Исо Нажотий (1460–1509)

Ўз даврининг атоқли шоирларидан бўлган Исо Нажотийнинг (İsa Necâtî) қаерда туғилганлиги маълум эмас. Уни эдирналик бир аёл қул сифатида сотиб олиб, сўнг фарзандликка қабул қилган. Бу номаълум аёл бўлажак шоирга яхши тарбия беради, таҳсил олишига имкон яратади. Ёшлигиданоқ бадиий ижодга ҳаваси кучли Исо Нажотий Кастомонуга келиб шоир Соилий қўлида тарбияланади, хаттотлик санъатини ўрганади. Табиатан истеъдодли бўлган Нажотий ғазаллари тезда кастомонуликлар оғзига тушиб, машҳур бўлиб кетади. Исо Нажотийнинг шуҳрати Бурса санжоқ бейи бўлиб турган машҳур шоир Аҳмад Пошогача етиб боради. Кейинчалик Исо Нажотийнинг ўзи ҳам Бурсага келган деган тахминлар бор. И. Нажотийнинг Бурсадаги каплижалар (табиий шифобахш сув билан даволовчи оромгоҳ) ҳақида ёзганлиги бу фаразни тасдиқлайди. Шоирнинг Аҳмад Пошо билан учрашганлиги, Аҳмад Пошо уюштирган мушоираларда қатнашганлиги ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Аммо Исо Нажотий шуҳрати ортиб, уни Аҳмад Пошодан ҳам улуғроқ шоир эканлигини айтишганда, Нажотий шеър билан жавоб қилиб, Аҳмад Пошо ижодига жуда ҳурмат билан қарашини айтганди. Исо Нажотий Аҳмад Пошо ғазалларига назиралар бағишлагани ҳам, ҳурматнинг ифодасидир. Султон Меҳмед 2 ҳукмронлиги даврида Нажотий Истанбулга келади. Султоннинг эътиборига сазовор бўлиш йўлларини излайди. Ҳ. Чалабий тазкирасида ёзишича Меҳмед 2 шахмат ўйинини яхши кўрар ва ҳар куни тушликдан сўнг бош вазир Маҳмуд Пошонинг яқинларидан бўлган Ёрги Амируний билан шахмат ўйнар экан. Исо Нажотий Ёрги Амируний билан танишиб дўстлашади. Бир куни дўсти саройга боришга ҳозирланаётганди ғазал ёзиб, билдирмай унинг салласига қистириб юборади. Султон бу қоғозга кўзи тушиб, очганда Исо Нажотийнинг “сана” радифли ғазалини ўқийди. Ўзи ҳам шеърлар машқ қиладиган султонга шоирнинг ғазали маъқул келгани ёки Нажотий ўзига эътибор қилишини сўрагани учунми, Исони саройга чақиртиради. 17 танга маош билан девонга котиб қилиб тайинланган Исо Нажотий ўз миннатдорчилигини изҳор қилиб султон Меҳмед 2 га бағишлаб учта, улуғ вазир Маҳмуд Пошога битта қасида ёзади.
Тахтга Боязид 2 ўтиргач Исо Нажотий Карамон вилоятига, шаҳзода Абдуллоҳ ҳузурига жўнайди. 1483 йил шаҳзоданинг вафотидан сўнг яна Истанбулга қайтади. Исо Нажотий шаҳзода Абдуллоҳ вафоти муносабати билан марсия ёзиб султонга тақдим қилади. Боязид ИИ нинг зафарли юришлари ҳақида қасидалар битса-да, султон Боязид ИИ ва унинг вазирлари илтифотига сазовор бўлолмайди. Бир неча йиллар шоир моддий муҳтожликда яшайди. Саройда яшаганлигида Исо Нажотий қози аскар Муядзода Абдураҳмон Чалабий билан дўстлашган эди. М.А. Чалабий Исо Нажотийга оғир кунларида ҳамдард бўлади. Муядзода Чалабий воситачилигида Исо Нажотий шаҳзода Маҳмуднинг яқин кишилари сафидан ўрин олади. 1504 йилда шаҳзода билан Манисага жўнайди. Шаҳзода Маҳмуднинг фармонбардори бўлиб турган шоир, 1508 йил Маҳмуд вафотидан сўнг Истанбулга қайтади. Исо Нажотий Манисадалик даврида девон тузган. Кўплаб ғазаллар ва қасидалари билан машҳур бўлган Нажотий даврининг забардаст шоирлари Равоний, Машҳий, Фаррухийлар билан дўст бўлган. Шавқий, Суний, Меҳри Хотун ва бошқа ўша даврда яшаган кўпгина шоирлар Исо Нажотийни ўзига устоз билганлар. Шаҳзода Маҳмуднинг вафотидан қаттиқ таъсирланган Исо Нажотий шаҳзода ўлими муносабати билан марсия ёзади ва ўзи ҳам сарой ишларидан исътефо беради. Қолган умрини дўстлари, шогирдлари даврасида ижодий иш билан машғул бўлиб ўтказади. Исо Нажотий вафот қилгач, уни Вафо майдонидаги Шайх Вафо мақбараси ёнига дафн этадилар.
Шоир вафоти муносабати билан замондош шоирлар тарих ёзганлар. Айниқса, Саҳий ёзган тарих машҳур.

Нақли Нажоти оламга тарих бўлмоғин
Тарихини деди Саҳий, кетди Нажотий ҳей!

