“Лола даври” адабиётининг энг йирик вакили Аҳмад Нодим (Ahmet Nedîm) Истамбулда, зодагон оилада туғилди. Унинг она томондан бобоси Ҳусомиддин Қарочалабий бўлиб, ўз даврида султоннинг яқинларидан бўлган. Отаси Меҳмед Нодим Афанди қози бўлиб, яхшигина таъби назми ҳам бор эди. Онаси Солиҳа Хоним ҳам ўқимишли аёллардан бўлган. Давлатманд хонадонда туғилиб, тарбияланган Нодим жуда яхши билим олади. Замонидаги атоқли устозлардан таълим олиб, мадрасани тугатади. Эбезаде Абдуллоҳ Афанди бошлиқ нуфузли ҳайъатга имтиҳон топшириб ўзи ҳам мударрис бўлади. Шеърлари билан анча танилиб қолган Аҳмад Нодим улуғ вазир Али Пошо ва Иброҳим Пошоларга қасидалар ёзиб, янада эътибор топади. 1720 йил вазир кутубхонасининг мудири этиб тайинланади. Айни пайтда Нодим тарихий асарларни таржима қилиб ҳам илм аҳли ўртасида обрў қозонади. Аҳмад Нодим Иброҳим Пошо уюштирган мушоираларда, турли давлатлардан келган элчиларни қабул қилиш маросими ва зиёфатларда қатнашар, ўзининг “ширин каломи” билан танилганди. Садраъзам Иброҳим Пошо шоирни Султон Аҳмадга таништиради. Бундан сўнг Нодимнинг толе юлдузи янада порлайди. У Истамбулдаги машҳур мадрасаларда, 1727 йилда Мулла Киримий, Эски Нишонбоши, 1729 йилда Сахпи Сетап, 1730 йилда Секбан Али мадрасаларига бош мударрис қилиб тайинланади. Бир умр зодагонлар даврасида, фаровон ҳаёт кечирган Аҳмад Нодимнинг умри фожеали тугайди. 1730 йил адмирал Ҳалил бошчилигида кўтарилган қўзғолончилар Султон Аҳмадни тахтдан ағдарадилар. Шоҳга яқин бўлган амалдорларнинг ҳам уйларига ўт қўядилар. Нодим қўзғолончилардан қочаман деб, томдан йиқилиб ўлади. Рамиз “Тазкира”сида ёзишича шоир ваҳима касалидан вафот қилган. Унинг жасади Ускударга, онаси дафн қилинган қабристонга қўйилади. Тарихий манбалардан Нодим Иброҳим Чалабийнинг қизи Уммигулсум Хонимга уйлангани ва уларнинг бир қизлари бўлиб, Истамбулнинг Бешиктош даҳасида яшаганликлари маълум.
Аҳмад Нодим сўзга чечан “тоза дилли” шоир сифатида машҳур бўлган. У Иброҳим Пошонинг яқин кишиси сифатида ўша давр ижтимоий ҳаётида ҳам, адабий ҳаётида ҳам фаол иштирок этган. Даврнинг қайноқ воқеалари ичида бўлган. Адабий муҳитдагина эмас, илмий муҳитда ҳам ўз сўзига эга бўлган.
1726 йилда ташкил қилинган тарихий асарларни таржима қилиш гуруҳида Нодим ҳам бор эди. Араб тилидан мунажжим боши Дарвеш Алининг тарихий китобининг 3 жилдини турк тилига ўгирган. Аҳмад Нодимнинг асосий адабий мероси “Девон”дир. Бу девон шу кунга қадар Истамбулда 5 марта нашр қилинган. “Девон”нинг энг сўнгги нашрида 39 қасида, 159 ғазал, 2 мустаҳзод, 1 муҳаммас, 3 тахмис, 1 мусаддас, 28 шарқий, 1 турку, 1 таркибанд, 10 рубоий, кўпчилиги тарих айтиш бўлган 82 қитъа, 1 тасдис, 2 ташмир, 3 та маснавий бор.
