Ника Турбина (1974–2002)

Ника Турбина (1974–2002) 4 ёшидан шеър ёза бошлаган, 7 ёшида таниқли ёзувчи Юлиан Семёновнинг назари тушиб, шеърлари марказий матбуотда эълон қилинган, 9 ёшида «Қоралама» номли илк шеърий тўплами Евгений Евтушенко сўзбошиси билан нашр этилган, юксак парвоз билан бошланган, кейинчалик эса мураккаб руҳий изтироблар, маълум маънода ижодий фожиалар гирдобида қолиб ўз ҳаётига қасд қилган шоиранинг 27 йиллик ҳаёти ва ижоди ўз даврида катта шов-шувларга сабаб бўлган.

 

***
Тунги фонусларга алданманг —
Мудроқ жойлаб кўзларингизга,
Қалбдан қувар бедорликни ҳам.
Вақт келар,
Сиз бедор турган дам,
Ўзи томон чорлар юлдузлар.
Тунги фонусларга алданманг-
Мудроқ жойлар кўзларингизга.

1981

ҚОРАЛАМА

Қораламадир менинг ҳаётим-
Ҳамма ҳарфлар айланиб буржга
Мен ҳали кечиб улгурмаган
маҳзун умрдан қилар башорат.
Қораламадир менинг ҳаётим-
Гўё ҳайқириқ
Ўз аксидан парчалангандек
Бўлакланган бахту иқболлар
Ёзиғлиқ.

МЕН КИМ?

Кимнинг нигоҳила кузатаяпман дунёни-
Дўст,
Жону жигар ,
дарахт,
қушнингми?
Дилдираб тушган бу баргдаги ёшни
Кимнинг лабларила ҳўплаяпман?
Кимнинг қўлларила қучоқлаяпман
Нотавон, мўртдан-мўрт дунёни?
Ўрмон, дала, ёмғир, бўрону туннинг
Овозини киймаганми овозим?
Мен кимман ахир, ким —
Табиат акс-садоси.
Акс-садодан
Ўзлигимни топа оламанми?

УХЛАТАСИЗ МЕНИ АЛЛАЛАБ

Иссиқ тўшагимга ётқизиб,
Ухлатасиз мени аллалаб.
Бир гўдакбоп қўшиқни айта
Ширин тушлар тилайсиз қайта.
Тонгда ёстиғимнинг тагида
Пайдо бўлар сиз қўйган офтоб —
Мен кунлари қўлдан қўймаган,
Ҳеч тўймаган бир гўзал сурат.
Энди бундай қила кўрманг ҳеч
Мен улғайдим.
Болалик кетди.
Болалик кетди…

ЁМҒИР. ТУН. СИНИҚ ДЕРАЗА

Ёмғир. Тун. Синиқ дераза.
Шамолга терс келган баргдек
Ҳаво узра учди шиша парчалари
Қолдириб жарангдор овоз.
Одатда
Шундай узилар инсон жони ҳам.

ЕВГЕНИЙ ЕВТУШЕНКОГА

Сиз халоскор йўлдош, мен кўздан қолган чол.
Йўлбошчи — сиз. Чиптасиз ҳам элтяпсиз мени.
Лекин бир саволга ҳеч тополмам жавоб:
Топталмаяптими дўстлар туроби.
Жимлик…
Сиз қалбдаги нидо. Мен – унутилган шеър.

1983

ЎЗ МАНЗИЛИН ТОПМОҚ ҚАСДИДА

Ўз манзилин топмоқ қасдида
Кеза-кеза чиқиб қолар кас
Ҳаёт-ўлим туташган жойдан.
Қани энди топа олсайдим
Ажал қувиб етолмас маскан.
Бироқ тонг отгандай ботар шом…
Шунинг-чун мен чиқдим отланиб
Қуёш ботмас томонни кўзлаб.

ЁТ ТИЛЛАРГА КЎЧГАН ШЕЪРЛАР

Ёт тилларга кўчган шеърлар бу –
Шум сўқирлар ҳолига менгзар.
Одатда
Учрамай деб бирор хатарга
Қилар ўзин ўзин ҳимоя —
Пайпаслана юрар сўқирлар.
Ёт тилларга кўчган шеърлар ҳам
Келмасидан бирор хавфга дуч
Керак ҳимоя.

