Беҳчет Камол Чоғлар (1908-1969)

Беҳчет Камол Чоғлар (Behçet Kemal Çağlar) 1908 йили Эрзинжонда туғилган. Болу, Кўня ва Кайсерида таълим олган.
Баъзи шеърларида Анқарали Ошиқ Умар, Ошиқ Умар, Беҳчет Фуат, Эрдоған тахаллусларини қўллаган.
“Бу ерда бир қалб ёнмоқда” (1933), “Отатуркка шеърлар” (1965), “Мендан ичкари” (1966), “Қуръони каримдан илҳомлар” (1966) шеърий китоблари, “Анқарали Ошиқ Умарнинг Жумҳурият достони” (1930), “Баттол Ғозий достони” (1968), “Малазгирт зафаридан Истанбул фатҳига” (1971) достонлари, “Чўпон” (1932), “Аттила” (1935), “Кўкларнинг фатҳи” (1937) пьесалари, “Темур ва Йилдирим” операси (босилмаган) чоп этилган.

ИСТАЮРМЕН

Бир чечак истаюрмен боқмасам сўладиган,
Бир қанот истаюрмен мени ердан оладиган,
Бир қуёш истаюрмен тун менда қоладиган.

Бир мармар истаюрмен тўйгунча ўйиш учун,
Бир аёл истаюрмен руҳини суйиш учун,
Бир жуфт тиз истаюрмен бошимни қўйиш учун.

Бир занжир истаюрмен қаҳримни боғламакка,
Бир ёнғин истаюрмен руҳимни доғламакка,
Бир она истаюрмен устимда йиғламакка.

Бир енгилмас қалъани фатҳ этай, якка бошим-ла,
Мен урилиб тушаркан сўнг бурчнинг сўнг тошига,
Бир жуфт дудоқ узанса кўзларимнипг ёшига.

Бир илҳом истаюрмен орзую комга етсин,
Бир жуфт кўз истаюрмен жон уйимни у кўрсин,
Бир севги истаюрмен бир умр бўйи турсин.

Бир меҳроб истаюрмен қошида тиз чўкмакка,
Бир оз ер истаюрмен бир ошён тикмакка,
Бир уруғ истаюрмен бўш далага экмакка.

Бир бино истаюрмен тамалига тош қўйсам,
Бир севгили дардим-ла кўзларига ёш қўйсам,
Бир имон истаюрмен йўлида мен бош қўйсам.

ДУМЛИ ШЕЪР

1. ДАЙДИ МУШУКНИНГ ҚАССОБ МУШУГИГА МАКТУБИ:

Келишолмаймиз энди. Йўлларпмиз айридир,
Сен қассоб мушугисан, мен дайди мушук.
Қалайи идишда сенинг емагинг,
Оғзидадир меники арслоннинг
Сен тушингда айшу ишрат,
мен тушимда суяк кўраман.
Лекин сенга ҳам қийин, оғайни.
Осмон эмас, йўл,
Думингни ликиллатмак худонинг берган куни.
Осон эмас, албатта.

2. ҚАССОБ МУШУГИНИНГ ДАЙДИ МУШУККА ЖАВОБИ:

Очликдан лоф урарсен
демакки сен — коммунист,
Сен, шаҳарни лойқа сувга чайган сен,
Анқарада ўт чидарган сен,
Истамбулнинг ярмини куйдирган ҳам сен,
Эй мушук, мушук, сен чўчқасан.

Рауф Парфи таржималари