр этилган.
Шунингдек, ўлимидан кейин “Зиёга мактублар” номли тўплами ҳам эълон қилинган. Бу китобда Жоҳид Ситқининг Галатасарой лицейида бирга ўқиган дўсти Зиё Усмон Сабога 1930-1946 йилларда юборган хатлари жамланган.
КУН ЭКСИЛМАСИН
На туққан кунга ҳукмим ўтар!
На ҳолимни англаган бордур.
Оҳ, ақлимдан ўлимим ўтар,
Сўнгра бир қуш, бир боғ ва бир нур…
Ва кўнгил Тангрисига дерки:
-Парвом йўқ сен берган аламдан.
Ҳар меҳнатга шайман, етарки,
Кун эксилмасин деразамдан!
ҚУЛОҚ БЕР
Қулоқ берки ҳавосида боғчамизнинг,
Кўк мовийлигидан, шох яшиллигидан,
Бир кўшиқ айтилмоқда ўз менлигингдан,
Қандай эшитсанг шу: шўх ёки ҳазин…
Қулоқ берки, руҳимизни дир-дир,
Барглардаги томирчаларни ҳам тиратган…
Бир қўшиқ айтилмоқда ўз менлигимдан,
Эшитганим сари умрим ортадир…
ҚЎРҚҚАН НАРСАМ
Кун чекинди деразалардан,
Ойналар ҳам қолишди якка.
Овоз келмас бўлди боғлардан,
Кўк гумбази дўнди қора бўёққа.
Сувлар узилдилар бу чашмалардан,
Қаердан тўлади, ҳовуз қаердан?
Ахир Наргис гуллар очилган ердан,
Бирон қуш учирмай қўйди аждарҳо!
На ёрдан кечилар ва на сирлардан,
Қўрқиб бораяпман бу кечалардан.
Бел боғлаб чиқсаму шу тепалардан,
Шу тонг қуёш чиқмай қолса-я?…
МАМЛАКАТ ИСТАЙМАН!
Мамлакат истайман,
Кўк мовий, яшил барг, далалари бўлсин;
Қушларнинг, гулларнинг диёри бўлсин.
Мамлакат истайман,
На бошида дард, на дилида ҳасрат бўлсин;
Ака-ука ғавғосига унда ниҳоят бўлсин!
Мамлакат истайман,
На бой, на фақир, сену мендан айри бўлсин,
Қишнинг узун тунлари, ҳар уйнинг хайри бўлсин.
Мамлакат истайман,
Яшамоқ, севмоқ қадар дилингдан бўлсин;
Бир шикоят бўлса, фақат ўлимдан бўлсин…
ЎТТИЗ БЕШ ЁШ ШЕЪРИ
Ўттиз беш ёш! Йўлни ярим этар!
Дднте каби умр ўртасидамиз,
Ўспиринлик чоғимиздаги гавҳар,
Ялиниш, ёлвориш бугун фойдасиз,
Кўзингнинг ёшига қарамай кетар.
Чаккаларимга қор ёғдими қор,
Менманми, Аллоҳим, бу ажинли юз?
Шу кўзлар остида турган ҳалқалар?
Нега бундай душман кўринаяпсиз?
Йиллар бўйи дўст билганим ойналар?
Вақт билан қандайин алмашар инсон?
Қайси суратимга боқсам мен эмас…
Қаерда у кунлар, ўша ҳаяжон?…
Бу кулиб турган ёш одам мен эмас,
Ёлғондир, қайғусиз бўлганим ёлғон!…
Хаёллардан барпо илк муҳаббатим,
Хотираси ҳатто бегона келар.
Ҳаётни баробар бошлаган дўстим-
Дўстларим йўлларда айрилиб қолар.
Ёлғизлик устимга босиб келар жим…
Кўк юзининг бошқа ранги бор экан!
Кеч билдим тоғларнинг сарт бўлишини.
Сув инсонни бўғар, олов ёқаркан!
Ҳар туққан куннинг бир дард бўлишини,
Инсон ушбу ёшга келиб топаркан!
Беҳи сариқ, анор қизил кузакда!
Ҳар йил оз-оз ўзлаштириб топганим-
Нега тунд учади қушлар узоқда?…
Бу қандай жаноза, бу қандай ўлим?
Нечанчи боғ кўрдим, жим кесилмоқда!…
Нетарсан, эй ўлим, ҳар ким бошида?
Бир бора ухлаган бошқа уйғонмас.
Ким билар қаерда, неча ёшида?
Бир намозлик салтанатинг йўқолмас,
Тахт мисоли у мусалло тошида.
ҲАЙРАТДА ҚОЛДИМ
Ҳайратда қолдим, қандай одим отай деб шошдим,
Кун сиқади, кеча сиқади.
Булутлар, туманлар ичида адашдим;
Кўк мовийлигига етди ҳасратим…
Сени ўйламасдан бўлмайди, Тангрим;
Кутмаслик сендан мадад!
