Бекир Сидқи Эрдўғон (1926-2014)

Бекир Сидқи Эрдўғон (Bekir Sıtkı Erdoğan) 1926 йили Туркиянинг Қаҳрамон вилоятида туғилган. Аввал ҳарбий мактабда, кейин Анқара университети Тил ва тарих факультетининг адабиёт бўлимини битирган. Турли ҳарбий мактабларда ўқитувчилик қилди. “Бир ёмғир бошланди” (1949), “Дўстлар даврасида” (1965) каби кўплаб шеърий китоблари чоп этилган.

МИНГ БИРИНЧИ КЕЧА

Келишим ғурбатдан чарчадим жуда,
Шу ерга жой солиб бер аста-аста…
Безовта қилмасин зулмат уйқуда,
Оппоқ пардаларни сур аста-аста.

Бир амаллаб чипта олдим кишадан*,
Йўлчилик бошланди Ҳайдарпошадан.
Мезбон, қўлингдаги ўша шишадан
Тағин бирор қултум бер аста-аста.

Мен ўша тун бўйи йиғладим, ичдим,
Икки кун диёрдан диёрга учдим.
Қайсари йўлидан Нигдега кечдим,
Олисдан кўринди Бўр аста-аста.

Ғарибман, ҳаммаёқ менга бегона,
Дардим кўп, қадаҳни тўлдиргил яна.
Бағримни тирнайди дард ҳафифона,
Дунё кўзга бўлар тор аста-аста.

Менда бир расми бор, ярмиси йиртиқ,
Ўн йилдир уйимнинг эшиги ўртук*.
Ғариб, яна сархуш бўлдими, ортиқ* —
Дилда бор сирини дер аста-аста.

Мана, мезбон! Ўзим шундай бетайин.
Энди на сен сўра, на мен айтайин.
Бўш қадаҳни кўтар дебон нетайин,
Ҳисоб-китобимни кўр аста-аста.
______________
* Киша — ғазна дарчаси (касса).
* Ўртук — ёпиқ, берк.
* Ортиқ – энди.

БОРГАЙМАН

Қора кўзлим, ғамни унут, кул энди,
Ҳудҳуд наво этар-этмас боргайман.
Мактубингда дебсан: “Тезроқ кел энди”,
Сутлар қаймоқ тутар-тутмас боргайман.

Оҳ ураман расмингга ҳар боққанда,
Маҳзунлик бор ёр бўйнини букканда,
Амин бўлким, ҳар сигара чекканда,
Йўлни туман тутар-тутмас боргайман.

Тоғлар узра қароргоҳлар қурилгай,
Атрофида бўлук-бўлук* турилгай,
Ўн дақиқа истироҳат берилгай,
Милтиқдан ўқ отар-отмас боргайман.

Тоғу тошлар ҳасратликнинг дардида,
Сабру бардош етмас кўнгил юртида,
Оқшом чўкар тепаларнинг ортида,
Ҳали офтоб ботар-ботмас боргайман.

Ўртамизда тоғлар бордир кўккача,
Хафа бўлма, кўнглим баланддир анча,
Бир кун эмас, беш кун эмас, ҳар кеча,
Тўшагимга ётар-ётмас боргайман.

Баҳор келди қўй-қўзилар маърашди,
Икки ошиқ тўрт йилдир йўл қарашди.
Қора кўзлим, демак, тўй яқинлашди,
Ватан бурчи битар-битмас боргайман.
____________
* Бўлук — ҳарбий бўлинма.

ИККИ БЕГОНА

Эвоҳ, инсон ўзи туғилган юртга
Бегона бўлиши мунча ғалати.
Бунақада шомдан то тонгга қадар
Ичимда даҳшатли танглик барқарор.
Нафас ололмайин қийналар вужуд,
Гумбазлар кўксимга тор келади, тор!