ҚАРШИМДАГИ БУ ДЕРАЗАЛАР

Қаршимдаги бу деразалар –
Нақ овозсиз кино.
Ёлқин бору, бироқ
Таралмайди ҳеч.
Бир ойна ортидан гўдак ҳайқирар,
Бир ойнада яна қандайдир овоз,
Аммо мен томонга келмагай етиб.
Ойнадан нарида сон-саноқсиз кўз –
Чиптасизлар
Ўлтирар сукутга бериб дилдан роз.
Менинг деразамчи? Жарангдор!
Бироқ
Таратар борлиқа дард-алам куйин.

ВЕНЕЦИЯ

Кўприкларла қуршалган шаҳар-
Тош либосда бўлар намоён.
Маржон – оққа бўялган уйлар…
Пойидаги ороллар сонин,
Саноғига етиб бўлмас ҳеч.
Нега энди йиғлар бу аёл-
Тошдан кўйлак кийган
Венеция?

ОЛТИН БАЛИҚЧА

Тилла балиқчага бериб оғриқ, ғам –
Қайтариб бердик биз бор ҳадяларин.
Севги ҳам кўнгилга бўлолмагач жо
Ошёнига қайтди.
Айланди фалак.
Мана яна қирғоқ бўйида туриб,
Сўряпмиз ўтиниб, қайтишини
Муҳаббатнинг.

***

Қирмизи ой,
Қирмизи ой.
Тим қора
Деразамдан
Мўралаб қўй.
Қирмизи ой,
Хонам зим-зиё.
Зим-зиёдир уйлар,
Деворлари ҳам.
Бурчаклари ҳам.
Нетай?
Ҳатто
Ичим сим-сиёҳ.

***

Бармоқларим бир шуур билан
Тинглаётир ёмғирнинг куйин.
Куй таратиб тушган томчилар
Кафтгинамда йиғилиб охир
Айланадир улкан кўзёшга.
Йўқ куй эмас, бу аччиқ нола.
Осмон, наҳот йиғлаётирсан?!
Изн бер, мен ҳорган отимга
Элтай ва туёқларига
Сочай сенинг дардга даво.
Изн бер, осмон!

***
А.Н.

Гарчи сўзлашсам-да сен билан,
Бу сўзларда ҳис йўқ,
Йўқ ранг, тус.
Гарчи яшасакда бир уйда
Айро-айро дунёдамиз… афсус

ҚЎҒИРЧОҚ

Мен мисоли мажруҳ қўғирчоқ
Юраги суғуриб олиниб,
Қайта жойлаш ёдга келмаган
Ва кераксиз буюмдек
Чеккага
Ирғитилган, хўрланган.
Мен мисоли мажруҳ қўғирчоқ
Алданишга мойил, бечора,
Қулоғимга майин шивирлаб,
Ухлашга чорланган:
“Ухла, жоним, ухлагин,
Ором ол, бир пас.
Уйғониб, кўз очганингда
Яна сенга бўлар эл
Бор яқинларинг,
Яна қувнаб-эркалатамиз,
Ура бошлар шунда юрагинг…”
Кутишдан ҳам борми оғир мусибат?

1983

Умид Али таржимаси

АЛЛА АЙТИНГ…

Алла айтинг менга, тебратинг,
Кўрпа билан ўранг қалинроқ,
Алла билан алданг мени сиз;
Осмонида қуёш порлаган
Тушларим суратин тонг чоғи
Ёстиғим остига беркитинг;
Кутманг асло, кутманг сиз бироқ…
Кетди мендан болалик йироқ.

ОНАМГА

Ёлғизлик онларида
Осмон бағрида жон талашган қушдек,
Етишмайди менга сенинг борлигинг,
Лабларинг ташвишли титроғи етмас,
Кулгуларинг етмас кўзларингдаги-
Улар кўз ёш тўкар менга термулиб…
Она, нечун дунё- оғриқ сим-сиёҳ?
Балки, сен ягона бўлганинг учун?

ҚОЯ
В.Луговскийга

Денгиз тўлқинланар, денгиз шовуллар;
О, Сенинг юрагинг туғилди, шоир,
Денгиз кўпигида, шамс ёғдусида!
…Бироқ вақт ўткинчи, ўлди шоир.
Юраккинанг сенинг денгизда оқар,
Лек бунда бир қоя- кўкка бўй чўзган.
«Қолдир юрагингни харсанглар аро!»,-
Шамол саси ила сўрайди сендан.
…Одамлар кетмоқда қоя томонга,
Қуёш ҳам ошиқар қояга томон.
-Сен денгиз фарзанди- юрак урмоқда.
-Яшайман мен, мангу! Тирикман ҳамон.