Исо Нажотийнинг бир ўғил ва бир қизи бўлиб, уларнинг ҳаёти ҳақида маълумотлар кам.
Исо Нажотийнинг девони бизгача етиб келган. Шайхийнинг маълумот беришича шоирнинг “Гулу Сабо” ва “Меҳру Моҳ” номли асарлари бўлганини айтиб, байтлар келтирса, Латифий “бу ҳақда ҳеч қандай маълумот йўқ” деб бу даъвони рад этади. Нажотий Манисадаги даврида шаҳзода Маҳмуднинг талаби билан Ғаззолийнинг “Кимёи саодат”, Авфийнинг “Жомеъул ҳикоят” асарларини таржима қилганлиги ҳамда “Лайли ва Мажнун” маснавийсини ёзганлиги ҳақида Ошиқ Чалабий маълумот берган. Ошиқ Чалабийнинг айтишича, “Кимёи саодат”ни шоир ўз қўли билан кўчирган нусхаси шаҳзода Маҳмуднинг қизларида бўлган. Бироқ ҳозирча бу фактлар ўз тасдиғини топгани йўқ.
Ўрта асрлар турк шеъриятига форс тилидаги адабиётнинг таъсири катта бўлган. Исо Нажотий ижодида ҳам бу ҳолатни сезишимиз мумкин. Аммо, Нажотий халқ оғзаки ижодидаги ибораларидан усталик билан фойдаланган ва ғазалларида маҳаллий колорит, миллий руҳ кучли бўлишига интилган. Нажотий асарлари латифлиги, гўзал тасбеҳларга бойлиги, табиат тасвирини нозик, жозибали бериши билан замондош шоирлар ижодидан ажралиб туради. Унинг гўзал хаёлий оламга чорловчи шеърлари ифода шакли, таъсирчанлиги, фикр инжалиги билан китобхонни ўзига ром қилади. Шоир ғазалларидан икки байтни келтирамиз:

Бу жафоданки қадаҳ оғзинг ўпар юз ўргулиб.
Нори рашк ичра кабоб ўлди жигар юз ўргулиб.
На раводир бунча мен қоматими ҳалқа қилай,
Инжа белингни ўраб олмиш камар юз ўргулиб.

Бунингдек нафис ва жуда ўхшатиб айтилган бадиий санъатларни шоир ғазалларида истаганча топиш мумкин.
Ошиқ Чалабий, Кинализода Ҳасан, Латифийлар тазкираларида Исо Нажотийни кўкларга кўтариб мақтайдилар. Уни ўзига хос буюк шоир деб улуғлайдилар.
Латифий Қуръон ўзидан аввал туширилган китобларни қанчалик тўлдирган бўлса, Нажотий ҳам турк назмини шунчалик мукаммаллаштирганлигини айтади. Амаселик Рафиқий машҳур турк шоирлари ҳақида фикр юритар экан, маснавийда Ю.С. Шайхий, қасидада Аҳмад Пошо, шаҳарангиз ёзишда Масиҳий, ғазалда Исо Нажотий ягоналигини таъкидлайди.
Нажотий турк шоирларидан биринчи бўлиб шеъриятга зарбулмасал усулини қўллаганлигини айниқса аҳамиятлидир. Бу нарса шеърият тилини халқ тилига яқинлаштиришда муҳим омилдир.
Исо Нажотий ҳаётлигидаёқ кўплаб замондош шоирлар унинг ғазалларига назиралар бағишлаганлар, ижодига эргашганлар. Меҳри Хотун ана шундай назиралар бағишлаб шоирга юборгани ва Нажотийдан сўнг яшаган турк шоирлари ҳам унинг ғазалларини ёддан ўқир, ғазалларига назира, таҳмислар боғлардилар. Валиҳий, Субҳий, Васфий, Соқий, Зорийлар ёзган назиралар бунга мисолдир.
Исо Нажотий ижоди ўрта асрлар турк шеъриятининг энг характерли хусусиятларини ўзига жамлаган дейиш мумкин. Нажотий сўз руҳини кашф қила оладиган, сеҳрловчи мисраларни тузган шоир сифатида турк мумтоз адабиётининг йирик вакилларидан бўлиб қолди.

ИСО НАЖОТИЙ ҒАЗАЛЛАРИДАН

Ҳар кун ул рухсори гулзори жинонни кўзларам,
Ҳар кеча ул зулфи умри жовидонни кўзларам.

Зулфи рухсоринг фироқила йироқлардан туриб,
Кеча оташ шуъласин, кундуз духонни кўзларам.

Ҳуснина инсу малак ҳайрону мен девонавор,
Гоҳ заминга боқарам, гоҳ осумонни кўзларам.

Халқа янглиғ кўзларим эшикда қолди дўстим,
Фатҳи боб бўлғай дебон ул оситонни кўзларам.

Неча сунди чарх чинни коса бирла нукли ғам,
Давр қўлиндан менки жоми шодумонни кўзларам.

Роҳату қаҳрига даҳрин бош эгиб ёлвормам,
Мен Нажотий, ҳиммати шоҳи жаҳонни кўзларам.

* * *

Хаттингда ким ул зулфи паришон ёзилибдур,
Гўё ғубор устина райҳон ёзилибдур.

Ул ҳўққайи маржон узаринда хатти мушкинг,
“Дилхасталарнинг дардина дармон” ёзилибдур.

Дилтангу паришон эди, васфингни эшитгач,
Гуллар очилиб, ғунчайи хандон ёзилибдур.

Нақш бўлди хатинг дилда-ёзуқдур ўтда ёқма,
Шул саҳфагаким ояти Қуръон ёзилибдур.

Эй ҳусн дебон ошиқ бўлган кўз ила қошга,
Бу шева калисода фаровон ёзилибдур.

Гул дафтарин йиғсин, ки орази дўст юзиндан,
Ашъори Нажотий ила девон ёзилибдур.

Адхамбек Алимбековнинг «Турк адабиёти тарихи» (ТошДШИ нашриёти. 2005) ўқув қўлланмасидан олинди.