Максимилиан Волошин (1877-1932)

Ҳаётлигидаёқ афсонавий шахсга айланган бу улкан рус шоири Киевда туғилиб, унинг илк болалик чоғлари Таганрог ва Севастополда ўтди. Тўрт ёшидан бошлаб, унинг ҳаёти Москва билан боғланди.
Шоирнинг оиласи 1893 йилда Қримга кўчиб ўтгач, бу ердаги дала ҳовлиси “Шоирлар уйи” га айланди. Бу уйда ўша даврнинг не-не шоирлари, олимлари, бастакорлари, хуллас, аҳли ижод яшамади дейсиз!
Онасининг талаби билан Москва Давлат универ-ситетининг ҳуқуқшунослик факультетида 1900 йилда бошланган таҳсили (талабалар намойишидаги ишти-роки учун) тугалланмай қолди. У ярим йилча Мар-казий Осиёда, кўп йиллар Парижда яшади. У ердан Ўртаер денгизи бўйлаб саёҳатга чиқди. Шоир ўз ватанига қайтиб келди ва умрининг охирига қадар севимли “Шоирлар уйи”да -Коктебелда (Қрим) яшади, тоғнинг баланд жойидаги ўзи васият қилган ерга дафн этилди.
Максимилиан Волошин нафақат ҳассос ва теран фикрли шоир, ажойиб мўйқалам соҳиби ҳам эди. Унинг қаламига мансуб рангтасвир асарлари шеърлари каби Ватани, дунё бўйлаб ўлимидан сўнг кезмоқда.
Шоирдан бой адабий мерос қолди. У ўз шеърла-рида инсон руҳияти кенгликларини, кечинмаларнинг мураккаб ва чуқурлигини, уйғуларининг тозалигини, ўз замонасининг, замондошларининг ички ва ташқи қиёфасини, табиат гўзалликларини кенг қамровли ранглар билан ифодалади.


ВАГОНДА

Яна йўл. Сеҳрли кучнипг туйғуси,
Мени чулғаётган бу ҳолат таниш:
Шовқин, юк ташувчи, чироқ ёғдуси,
Қичқириқ, хайр-хуш, ҳуштак,ҳовлиқиш…

Вагонларда хира ёруғлик,
Сояларниннг қора излари.
Эгилиб мудрайди, мудраётир тик
Одамларнинг чарчоқ юзлари.

Аниқ-тиниқ,
Адоси йўқ, йўқ тини
Бир хилда тиқ-иқ
~илдираклар шовқини.

~увиллар сарсари
Уйқудаги шивир-
Тубсиз дарё сари
Олиб кетар сир…

Ҳаёт…рикчилик…
Кимдир қайгадир
Ниманидир тўқ-ўқ
Уради бир-ир.

Та-а-а…-а-та-а…
Тинмай не ҳақдадир
Уйқусида хаёл
Суради кимдир.

Қулоқни тешгудай тақиллатади:
Та-а-а…-а…-а-а…
Шамол ноласига урилар хаёл,
Поезд унга етиб,ўзиб кетай деб
Ҳайқира бошлайди, ҳайқиради лол…
Яна Россияга йўл олдим чоғи…
Ҳали олдиндадир минг-минг чақирим.
Қаршимда нохуш тун очар қучоғин,
Даладаги бекат… Чироқлар ёниб,
Толғин-толғин, нозли кўзлар мисоли
“Келгин… келгин…” дея шивирлайди жим.

Бу нима? Қўрқувми? Баломи? Ўйлар?
Узоқлашар оқшом, яқинлашар тонг.
Неки яшаб ўтди-ўтмишдан сўйлар,
Неки суғурилди-ич-таши вайрон…
Та-та-та… та-та-та.. та-та-та…

Бу йўллар чеки йўқ кўринар гўё…
Поезд кетиб борар тилсиз чўл бўйлаб.
Нолалар, фиғонлар қуюни аро
Қадимий-қадимий қўшиқлар куйлаб.
Ҳар битта вагоннинг деворин дилгир
Сирғалиб-сирғалиб санайди ёмғир.

Бу қўшиқ-ҳаётнинг интиҳосими,
Бу қўшиқ-ҳаётнинг ибтидосими,
Тинмас, сира тинмас Вақт садосими:
Та-та-та… та… та-та… та-та-та…
Бу туганмас йўлда
Саргардон дарвеш
Каби йиллар билан кезиб юраман.
Интиламан, интилиб дилдан
Яна бахт сасини сезиб юраман.

Фақатгина намхуш-шамхуш тунларда
Оғир-оғир ҳаво тўлқинларида
Димоғимга Руснинг ҳиди келади,
У ҳам олислардан мени билади.

