Али Оқбош (1941)

Али Оқбош (Ali Akbaş) – турк шоири. У 1941 йилда Каҳраманмарашда туғилган. Истанбул университети адабиёт факультетида таҳсил олган. “Девон” (“Divan”), “Асл адабиёт” (“Doğuş Edebiyat”), “Қанот” (“Kanat”) журналларида фаолият кўрсатган. У 2012 йил турк дунёсида йилнинг адабиёт кишиси бўлган.
Шоирнинг “Эртак замони”, “Қуш дастурхони”, “Кўкда ой пўртахолдир” каби шеърий тўпламлари турк болалар адабиётида алоҳида қимматга эгадир. У айни пайтда Евросиё Ёзувчилари уюшмаси раис ўринбосари ва “Қардош қаламлар” (“Kardeş Kalemler”) журналининг бош муҳарири сифатида элга, турк дунёсига хизматини давом эттирмоқда.
Шоирнинг сўнгги йилларда чиққан “Кўчаётган турналар”, “Эранлар даргоҳида”, “Куз куйлари” тўпламларини замондош турк шеърининг энг сўнгги ютуқлари акс этган китоблардир.

КЕЧАЛАР

Ҳей кечалар, кечалар,
Тош тишлаган чечанлар…
Оқшом тушур, ой келур,
Қуёш нерда кечалар?

Чақирсам тушарларми?
Кўкда ҳам уйлар борми?
Суйдим-у сайламадим
Юлдузлар — гулчеҳралар.

Юлдузлар олай-олай,
Боқиб-боқиб кулар ой!
Йўлин топсанг, эниб кел,
Дилда сўзим бир талай.

Юлдузли атлас чодир,
Ёр қайси диёрдадир?
Ёз келди, у келмади,
Қулоғим еллардадир…

ҚУТЛУҒТОШ

Профессор Шукру Элчин менга Тангри тоғидан бир тош келтирмиш. Мен эса унга ушбу шеъримни армуғон этаман.

Бу кеча бароқ, ой сини-сини*,
Олис иқлимларга қанот ёзаман,
Учгил, хаёл қушим, — олиб уч мени,
Кетгумдир ўзга бир аср узра ман:
Сайр этармиз бир-бир Чинни, Мочинни,
Оромижон Қоф тоғларин кезамиз,
Ўтўкан*да мангу бода ичамиз.
Бошла, шу инжа йўл элтар Туронға,
Унда мудроқ ўрмон, тоғлар кўлкаси.
Савашлар тўш-тўша, жон берар жонга,
Эшитилар ўқдек нағаллар саси.
Бир арзиҳолим бор Баҳодир Хонга;
Қалқсин орадаги замон пардаси,
Кечмишни яширган тумон пардаси.
Субҳидам қўзғалган бир туман черик
Кўнгиллари ипак, ёллари қати*,
Бир онда дафъатан қопламиш ерни,
Хилқат улар учун яратмиш отни.
Отамиз Тангриқут Мэтэдан бери
Кўрилмасмиш бундай ер салтанати,
Қанотли отларнинг ҳур салтанати.
Бир нозли қуш каби гўё оғар жон,
Бу тоғларда ҳар тошга бир бош инар.
Шаффоф сув мисоли ерга оқар қон,
Ҳар йилга уч сулҳ, беш ҳарб-саваш инар.
Боболар қилич-ла ёздиғи достон,
Қалам-ла ёзилса кўп ёвош инар,
Эшитсам, кўнглима бир оташ инар.
Оқ сочли элчининг келтирган тоши
Бир Ҳажар ал-авсад — бир қутлуғ қоя,
Унга ўтиргандир балки Қуршадин*,
Бу жойдан боқгандир юлдузга, ойга.
Ў, бунда кечмишдир минглар саваши,
Ҳокимлик этилмиш Ўрол-Олтойга
Ва йўллар очилмиш ҳур Қизилойга*,
Тангри тоғи, — балли она-Ватанга,
Ўз ранги кўчмишдир ўзин юзига.
Йилларким қиличлар кирмамиш қинга,
Гоҳо Чинга урулмиш, гоҳо ўзига.
Тоғ чўққиларидан кўчган пўртана
Турумиш киргунча энг гўзал динга;
Бизларни чорламиш Макка, Мадина.
Қадрини билурмиз тупроғин, тошин,
Учган қушнинг, эсган ернинг қадрини.
Қадрини билурмиз қавм-қариндошнинг,
Кўчган элнинг, қолган элнинг қадрини.
Қадрини билурмиз сулҳнинг, савашнинг,
Қирмизи қон, ипак тўрнинг қадрини,
Оллоҳ яратгани қулнинг қадрини.
Мен бир далли Туркман, тилимда турки,
Отим тиззаламиш — отдан тушмишам.
Ҳаромилар киймиш обойи кўрки*,
Шон-шуҳрат ва салтанатдан тушмишам.
Терсина дўнаюр фалакнинг чархи,
Бирин-бирин ўнгди қўрқинчли тушим,
Бу водийга самовотдан тушмишам.
Келмиш-кетмиш ипак юкли карвонлар,
Бирда уйғондимки, кўп шомга дўнмиш.
Асрлар ортида нидо, суронлар,
Бир ён тўқлик, бир ён очликка энмиш.
Йўл узоқ, вақт эса кўп чопоғондир,
Водийлар йўл бермас: қояли, тошлик,
Даврон югрук отин ҳайда, қардошлик.
Фазо асри… ҳаммаси ўзгача бунда.
Дунё бомба каби портлая билур.
Ўйлаб ўтирилмас йўл кесишганда,
Тариқча куч филни ўлдира билур.
Тарих илк онамиз Тангри тоғинда
Қандоқ бир хотира сақлая билур,
Қандоққи, юзини оқпая билур.
Доим қутлуғ эмас, йўқ, инсон ақли,
Шимариқ, суюмли, золим ва олчоқ.
Олам бир-бири-ла қонли, пичоқли,
Ботирни ўзига тортади ботқоқ,
Ўзин ичиндадир ҳам мева қурти.
Қуёш мангу Шарқцан чиқажак бироқ,
Улкан бир гул каби ҳилпирар санжоқ!*
________________
* Сини — баркаш.
* Ўтўкан — Тангри тоғидаги илк турк макони.
* Қати — таранг.
* Қуршадин — Кўктурк хоқонларидан бир шаҳзода.
* Қизилой (Қизилолма) — жой номи.
* Обойи кўрки — либос номи.
* Санжоқ — туғ, байроқ.