Сувнинг тубига қадар борди оёқларим;
Сувнинг тубида ҳам ҳасрат!…
Қолмади умиднинг сўлғин ва жонсиз
Нурида ҳарорат.
Ва келди эшикка кишнаб, сабрсиз,
Ўлим ниҳоят!…
ЎЛИМДАН СЎНГ
Ўлдик, ўлимдан бир нарса кутиб,
Буюк бир бўшлиққа йиқилди ҳайратим;
Қандай эслолмайсан мусиқий ҳасратни,
Кўк парчаси, чўп тўпи, куш пати…
Яшашга ўргандик ўлимни унутиб…
Энди-чи, дунёдан ҳеч бир хабар йўқ;
Йўқбизни излаган, сўраган кимсалар.
Чунонам қоронғу, зулматки кечалар,
Фарқсиз, борми ё йўқ деразалар;
Оққан сувда хам аксимиздан асар йўқ…
ШУНДАЙ ШЎНҒИДИМКИ…
Шундай шўнғидимки бу оқшом усти,
Қўшни ҳовли каби келди кўк юзи…
Мен дунёдан бехабар бир боламан,
Йитган ғилдирагим излаб бораман…
Чопинг болалар, чопинг қўшни қизлар,
Ҳовучимга сиғмаётир юлдузлар…
ПАЙДОС
Пайдос, бундан сўнг телбаликларга,
Қаттиқ гапирмоққа бошлади ойналар.
Етишга югурдим “Ишқ балиқлар”га,
Мени енгиб қўйди бу ички қимор…
Нега пинҳон тутай, ғофил, осийман!
Ўзим йўқотибман ёшлигимни ҳам.
Миниб боражагим энг гўзал кемам…
Олганини қайтиб бермас тўлқинлар…
Майхоналар ва тонгги қаҳвалари,
Жумла дўст, шоир, рассому сарсари.
Ортиқ жунбушда бўлмасам тунлари,
Ўйламангки “У бизга хиёнаткор…”
Ёш кетмоқда… қувват қолмади бизда,
Киши уй, оила қилсин ёшликда.
Вақти етиб бир кун ўлганимизда,
Жанозамиз ерда қолмасин дўстлар…
АББОС
Қани Аббос, вақт тамом,
Оқшом дединг, келди оқшом.
Ёз ўртага суфрамизни,
Тинсин энди қалб оғриғи.
Шу дарахт тагида бўлсин,
Ариқча жилдираб турсин.
Ойга айт чиқсин бу кеча,
Кўринсин у истагимча.
Кўрсат ҳукминг масофага,
Вақтга, замонга, ҳавога…
Тупроқ чангитиб, чопиб кет,
Шундай фармон қилди Жоҳид.
Олиб келгин севгилимни Бешиктошдан!
Қўмсаяпман ёшлигимни қайта бошдан!…
ОНАЖОНИМ
Бир куни ёнингга келганимда,
Бир нарса сезасан ҳолимдан-
Ҳеч ҳайрон бўлмайсан, онажон!…
Бошимни қўяман тиззаларингга,
Ўксиб-ўксиб йиғлай бошлайман,
Бутун инсонларнинг ўрнига…
ҒАРИБ КИШИ
Бу оқшом илк бора йиғладим,
Ҳувиллаган хонам деразасида;
Қани бир оилам, қани авлодим?
Нима топдим ушбу ҳаётнинг
Майхонасида-ю, корхонасида?
Ётоғим ҳар кеча шунчалар совуқ,
Саодат умрнинг қай нуқтасида?…
ХАЁЛ ҚИЛГАН НАРСАМ
(Бешиктошли учун)
Кўк мовий, мовий кулимсирарди,
Яшил баргларнинг орасидан.
Унинг олтин саси бир нарса сўрарди:
“Не хабар деб ишқ ярасидан?”
Битди дедим, битди қоронғулик,
Висол билан битди у азоблар.
Бу ҳузурли, шалолий ойдинлик,
Янги, нурли чоғни сен билан бошлар.
Баҳор мавсуми бу яшил мовутлар,
Эркалик қиларди шамоллар…
Келинлик либоси оппоқ булутлар,
Ёнида кезарди оппоқхаёллар…
Ниҳоят бахтиёрлик бошимизни,
Бир ёстиққа қўйганимизда…
Ишқнинг ҳаётга берган тотини,
Ўша дамлар туйганимизда…
…Бир умр яшадик бехабар, кейин,
Куннинг беҳудали дағдағасидан…
Кўк ҳануз мовий, мовий кулимсирар,
Яшил баргларнингорасидан!…
МУЖДА
Қушлар хабар берди, менга қушлар,
Келажакда нимадир бўлади.
Биз истаган каби чиқар қуёш ҳам,
Инсон юзи самимий кулади…
Ўшандан сўнг денгиз қирғоғида,
Бўри ини, қўзи ўтлоғида,
Дунё жонли, жилвали чоғида,
Туш ва ўнг ҳам баробар бўлади…
Абдулатиф Абдуллаев таржимаси