Шамол ноласига урилар хаёл,
ғилдирак шовқини ноумид,ҳорғин
Қуйилар,тақиллай бошлар бемалол:
Та-та-та… та-та-та… та-та-та.
1901 й.

* * *
Оқшом тушиб келди. Ол ранглар ўчди.
Ўйлар чарақлади – кўнгул зиёси.
Қандай қудрат билан кўзини очди
Олис кунларимнинг унут дунёси!

Яшил хиёбоннинг қоронғусида
Тушлар адашишди,эртаклар сўлим.
Оқиб ўтаётган Вақт ёғдусида
Кунлар ўсиб борди, тун қуйилди жим.

Бизлар нимагаки қўл урдик,ногоҳ
Хушбўйланиб кетди, гуллаб кетди,оҳ!
Бизни ушлаб турган бу рангсиз олам –

Турманинг энг намхуш деворларидан
Олдинга силжитдик дил торларида
Бу азиз ҳаётни ҳамфикр, хуррам.
1902 й.

ШЕЪРНИНГ ТУҒИЛИШИ

Бальмонтга
Қалбимдаги дардим хушбўй, чақинли,
Мовий қушлар каби чарх урар шуъла.
Ёруғ деразалар очиқ, ёлқинли,
Узайиб боради, тобора узун
Дилтортар нола-
Кўринмас тола…

Бу оқшом нечоғли нурли, сеҳргар,
Сўзлар рақсга тушар, бирдан ловиллаб
Севгили оҳанглар жуфтлашар дилбар.
Англамоқ тубида-айланма йўлда
Қуюқлашар ҳуркак соялар, сирлар…
Сунбул гул рангида туғилар дилда
Энг оппоқ,энг маҳзун, муаттар шеърлар.
1904 й.

* * *
Менга дунё тор келди,айланага қулфландим,
Мангулик аҳён-аҳён ярқирар шуъла мисол.
Кўзларимга урилар Вақт кучланди, учланди,
Йиллар сор қушлар билан учиб ўтар бемалол.

Паға-паға туманлар… яқин… ва йироқларим…
Сезаман кўчаётган манзаралар нафасин.
Психия чироғин қўлга олган чоғларим
Кўтараман англашнинг мовий алангасини.

Яширин тубсизликлар тубсиз тубсизлик аро.
Синга бошлайди шаклу шамойил кенг самога.
Қачондир қаердадир бирга ўлганмиз гўё,
Гўёки бизлар ҳали келмаганмиз дунёга.
1904 й.

* * *
О, нақадар тиниқ, бу дам бетакрор,
Қадамларим енгил, ўхшар чақмоққа!
Яна бир бор бола бўлиб қолгим бор,
Мен кириб бораман қадрдон боққа…

Эшит,эртакларнинг шитирими бу?
Мени англамоқнинг тубсиз иплари
Дарбадар йилларда билмасдан уйқу
Ортимга қайтарди-болалик сари…
1904 й.

ҚАДИМИЙ МАКТУБЛАР

Севаман-қадимий мактублар аро
Қадимий сўзларнинг ҳорғин шивири.
Уларда сезинар жон берар раъно
Гуллардан сўнгги ҳид, сўнгги шитири.

Севаман-бу гулдор ҳуснихатларда
Майсалар шовуллаб тўкар сирларин.
Ҳарфлар уча бошлар ҳур соатларда
Оҳиста пичирлаб маҳзун шеърларни.

Юрагимга яқин улардан ним-ним
Оқаётган чирой, жозиба,боли.
Улар Англамоқнинг дарахтидан жим
Тўкила бошлаган гуллар мисоли.
1904 й.

* * *
Бизлар бу дунёда адашиб кетдик,
Бу тубсиз зулматга боладай ҳадик
Ва қўрқув ичида кўз қиримизни
Ташлаб, маҳкам қучдик бир-биримизни.

Ўлик дарё бўйлаб товуши ўктам
Орфей ўз соясин чорлаётган дам
Кимдир итаради, ажратар,кимдир
Бизни айлантира бошлайди гир-гир.

Ғамнинг мадори йўқ, бесас ҳайқириқ,
Қўллар қўлни сиқа бошлайди қаттиқ.
Жуда олисларда ҳўлланган тошлар
Эвридика номин ғулдирай бошлар.
1905 й.

* * *
Баҳор тунд, елмас сабо,
Водийларда нам ҳаво.
Мовий уфқлар қадар
Туташар тик тераклар.
Олис-олис тоғларда
Қор товланар чоғларда
Қуюқлашар ҳўл дала.

