Ҳақназар Ғойиб 1943 йилнинг 7 январида Кўлоб ноҳиясининг Офтоблиқо қишлоғида таваллуд топган. Педагогика билим юртини (1960) ҳамда Кўлоб давлат Муаллимлар институтини тугатгач, бир йил муаллимлик қилган. 1966 йилдан мухбирлик фаолияти билан машғул бўлган. Жамоатчилик асосида Маданият ходимлари касаба Итттифоқининг раиси (1966-1970), Кўлоб вилояти телевизион ва радио Қўмитаси бошлиғи (1974-1981), ёзувчилар Иттифоқи Кўлоб бўлими масъул котиби, «Хатлон» (1990-1993), «Кўлоб янгиликлари» (1993) газеталари бош муҳаррири бўлган. 2002 йилдан Тожикистон ёзувчилар Иттифоқининг Хатлон вилояти бўлими раиси.
Хақназар Ғойиб «Эҳёнома», «Фирдавсий ҳасрати», «Эйнштейн ҳасрати» «Офтоб ашки» каби достонлар муаллифи. «Ҳаёт рамзи», «Иссиқ нигоҳ», «Ишқнинг яшил барги», «Тақдир», Муқаддаснома» каби кўплаб китоблари чоп этилган. Ҳақназар Ғойиб И.Бунин, И.В. Гёте, Е.Евтушенко, С.Есенин, А.Мухтор, Я.Колас, Э.Межелайтес, Н.Баратинский, А.Рифнинг алоҳида шеърларини тожик тилига ўгирган. 2000 йилда Абу Абдуллоҳ Рўдакий номли давлат мукофотига сазовор бўлган. «Шараф» ордени соҳиби. Тожикистон халқ шоири. 1976 йилдан Тожикистон ёзувчилар Иттифоқи аъзоси.
ИЛК ҚАСАМ
Яна тонгда қўшни ҳовлида
Ўқ овози сукутни тилди.
Шодландим мен, ахир, бу онда
Янги инсон дунёга келди.
Лекин бир ўй келди-ку, дилга:
Нега, ахир, тожиклар ҳар дам
Ўқ отарлар ёруғ дунёга
Фарзандлари қўйганда қадам?
Исёнкор ва адолатталаб
Бўлсин дея этарлар орзу
Ҳам ўқ узиб, аста очиб лаб,
Шундай тилак тиларлар мангу:
Болажоним, келдинг дунёга,
Исёнкор бўл шу ондан доим.
Болаликдан изимдан боргин,
Шудир менинг чин муддаоим.
Ўқ садоси остида, болам,
Ҳаётимдан ол дер намуна,
Умрингда ҳеч тортма дер алам,
Сўнгги дам ҳам жон бер мардона.
Шундан балки, тоғлиқ туғилса,
Ўқ янграгай титратиб очун —
Озодликнинг ёви ким бўлса,
Юрагига қадалмоқ учун.
Қулоқ солсам олис-олисдан,
Қулоғимга етади садо,
Гўё туриб мозий бағридан
Мард боболар бергандеқ нидо.
Фақат шундай туғилар фарзанд,
Фақат шундай кўз ёрар она.
Ўқ янграйди — илк қасам каби
Юракларда шиддат, тантана.
ТАРОНА
Юлдузлар гул каби очилган замон
Ойдин лолазорга ўхшайди осмон.
Навбаҳор келганда, эй, кўнглим гули,
Қошимга ташриф эт, айлаб хиромон.
Бошимдан сочдинг сен гуллар исини,
Келтирдинг ҳаётнинг тиниқ шамолин.
Келтирдинг муҳаббат, меҳринг сўзини,
Олис ёшлигимнинг орзу-хаёлин.
Олисларга боқдинг.
Гувлади насим,
Юлдуз гулларига тикдинг сен нигоҳ.
Қайта яшамоқ ҳеч бўлмас деб насиб,
Нигоҳинг оҳ чекиб йиғларди гўё.
Ногоҳ лабларингни ёндирди бўса,
Сен кетдинг, мен қолдим оҳ чекиб дарддан.
Сен гўё кўкдаги юлдуз эдинг-у,
Айландинг умримнинг гулига бирдан.
Тонгдан ўча бошлар юлдузлар кўкда,
Аммо юрагимда тунги наволар —
Аммо юрагимда тунги наволар —
Хонамга қайтганман оқаргач саҳар.
Тилак Жўра таржимаси
РУБОИЙЛАР
Севгидан коинот чароғон бўлгай,
Севгидан тупроқ ҳам гулафшон бўлгай,
Қай инсон севгига муносиб эрур,
Умри дил шамъидан нурафшон бўлгай
* * *
Ишқсиз бу жаҳонда сафо йўқ, дўстлар,
Ёрсиз бу жаҳонда вафо йўқ, дўстлар.
Вафодор ёрингиз фидоси бўлинг,
Вафо дунёсига фано йўқ, дўстлар.
* * *
Сийнамда қулф урди муҳаббат гули,
Гулобинг садбарги, саодат гули.
Жигарим қонидан нишона ранги,
Бу асли мен чеккан минг заҳмат гули.
* * *
Бу оқшом икки дил оқшоми бўлсин,
Бахтнинг ҳар хонада хандони бўлсин.
Ишқ ҳақда куйлангиз тинмай, уларга
Лутфу карамнинг ҳам арзони бўлсин.
* * *
Сен боис сипқордим ишқ шарбатини,
Ишқингда кўрдим мен орзум тахтини.
Ошиқлар шаҳрида кўча номладим
Ҳақназар топган деб шунда бахтини.
Жамшид таржимаси