Девондаги қасидаларда Истамбулнинг ҳаёт тарзи, “лола даври”даги кўнгилхушликлар, султонлар, вазирлар мадҳи ўз аксини топган. Унинг ғазал ва шарқийларида ҳам даврнинг руҳи, яъни завқ-шавққа тўлиқлик, ишқ ва ёр васли, шароб лаззати бадиий маҳорат билан ёзилган мисраларда ифодаланган. Аҳмад Нодим шеърлари нашъали ва жўшқин бўлиб, ундаги ёр ва ошиқ образлари, ўрта аср тасаввуф шеъриятидаги муқобил образлардан анча фарқ қилади. Айниқса шарқийларида даврнинг гўзаллари ва гўзалликлари юқори пардаларда мадҳ этилади. Аҳмад Нодим ижодининг ўзига хосликларини қуйидагича таснифлаш мумкин:
1. Нодим шеърларида завқ ва жўшқинлик бор. Ҳаётни кўп–роқ гўзал томонидан кўради. Соғинч, ғам-андуҳ, кудурат шеърларида йўқ ҳисоб. Оташин туйғуларни кўпроқ қаламга олган.
2. Нодим шеърларида яшаган даврини акс эттирди. Унинг шеърларида бутун борлиғи билан Истамбул ифодаланган. У шеъриятда биринчилардан бўлиб Истамбулни энг кўп тасвир-лаган. Шоир шаҳарнинг кўпгина даҳалари ва бу даҳалардаги Садобод, Хуррамобод, Шарафобод, Хусравобод, Файзобод каби қасрларни, Тавонли, Нафпайдо, Жисри сурур номли кўприкларни, кўплаб чашмалар, ҳовузлар, ҳаммомларни Истамбулнинг таркибий қисми сифатида тасвирлайди.
3. Аввалги асрларда бошланган маҳаллийлаштириш ҳарака-тини шеъриятда қўллаб-қувватлади. Асарларида халқ мақол-лари, ибораларини, умуман халқ тилида кўпроқ ишлатиладиган калималарни қўллади. Нодим тили нозик, нафис ва мусиқий Истамбул шеваси тили эди.
4.Нодим шеъриятидаги ўзига хос шакл, оҳанг, завққа тўлиқ мисралар, кўплаб шоирларни унинг ижодига эргаштирди. Набий ва Нодим ХВИИИ асрдаги энг машҳур шоирлардан бўлиб қолди.
Нодим яшаган “лола даври” руҳи унинг шахсиятига ҳамда ижодига ҳам таъсир қилган, албатта. Бу даврда усмонлилар аввалги шуҳратини тиклай олмасалар ҳам, уни сақлаб қолишга уринардилар. Султон бошлиқ сарой аъёнларининг кўнгилхуш-ликка берилиши, ўша даврда зодагонлар, зиёлиларнинг маълум маънода фожеаси эди. Ўтган замонларни соғиниш изтироб-ларини улар шеърдан, шаробдан, ишқдан, кайфу сафодан кўнгил хушлаб унутишни истардилар. Аҳмад Нодим ҳам муҳитдан айри тушолмасди. Нодим шеърлари серзавқ бўлсада, шоирни яширин бир изтироб қийнаётгани унинг айрим мисраларида кўриниб қолади.
“Бу жаҳон баҳорини бир дам бил, лолазорни ўйин соғарига тут” мазмунидаги сатрлар бунга мисолдир. Аммо, кўпроқ шоир яшаган кунлик ҳаёт тарзи унинг асарларига ҳам кўчганди. Мумтоз адабиётда кўп учрайдиган чеҳра, кўз, қомат, соч унсурлари Нодим мисраларида ўзгача ранг, оҳанг кашф этади: “О сирма сочлара бирдан сарилди севдалар”, “Сирма какул, сим гардон, зулфи тел-тел, инже бел”. Бу сатрларда доимо қора сифати кўпроқ берилган, ёр сочи сирма-олтинранг соч тарзида ифодаланмоқда. Шоир шарқиларида ёр билан кечган висол онларининг ниҳоятда нафис ифодасини кўп учратамиз:
Сайр ўлуб рақби, яна дилбари мумтозларин,
Яна афоқа чиқар нолалари созларин,
Жона оташ берадур шуъласи овозларин,
Муждалар гулшани ким вақти чароғон келди.
Нодим ёр таърифини беришда ҳам, оригинал ўхшатишлардан фойдаланади, теша тегмаган қиёсларни қўллайди:
Бўйдан хуш, рангдан покизадир нозик танинг,
Беслемиш (озиқланмиш) қўйнингда гўё-ким гули раъно сени.
Даврининг энг машҳур шоирларидан бўлган Нодим ижоди ҳақида турк адабиётшунослари кўплаб илмий-тадқиқот ишлари яратганлар. А.Р. Олтинойнинг “Лола даври” (1931) китоби, Ф. Кўпрулининг “Нодим” (1934), Н. Есиргилнинг “Нодим” 1953, С. Банарлининг “Расмли турк адабиёти” (2 том 1983) китоблари шулар жумласидандир.
