Мирослав Валек (1927-1991)

Мирослав Валек (Miroslav Válek, 17 июль, 1927 – 27 январь, 1991) – словак шоири, публицист, сиёсатчи.

ТУЯ

Томоғи куя-куя,
Буфетга кирди Туя.
– Менга сув бўлса девдим,
Шунинг учун келувдим…

Сотувчи сакраб турди,
Туя томон югурди:
– Сизга газланган сувми,
Ёки музланган сувми?

– Манзилим саҳро азал,
Менга оддий сув афзал!
Сотувчи деди:
– Шошма,
Шарбат берайми, ошна?

– Таклифлар яхшику-я, –
Дея тин олди Туя.
– Ўн икки йил циркдаман,
Яширмайман, эркаман.

Чакки эмас иш жойим,
Доим олчидир довим.
Ерга қипиқ тўшалар,
Жонга ором ўшалар.

Чироқлар чарақлайди,
Улкан шифт ярақлайди.
Чин сўзим, хўп яйрайман,
Яна саҳродадайман.

Саҳрода сувсиз қийин,
Ҳалокат бўлар,
Тайин.

Эзилиб жигар-бағир,
Сотувчи дер:
– Иш оғир!
Рухсат этинг, ҳозироқ,
Сизга берай ёғ-қаймоқ!

Туя бу гал ютинди,
Сотувчидан ўтинди:
– Барини қўятуринг,
Менга, ошна, сув беринг!

Рус тилидан Нуруллоҳ Остон таржимаси