Мен севган лолалар сўлиб қолибди!
Гармселдан қуриб кетибди боғлар…
Қурибди чиннигул,
Қурибди сунбул,
Сайрбоғнинг эски завқи қолмабди;
Ҳафтада бир бора келар болалар…

Етги куним етти узун йил бўлди;
Етти йилда бир кез келади баҳор!
Бу йўлларни улар учун кутаман.
Билсангиз уларни қанча соғиндим…
Қиз — йиғлоқи беҳи,
Йигит — шўх анор.

Ташвишлар шодликка айланса ҳамки,
Бирининг киприги ҳамиша намда,
Бирининг кўз ёши ичимга оқар…
Артилмас излари ўша сел, намнинг.
Ҳали кулишлари ғамгин, ҳузунли
Ҳали нафаслари бағримни ёқар!

Қара, чалинмоқда айрилиқ занги,
Елдай учаётир тез дақиқалар.
Ор келади менга бу айрилиқ, ор!
Яна ичим олов
Яна ташим қор…
Ўгрилиб қарайман,
Сен у ерда йўқ,
У ерда бошқаси,
Бошқа биров бор!

ХОТИРАЛАР ДИЁРИ

Бу шаҳар илк ҳасратим, соғинчларим шаҳридир,
Сирдир хотираларда, сир ҳамон болалигим!
Гўё бошқа бир издан, бошқа томонга юрди,
Мўралар ҳали-ҳануз кўп ҳайрон болалигим…

Нима йўқотган бўлса шундай йўқотди сарсам*
Сирга хиёнат бўлар бундан зиёд гапирсам!
Қайси гўша томондан олдига чиқаверсам,
Йиғлагандай мўлтирар дил вайрон болалигим.

Қийин бу тушдан қочиш чуқурроқ шўнғимасам,
Эски байрам ўрнини босмас ўйин-кулгу ҳам,
Ҳасратимдан боргунча мени ўраб олар ғам,
Ҳар бир нарсага дилгир ҳар қачон болалигим.

Бу олис бир диёрнинг, эй яқин одамлари,
Қани ўранг теграмни, гўё ҳалқа чамбари.
Болажонлар шу юртга кўз тикиб турар бари,
Ўша соф боқишларда бор гирён болалигим.

Юзим кулмоқда, демак, мен шодону бахтиёр,
Ҳасратли дилда юртга меҳрим мангу барқарор,
Шу онда ўтмишдан на бир шикоятим бор,
На-да келажагидан бир нолон болалигим.

Майли, устимга бир-бир ёпилсин зич қопқалар,
Маҳкумдай мени ўраб олсин, майли, тўрт девор,
Қалбда хотираларга шай турган қанотим бор,
Боқар деразалардан ҳар замон болалигим.
____________
* Сарсам – тентак.

ҚУШ МАВСУМИ

Ёмғирлар дейишди,
Менга нима қиларди ёмғир, биродар?
Ахир у руҳ, менга умр, менга ёр!
Ёмғир дейишди,
Ҳолбуки чўзилмас ёмғир,
Чўзилмас унутилган қўшиқлар қадар.

Шамол дейишди,
Менга нима қиларди шамол, биродар?
Менинг ишқим, менинг султоним шамол!
Менга жон у, менга ёр.
Шамол дейишди,
У бўлса кўнгилларни эркаловчи,
Ширин бир нафасдир,
Ошиқ дилларга шамол.

Ёмғир, шамол бари менинг қайғуларим.
Сен эса уч, малагим,
Кутма, қанот қоқ!
Қуш мавсуми дерлар буни,
Кеч қолмагин, уч тезроқ.
Сўлдими бас, гул очилмас қайтадан.

Бир кетдими, қайтиб келмайди баҳор…
Сен учавер, менга қарама,
Вақт жуда зиқ, кутмагил зинҳор!
Мен-чи, ҳасрат тўла кўзларим билан,
Учиб кетаётган қушларга қараб
Қолмоқдаман қалби ярадор!..

Туркчадан Файзи Шоҳисмоил таржималари