НОДИМ ШEЪРЛАРИДАН
Севгилим, жамолинг бир бор кўролмам,
Чиқмасин хаёлинг дили шайдодан.
Хоки пойингга-да юз-кўз суролмам,
Олайин паёминг боди сабодан.
Мовий кўз бераҳм этди нигоҳинг,
Ошиқларнинг кўкка чиқарди оҳин.
Сўрдим гарданингдан, зулфи сиёҳинг,
Бир хабар бермади оқдан-қародан.
Севгилим, бандангга гар тушса хизмат,
Эшитгинг ва қуллик – жонимга роҳат.
Кўрсам эди сенда бўйи муҳаббат,
Истаганим шудир сен бевафодан.
Нодимо, ҳуснингга бўлмишдир ошиқ,
Шундайин бир ишқки қавлида содиқ.
Карамга на қабар бўлмаса лойиқ,
Ор этмас, Афандим, шоҳлар гадодан.
* * *
Масти нозим, ким ўстирди бунча бепарво сени,
Ким етиштирди ажаб, сарвдан боло сени.
Мушкдан хуш, рангдан покизадир нозик танинг,
Парвариш қилмишдир гўё, ким гули раъно сени.
Гули зебо кийдинг, аммо қўрқарам озор берар.
Нозаниним, сояи хори гули зебо сени.
Бир қўлингда гул, бир қўлда жом келдинг, соқиё,
Қай бирин олсам: гулни ёҳуд ул жомни ё сени?
Гўё сендин бўлмиш пайдо фаввораи оби ҳаёт,
Шундоқ кўрсатди манга ул қадди мустасно сени.
Соф экан айинаи андомдин дилим, во дариғ,
Олмадим бир бора ҳам оғушга сар то по сени.
Сўрсам магар: “Бунча ким қилди Нодимни нотавон?”
Кўрсатур ангушт* ила мажлисдаги мино**, сени.
_________
* Ангушт – бармоқ.
** Мино – жом, биллур.
* * *
Ул парирўй ошуқа ром бўлса ҳам моне эмас,
Кундузинг бўлмаса, оқшом бўлса ҳам моне эмас.
Кангул пок бўлсин ҳамон, райбу* риёдин зоҳидо,
Қўлда тасбеҳга бадал жом бўлса ҳам моне эмас.
Дилрабонинг хуни гарм** бўлсин ҳамон, атвори нарм***,
Мубталойи жоми гулфом бўлса ҳам моне эмас.
Сен тўла жомни кўтар уч мартага, сўнгра сенинг
Вуслатинг муҳтожи ибром**** бўлса ҳам моне эмас.
Муштоқман ташрифига ийднинг, иккинчи кун Нодим,
Кундузинг бўлмаса, оқшом бўлса ҳам моне эмас.
__________
* Райб – шак-шубҳа, гумон.
** Гарм – иссиқ.
*** Нарм – юмшоқ.
**** Ибром – қайта-қайта илтимос қилмоқ.
* * *
Бир сафо бахш этайлик кел, шу дили ношода,
Кетайлик сарви равоним, юргин Саъвобода.
Мана кўр, уч жуфт қайиқ бандаргоҳда омода,
Кетайлик сарви равоним, юргин Саъвобода.
Кулайлик, ҳам ўйнайлик, завқ олайлик дунёдан,
Майи тасним ичайлик чашмайи нав пайводан.
Кўрайлик оби ҳаёт оққанин аждарҳодан,
Кетайлик сарви равоним, юргин Саъвобода.
Гоҳ бориб ҳавз каноринда хиромон бўлайлик,
Гоҳ келиб Қасри Жинон сайрига ҳайрон бўлайлик.
Гоҳо алёр айтибон, гоҳ ғазалхон бўлайлик,
Кетайлик сарви равоним, юргин Саъвобода.
Бир сен-у бир мен-у, бир оби покиза адо,
Изнинг бўлурса агар, шайдир Надими шайдо;
Ғайри ёронни бугунлик этиб, эй шўх, фидо,
Кетайлик сарви равоним, юргин Саъвобода…
Адхамбек Алимбековнинг «Турк адабиёти тарихи» (ТошДШИ нашриёти. 2005) ўқув қўлланмасидан олинди.