Пайрав Сулаймоний 1899 йил 15 апрелда Бухоро шаҳрида туғилган. Дастлабки маълумотни Марв мадрасасида олган. 1916-1917 йилларда Когон шаҳридаги рус-тузем мактабида таълим олган. 1921-1922 йилларда Бухоро халқ Республикасининг Афғонистондаги элчихонасида иккинчи котиб бўлган. Ватанга қайтгандан сўнг ижод билан шуғулланган. Тожикистон давлат нашриётида муҳаррир ва таржимон бўлиб ишлаган.
15 ёшидан шеър ёза бошлаган. “Бухоро инқилоби муносабати билан” (1920) шеъри кўпчилик томонидан олқишланган. Унинг шеърларидан намуналарни Садриддин Айний “Тожик адабиёти намуналари” тўпламига киритган.
“Шеърлар” (1931), вафотидан сўнг “Шеърлар тўплами” (1934), “Асарлар тўплами” (1962), “Девон” (1971) каби китоблари чоп этилган.
Шоир 1933 йил 9 июнда вафот этган.
ҚАЛАМ
Қалам устоди достоним эрур,
Қалам озода таржимоним эрур.
Қаламга рози дил қилурман фош,
Қаламим маҳрами ниҳоним эрур.
То жаҳон бор, тирик қолажакдирман,
Қаламим умри жовидоним эрур.
Гарчи мен ҳаётда камгапман ва лек
Қаламим қосиди баёним эрур.
Тилсизлик ўлимнинг нишони эрса,
Қаламим қаламмас, у жоним эрур.
Мен қизил қаламнинг пайравидирман,
Қаламим шоҳиди замоним эрур.
ЁР ХАЁЛИДА КЕЧГАН ҲИЖРОН КЕЧАСИ
Неча кундир ёд этардим ёдини,
Дилда асраб ул санамнинг отини.
Васли жоми орзуйим эрди мани,
Лек ичардим оғули паймонани.
Ҳам узун тунлар хаёлинда ёниб,
Бир илон шавқи бирла кўкда чарх уриб.
Гоҳ самум мисли эсиб, жон ўртаниб,
Гоҳи чақмоқ мисли чақнаб ҳам ёниб.
Бир баҳор абри каби йиғлар эдим,
Мингта бонгдек дод солиб, оҳлар эдим.
Беқарорликдан жунуним даштида,
Ўзда йўқ, сарсон чопардим беҳуда.
Бош бериб, жонимга етгач бир дарак,
Жон бериб, бир хушхабар топгач юрак.
Ўзни шунча хору зор, афгор этиб,
Мен мурод кўйига боргайдим етиб.
Сажда қилгандек букиб қад ерга мен,
Кўз ёши янглиғ томиб йўлларга мен.
Нозанин, деб, ушлабон ноз барини,
Тортар эрдим заҳрини нозларининг.
Гоҳ оёғидан ўпиб, аста туриб,
Гоҳ сўриб лаъли лабидан, жўш уриб.
Яхшироқ кўз ташласам ҳар ён бу он,
Кўргай эрдим — менга неки ноаён!..
Бу хаёлдир, қалбни шавқли онидир,
Бу фироқим кечасин достонидир.
ТОР ОҲАНГИ
Қулоғимга тағин оҳанги тор келгай
Ва ёримнинг овози хуш, хумор келгай!
У тор оҳангидан хаста вужудимга
Шифобахш руҳ келгай, руҳи нисор келгай!
На дамлар беқарор эрдим, бу дам дилга
Сенинг бу хуш навоингдан қарор келгай!
Шамол тарқатдими хушбўй сочингни-ё,
Бу ёқларга насими хуш баҳор келгай?!.
Бу дам тўзғитмагин елларда сочингни,
У ҳам бир кун менинг ҳолимга кор келгай!..
Сенинг бор кипригинг бирлан дилим захмин
Рақам этсак, икиси тенг, қатор келгай.
Хабар келди, вафо даштидаги эй қуш,
Сени тутмоқ учун у ёр шикор келгай!
Турур Пайрав бўлиб зоринг, қувончидан
Кўзига ёш қатору шашқатор келгай!..
Тилак Жўра таржимаси