Муҳаммаджон Раҳимий (1901-1968)

Муҳаммаджон Раҳимий 1901 йилнинг 3 майида Бухоро вилоятининг Шофиркон ноҳияси, Фойиқи қишлоғида туғилган. 1917 йилда эски мактабда таҳсил олган. Сўнгра ҳунармандчилик билан шуғулланган.
«Достони санъат», «Марг ба марг, хун ба хун», «Кишвари заррин», «Тиллои сафед», «Машъали меҳр», «Афсонаи Симурғ», «Рубоийлар ва дубайтлар» каби китоблари чоп этилган. 1942 йилда унинг асари асосида «Тожикистон ўғлони» кинофилми суратга олинган. «Тожик-рус луғати» адиб тартиби ва таҳрири остида чоп этилган. А.С. Пушкин, Н.А. Некрсов, М. Горький, С. Вурғун, Т. Шевченко каби шоирларнинг шеърларини тожикчага таржима қилган. 1934 йилдан Тожикистон ёзувчилар Иттифоқи аъзоси бўлган.
1968 йилда вафот этган.

ОШИҚ БЎЛДИМ
(Қўшиқ)

Моҳпора ошиғи ҳам зори бўлдим,
Гул юзин булбулдек гуфтори бўлдим.

Баҳра чопурман дил оташидин,
Санам, беҳаловат, овора бўлдим.

Оқибат топдим-у, эй, сурати ишқ,
Талъатинг асири, хумори бўлдим.

Юзингни яширма энди мендан, ой,
Кўйингда куйгувчи сайёра бўлдим.

Кипригинг ханжаридан дод, минг дод,
Жон талашмоқда ман садпора бўлдим.

Воҳ, ишқнинг шер янглиғ кучли панжаси
Дилимга чанг солди, бечора бўлдим.

Дўстлар, насиҳат ҳам илтифот этинг,
Моҳпора ошиғи ҳам зори бўлдим.

БЎЛМАСА

Ой, агар сўзингда шафқат бўлмаса,
Не ажаб, ишқингдан лаззат бўлмаса?!

Юзингда акс этар ойдайин маъно,
Тўлин ойга маъно зийнат бўлмаса?

Кўзларинг агар тонг майхонасидир,
Майли, шом майхона хилват бўлмаса.

Нигоҳинг қочадир биздин, минг афсус,
Ани ром этарга журъат бўлмаса.

Сенинг гул юзингда нуқтадек хол бор,
Нега шу нуқтадан ҳайрат бўлмаса?

Дилимга тасвиринг тушибдир қандоқ,
Юзинг кўзгусида санъат бўлмаса?!

Конибодомлик-ку эмассан, бунча
Кўзларинг бодомга монанд бўлмаса?

Пухталар хомисан, мен пухта хомман,
Ҳар пухтага бир хом пайванд бўлмаса?!

Жаҳон ишқ туфайли бадном эмасдир,
Менинг ишқим сенга иснод бўлмаса?!

Кўзларинг мастлиғда намунча ҳушёр,
Элда ҳушёр, мастга шуҳрат бўлмаса?!

Не учун Моний Аржангидан жоним,
Агар бу Жомийдан рағбат бўлмаса?!

Нега дил оромин олдинг ўгирлаб,
Ўғрилик жононга одат бўлмаса?

Сен қачон Раҳимийдан йироқ тушдинг,
Наҳот, то ҳануз бир хат-пат бўлмаса?!

ОШИҚ МАКТУБИ

Менинг жоним сочларинг қўиғироғига тушубдир,
Дил сеҳргар қора кўзлар булоғига тушубдир.

Гарчи мен кетдим олис, барибир шайдосиман,
Бир синовдан ўтган ишқ ёр фироғига тушубдир.

Ул тиниқ юз бирла баҳс эртарга бир оина йўқ,
Йўқса, нега ёр юзи ой ёноғига тушубдир.

Кунларим эсла, сафар йўли қачон бўлди осон,
Ошиқ изи бирла қон йўл туфроғига тушубдир.

Айрилиқ оқшомида сайёрага солгил нигоҳ,
Нур, ёруғлик барча гуллар бутоғига тушубдир.

Йиғламасман, айрилиқца ёш тўкиш мардлиғ эмас,
Бир-икки лаъл гулдан япроғига тушубдир.

Хат ёзибсан, ёр, хатингда топмадим бир тола соч,
Соч сабабсиз ё ғараздан оёғингга тушубдир.

Турмасанг ҳам кўз олдимда, кўз ўнгимдан ҳамиша
Кетмагай, ёр, суратинг қароғимга тушубдир.

Кўл узат, ёр, чўкаётганга севги дарёсида,
Ул бу дарёга паноҳ иштиёғида тушубдир.

БАЛАНД ТОҒ

Бу ерда нақадар баланд тоғлар бор,
Кўнгилли манзара, ажиб чоғлар бор.
Хушбўй бўлсин, эй, келинчак баҳор!
Олмос муз ва қордан зийнатлар қадаб,
Бошингга тиллақош қилгил, эй, дилдор!
Сенга гул-чечакдан кўйлаклар тикди,
Бир рангин кўйлакки, бўйинг баробар.
Тегрангда парвона булут ҳуснингдан
Лол бўлиб йиқилди охир бемадор.
Эй, дил, тоғ юртида не баланд тоғ бу,
Бағрида тилёрар мевалар бисёр?!
Ойнаюз тоғларнинг этакларига
Минглаб гул, суманлар қадалган қатор.
Темирдай тошлар ҳам бўлиб мусаффо,
Ёқуту лаъл янглиғ бўлди жилодир.
Бори майсазорлар устига ойдин
Серюлдуз палакни ёпгучи бедор.
Ойдинда намоён тоғ ҳусни, кундуз
Кўринмас, у олий бўстон бетакрор.
Ҳаммадан серҳосил бўлгандан, шаксиз,
Борлиғи жавоҳир бирлан баробар.
Кўрингай тўрт тараф нур тўлқинида
Гоҳ қизил, гоҳ зарҳал, гоҳида зангор.
Пурвиқор тоғ, энди муборак бўлсин,
Гул бахмал водийлар билан навбаҳор.

Тилак Жўра таржималари