Азим Cуюн таржималари

ШЕЪРИМ

Шеърим, сен қонаган эски ярамсан,
Кўксимда ташийман, кўрган гул дейдир.
Марсиям, фарёдим, ўтли наърамсан,
Узоқдан туйганлар, бир булбул, дейдир.

Чекимга сўз тушмиш базми аластда,
Вафосиз бир ёрга бўлдим дилбаста,
Ҳамон ўртанурмен бу тор қафасда,
Дардимни айтмасмен, ёт, у — қул, дейдир.

ЖИМИРЛАЙДИР СИРЛИ САРОБ…
(Хотира-шеър)

Йўлга чиқсанг Олмаотадан,
Жамбулга, Чимкентга қараб йўналсанг,
Уфққа туташ сўнгсиз йўллар сирли, ранг-баранг.
Жимирлайдир сирли сароб,
Ялтирар мозорда кумуш ҳилоллар.

Недир йилтираган?
Балки маҳв этилган ўрдунинг
Кўкни ёрган найзаларин порлашидир ялтираб?
Балки янги жангдан қайтиб келмоқда Абулайхон?
Мозорлари — руҳлар шаҳри эрур қозоқ юртининг…

Мармартошга ўйилган ул ҳилол остида
“Ҳувалбоқий” — “Боқий бўлган Удир” сўзи бор.
Руҳлар шаҳри бунда ҳар мозор.
Қабр аҳлининг бор бойлиги биргина кафан,
Ҳеч бир ўғри бу бойликни ўғирлай олмас,
Уларнинг чириган этларин зотан
Еб битирган
Илону чаён.

Очликдан, қирғиндан,
Аламидан ўлган ўлганлар.

Юрт тупроғи — тўшаклари,
Кўрпалари қордир,
Улар сони кўклардаги юлдузлар қадардир.
Мозорлари руҳлар шаҳри,
Қабристон диёр.

Энди ҳеч не қўрқитолмас уларни ортиқ,
На ёмғир, на қор.
На Сталин, на Ленин,
На чорга бўйсунгай улар.

Улар кўринмас қўшиндир.
Суякдан пичоқлари,
Кафандан байроқлари.

