Ренат Махсум ўғли Харисов (Ренат Мәгъсүм улы Харисов) Чинли туманидаги Қаша қишлоғида туғилган. Қозон педогогика институтини битиргач, ўқитувчилик қилган. “Қозон ўтлари” журналининг бош муҳиррири бўлган. Турли раҳбарлик лавозимларида (маданият вазири, Татаристон Республикаси бош вазири ўринбосари) ишлаган. Татар ва рус тиларида йигирмадан ортиқ китоби чиққан.
СУҲБАТ ВА ҚАЙҒУ
Беш киши беш дақиқа
Гаплашса кун ҳақида,
Ақли беш онгга ортар,
Умри беш тонгга ортар.
Киши ёлғиз ўтирса,
Беш дақиқа қайғурса,
Изтироби узаяр,
Умри беш кун озаяр.
НЕ БЎЛАР?
Ўт ёндирмай, иситмай қолса,
Сув сўндирмай, совутмай қолса,
Ерда не бўлар?
Қиз унутса сева билишин,
Йигит қўйса қўлдан қиличин,
Элда не бўлар?
ОРАЛИҚ
Болалик ва ёшлик орасин
Сезмай, елдай ўтиб борасан:
Ёниб-куйиб,
Топтаб-ўйиб,
Очиб-ёпиб,
Йўқотиб-топиб,
Йиғлаб-кулиб,
Улаб-узиб,
Мамнун, безиб,
Сезмаганча елиб борасан…
Ёшлик билан кексалик аро
Салмоқланиб боряпсан, аммо
Ёнасан-да куясан,
Топтайсан-да ўясан,
Очасан-да ёпасан,
Йўқотасан, топасан,
Йиғлайсан-да куласан,
Узилади уласанг,
Сезмасдан ҳам қоласан…
Қарилик ва ўлим орасин
Билмадилар,
Билмай борасан.
БОЛА ТУҒИЛГАНДА
Жилғалар:
“Тепага оқамиз!” деди.
Тепалар:
“Биз водий бўламиз!” деди.
Водийлар:
“Игналар устида турамиз!” деди.
Игналар:
“Биз қудуқ қазиймиз!” деди.
Қудуқлар:
“Ер узра чиқамиз!” деди.
Ер:
“Шодлик ортарми ё қайғу?..” деди.
Татар тилидан Тоҳир Қаҳҳор таржимаcи