ҚЎҒИРЧОҚ

Мен бир синиқ қўғирчоқ каби…
Кўксида бўш қолган бир юракка жой
Ва кераксиз бир матоҳдек
Ним қоронғу бурчакка ташлаб қўйилган.
Мен бир синиқ қўғирчоқ каби…
Бир сафар, тонг чоғи уйқу оҳиста
Қулоғимга шивирлаб айтди:
«Ухла, миттигинам, кўзларингни юм.
Йиллар учиб ўтар- уйғонганингда
Ниҳоят одамлар истаб қолишар
Сени қўлга олишни,
Аллалаб, шунчаки, ўйин қилишни.
Шунда ура бошлар сенинг юрагинг.»
Фақат, қўрқинчлидир кутиш онлари…

БУВИМГА

Оғриқларинг олайин мен.
Бир даста гул териб, сўнг
Уддасидан чиққанимча
Ёзайин бир-икки сўз,
Тонготар пайт ҳақда- мовий,
Булбуллар ҳақда кўкламги,
Оғриқларинг олайин мен…
Фақат, бир ўй кўп қийнайди:
Ним қоронғу уй тўрида
Юрак зорланар недан?
Деворлардан пойгаккача
Бор йўллар парчаланган.
Даста гуллар сўлиб борар
Жон берар аста-секин…
Оғриқларинг олайин мен,
Кўнглинг ёзилармикин?

***

Тунгги чироқларга кўз тикманг:
Уйқу ботар кўзларингизга.
Ҳасрат чекманг,
Кун келар-
Офат, ҳасрат нари кетиб,
Юлдузлар ўзига чорлаган бир кун.
Тунгги чироқларга кўз тикманг:
Уйқу ботар кўзларингизга.

***

Дўстларимни излайман,
Ғойиб бўлишди бирдан.
Мен сўзларни излайман-
Кетди дўстлари билан.
Кунларни излайман, лек
Қочиб қолишди нари.
Улар ортимда, мендан
Йироқлар борган сари!

***

Кўнглим менинг- ниҳоним,
Маконинг қайда?
Бежирим уйчанг сенинг
Шинамдир- сара?
Шаҳарлар кезасан,
Кезасан якка.
Кўнглим менинг- ниҳоним,
Пинҳонсан нега?

ОВОЗ

Хиёбон бўйлаб
Сенинг жарангдор,
Биллур шарсимон
Овозинг учди.
Томлар оша ўтди,
Япроқлар оша,
Кузги шитирлар
Навосин тутди.
Беҳос тин олди
Ўша ўриндиқ
Ва синиқ фонус
Қаршисида у
Ва ўтли кулиб
Қараган пайтда
Синиқ фонус ҳам
Нур сочди қайта.

***

Ухла, менинг укажоним,
Аллалар айтай.
Оқ тўшагинг бўлсин сенинг
Кенг қорли дала.
Ёстиғинг остидаги
Дарёлар тошқини-
Нурли йўлинг бўлсин
Ва мен ғамларинг олай.
Ухла сен,
Мен эса гуллар экайин, укажон,
Болалик тушларингни
Фақат уларга ишон.

***

Кунлар узун тун қадар, жала қуйган пайт
Кўзлар кўролмаса бир томчи ёмғирни.
Бироқ эшик бўсағасида,
Зимистон тун деворларга етолмай юриб,
Кундуз чақиримлар олисдаги бир
Эшикка тойиниб кетган қўллардек
Татиб кўрар ёмғирларни лаблари билан…

***

А.Н.

Биз- иккимиз
Бошқа-бошқа тилда сўзлаймиз.
Ҳарфлар ўша-ўша,
Бироқ сўзлар турлича.
Биз сен билан бир хонада-
Бир хонанинг
Икки айро оролида яшаймиз.

ШУВОҚ ЎТИ

Мен- шувоқ ўти.
Лабларимда талх,
Сўзларимда талх,
Мен- шувоқ ўти.
Дашт узра шамол
Ғувиллаб чунон
Нозик поямни
Синдирди ёмон.
Оғриқдан дув-дув
Ёшим тўкилди,
Ерга кўмилди…
Мен- шувоқ ўти.

ЯРАДОР ҚУШ

Шафқат қилинг, қўйиб юборинг.
Эзғиламанг синиқ қанотларимни,
Учолмайман мен ортиқ.
Овозим чилпарчин бўлди оғриқдан,
Оғриққа айланди менинг овозим.
Чинқирмайман мен ортиқ.
Ташлаб кетманг, ошиқманг бироз!
Куз…
Қушлар учар жануб томон жим,
Юрагимни қуршайди қўрқув.
Ёлғизликнинг дўстидир ўлим.

Рафиқ Сайдулло таржимаси