Наврўзбой ва Кенесари
Уларга қўмондондир,
Улар — қўрқинч,
Энг даҳшатли интиқом қўшинидир!
Зотан руҳлар диёридир бу юртда мозорликлар…

Омонсиз у ўтли шамолда,
Ўтмишда Самайда ўлганлар,
Ё яқинда,
Желтўқсанда қурбон бўлганлар,
Бари кетди,
Улардан бир муҳаббат қолди,
Ота-она,
Етим бола,
Дард, ғурбат қолди;
Очиқ яра,
Мангу достон,
Шон-шуҳрат қолди.
Отсиз юлдуз каби учдилар кўкдан,
Улардан мовий байроқ,
Сўнгсиз тупроқ қолди бизларга,
Мозорлари руҳлар шаҳри, мозор диёр бу…

Не йиллардир фотиҳасиз ётган, эй, қариндошлар!
Руҳларингиз шод бўлсин!
Желтўқсанда уйғонган
Ўлкангиз обод бўлсин!

Ҳеч беҳуда кетмагай сизлар тўккан у қонлар,
Осмонимиз остида ҳеч тинмагай азонлар,
Шокаримлар, Сайфулинлар, Мағжонлар,
Мозорлари руҳлар шаҳри…

Товушингиз шамолларга,
Қонларингиз сувларга аллақачон қоришмишдир,
Энди сизга фарқи йўқ тўфонми, ёзми, қишдир.
Шаҳидларга ҳар мавсум мангу сўлмас баҳордир.

Узоқ юртда сиз деб йиғлаган,
Мотам тутган,
Дуо этган қондошлар бордир,
Мозорлари руҳлар шаҳри, ҳей, боқий диёр!..

ОРОЛ МАРСИЯСИ

Ёқуб Умарўғлига

Тушимда кўрдим Оролни,
Кўрдим, у оғир ярали,
Мағжон каби, Чўлпон каби
У ҳам бир бахти қорали.

Қора ерда қоқ қайиқлар,
Сузар сув йўқ, қотиб ухлар.
Инжу, маржон сочган Орол,
Қани ўша маржонлиқлар?..

Оролнинг суви қон каби,
Ярали бир жайрон каби.
Қаранг, кўллар ҳам ўлармиш
Оққуш каби, инсон каби.

Ўролдан келган мароллар
Оролда сочин тарарлар;
Чўмилгани кўл қолдими,
Билмадим, қайга қарарлар.

Сўлим Хазар, соғим Эдил,
Менинг икки боғим эди,
Қуриб борар Оролгинам,
Бир қоқсуяк, қочмиш эти…

Орол кўлмас, оқ қимиздир,
Орол бир иффатли қиздир.
Қўй, ғанимга хор бўлгунча,
Орол, ўзни ерга сиздир!!!

Даврон кечмиш, карвон кўчмиш,
Оролни бир жаҳон ичмиш.
Бу ерга ким меҳр қўйса,
Бошида зулму қиличмиш!..

Осиёда осмон кенгдир,
Юлдузларнинг ҳоли тангдир.
Шоир қонин ичиб унган
Чечаклари ранго-рангдир.

Қалам тутган у ботирлар,
Калом тутган у ботирлар
Кўкда яшар дуо каби,
Барин мангу эл хотирлар.

Шаҳидларим қатор-қатор,
Бири ўзбек, бири татар.
Бир фотиҳа ўқи, йўлчи,
Чўлпонларим гўрсиз ётар.

ТЎҚАЙ

Тилида сўз инжуси
Ёш бир доҳийди Тўқай.
Кўпкари биринчиси,
Бир етим тойди Тўқай.

Соз этти сийнасини,
Созга қўшди сасини,
Кўнгил хазинасини
Оламга ёйди Тўқай.

У ўзин Юсуф этди,
Бозорда жонин сотди,
Барча ғам, дардни тотди,
Тунда бир ойди Тўқай.

Эдил билан тўлғонди,
Она тили деб ёнди,
Тошлар ичра уйғонди,
Бир жўшқин сойди Тўқай.

Бир найдайин жонсизди,
Дарди кўп омонсизди,
Кўкларда бир юлдузди,
Зулматда тойди Тўқай.

Хабардор оқ-қорадан,
Танни қувиб орадан,
Чиқди-да мағорадан,
Елдек от қўйди Тўқай.

Тўкилди олтин япроқ,
Воҳ, бўлди қора тупроқ…
Кўнгли очиқ, юзи оқ,
Бахти қорайди Тўқай.

Ҳей, Қозон! Азиз Қозон!
Ўғиллар кўр, шон қозон!
Қайда у шоир — ўзан?..
Учди… Ҳумойди Тўқай.

ШАҲРИЁР

Шеърингни ўқиркан, кўзим ёшланди,
Тўлқинланиб, мен ҳам ёза бошладим,
Жавоб берсин Самарқандим, Тошкентим,
Бир ғириллаб эсиб ўтган елмизми?
Кимса билмас, кичкина бир элмизми?

Туркча сўйла, Ҳайдарбобо ҳа, десин,
Дўст боғида алам ели эсмасин,
Истанбулдан эшитилар гур сасинг,
Сўйла ўзинг, ҳей, тилингга жон қурбон!
Еринг, юртинг ҳам элингга жон қурбон!

Шеърларингда шавқ бор, асрий ҳасрат бор,
Ўқиганда она юрт иси келар,
Ҳайдарбобо бизларга ёлғиз ёдгор,
Тилармен, шоирим, умринг узайсин,
Улуғ миллатингга достон ёзасен!

Сўйла, булбул тилли шоир Шаҳриёр!
Йўл узоқ, орада тўсиқ тоғлар бор,
Тоғлар не, бўғовлар — кишан, боғлар бор,
Кўр бўлсин-ей, мени менга ёт айлар,
Кўнгил истар, қўл қисқа… дил дод айлар.

Қирғиз, қозоқ деяверсанг, эл бўлмас,
Уч кунлик дунёда қулга қул бўлмас,
Олтин ерга тушса, қоғоз пул бўлмас,
Йигит отдан тушар, яна отланар,
Қафаслар синадир, қуш қанотланар!..

Яхши йигит умид узмас ёридан,
Гул тера биладир қишнинг қорида,
Кун келар, Чамлибел уфқларида
Кўрўғли ғиротин елдириб учар,
Етимлар йиғиси, фарёди ўчар.

ЯЛДО КЕЧАСИ

Биздан ўлимни сўрарлар,
Дўстларга видодир ўлим.
Сўраб синабми кўрарлар?
Бир сирри Худодир ўлим.

Фалак қўймас, яйраб-кулсак,
Дунёда ком, ором олсак,
Ким бўлдикки бизлар билсак,
Ғойибдан нидодир ўлим.

У тарафдан чақирарлар,
Элу юртдан айирарлар,
Йўлдан тамом қайирарлар,
Бағримизда доғдир ўлим.

Бугун-эрта, не фарқи бор,
Меҳмон қилар бизни диёр;
Тангриман деб ўйлар ғаддор,
Оёғига боғдир ўлим.

Ўйлайдирман не бор бунда,
Эшикни қоқар яқинда,
У қошу кўз орасинда,
Бир бурчга адодир ўлим.

Гулу боғлар сўлиб битар,
Қуёшни булутлар ютар,
То қиёмат давом этар,
Бир шаби ялдодир ўлим.

ВИДО

I

Кўнглим сезар, сўнг кўз юмиш
Ёзин-мас, кузин бўладир.
Сен узилма — хафа бўлма,
Узилиш узун бўладир.

Шудринг тушар чаманларга,
Қиров қўнар ўр-қирларга,
Қушлар кетадир сафарга,
Боғларда узум бўладир.

Яна шарқдан чиқадир кун,
Давом этадир тўй-тугун,
Фақат шамол йиғлар маҳзун,
Шамолда ҳузун бўладир.

Оқ табошир, қора тахта
Мени кутар сўнг сабоҳда;
Ўқувчилар чеккан оҳда
Илк мотам, тўзум бўладир.

Келганида учиш сирам,
Ёниқ қоладир сигарам,
На оғриқ қолар, на ярам,
Энг сўнгги бузум бўладир.

II

Умримиз бир қум соати,
Бир ҳовуч қум замон унда.
Етиб қолди сўнг фурсати,
Уч кундан сўнг йўқман бунда.

Гўё қумга ёзув ёздим,
Гўё чизги чиздим сувга,
Унутилар отим, соним,
Кетганимда сўнг уйқуга.

Ғимирлайдир ҳар тирик жон,
Шаҳар яна қайнаб ётар.
Қайиқчи, эш эшкакларни,
Бу дарё денгизга кетар.

Насибимни олдим, шукур,
Тўйдим дунё ҳаётига,
Ўқилганда мана шу шеър,
Ўқиб қўйинг бир фотиҳа.

Сўнг маконим, билмам, қаер —
Қайси диёр, қайси мозор;
Мен каби бир ғариб шоир
Марсиясин ўзи ёзар.

Тоҳир Қаҳҳор таржималари