Булутларга эшилиб,
Жарликларга қўшилиб,
Шамолнинг нолалари
Ёмғирнинг толаларин
Тўқий бошлайди, денгиз
Шовуллар бўғиқ, ёлғиз.
Сўнгсиз қумликлар бўйлаб.
1907 й.

* * *
Сувлар ялангликда тебрана бошлар,
Кумушранг ҳошия билан ўралиб.
Хаёл тундлашади, деворлар тишлар,
Нурлар жимирлайди, кетар қуралиб.

Туманли кун очди олтин кўзини,
Шарқдан кўтарилар кундуз бошоғи.
Тўлқинда чайқалган нурлар ўзини
Тубсизликлар узра кўришди чоғи…

Борлиқ танҳоликда ярқираб кетар,
Марварид чақмоқда, қуёшда гўё
Олмос гирдоб ичра ўргимчак титрар.

Нозик қўлларингни кўк сари кўтар-
Айлан водийларнинг нилуфарига,
Олов ва тупроқнинг кумуш-зарига!
1907 й.

* * *
Бу йўлнинг ўйи оғир,
Азиз Коктебель томон
Кетиб бораман дилгир.
Тоғ чўққисида хуррам
Кумушранг бутазорлар,
Тоғолча тугади дур.
Водийда енгил нафас
Билан гуллайди бодом.
Қора ридо ичида
Туйғулари ёниқ ер.
Сирғаламан тоғлардан
Тушган шағал тошларга.
Бўғилган тўлқинларнинг
Аччиқ нафаси бир-бир
Пешонамга урилиб,
Айланади ёшларга.
Салом, баҳор бағрида
Тантанавор, Коктебель!
1907 й.

* * *
Мени алданг, алданг… буткул, бутунлай…
Ҳеч нарса ўйламай, эсламай қачон…
Алдовга ишонай бирор сўз демай,
Кетай зулмат сари таваккал, сарсон…

Ким келди,ким кўзим боғлади,чиқиб
Бўлмас айланага олиб кирди ким,
Кимнинг нафаслари ўтмоқда ёқиб,
Ким қўлимни қаттиқ сиқаётир жим…

Уйғонганда туну туманни кўрсам
Ҳамки, мени алданг, ишонинг сиз ҳам..
1911 й.

* * *
Ҳозирда альбомлар камайиб кетди-
Қуюқ бўёқ билан кам ишлар қўллар.
Китоб бобларига нафис из битди
Гўё тасодифан очилган гуллар.
О Пушкин илҳоми! Мен каби охир
Замон шоирида бормикан журъат
Ажиб қиёфангиз чизмоқлик бир қур
Ранглар билан эмас, сўз билан фақат?
Ҳайҳот! Ёноқларда ёниқ табассум
Бу қувноқ чеҳрада очилиб кетди.
Бари-бари сингди сатрларга жим..
Шеърларимга сиғмай сочилиб кетди.
Тарам-тарам сочлар,ўйноқи кокил
Ёз чоғи қорайган сепкиллар ичра.
Бу мовий кўзларга ёйилар енгил
Олтинранг шуълалар, кумушранг нуқра.
Сабр маликаси, ҳаё лоласи,
Хуррам қорачиқнинг йўқдир тимсоли.
Сиз улкан ўрмоннинг ҳур илоҳаси
Билан бахт излаган оҳу мисоли.
Ҳуркак нигоҳингиз билан ёнди дил,
Сизми қоматингиз кўз-кўзлаб, Пуссен-
Чўққилар юртига, зулмат сари йўл
Олган дриад-ла куйлаган беун..
Менинг чеҳраси тунд Коктебелимга
Қўшилиб оқади кулгуларимиз.
Вайрона гумбазлар узра қўлимга
Тонг тўлади найдай-туйғуларимиз.
1912 й.

КАР-СОҚОВ ИБЛИСЛАР

Улар ер юзини юради кезиб,
Кўзлари кўр, тили соқов,қулоғи кар.
Оловли изларни чиқади чизиб,
Бағри кенг зулматда беқарор, бедор.

Улар тубсизликни ёритади жим,
Гарчанд ҳеч нарсани кўрмас, эшитмас.
Улар тақдиридан нолишмас, сим-сим
Куйлайди, куйлайди бетиним, бесас.

Ҳавоси дим тим қоронғу жаҳаннам
Қучоғига йўллар башоратгўй нур…
Уларнинг тақдири-Ҳақда мужассам,
Булутлар ичидан тўкилади сир.
1917 й.

ТЕРРОР

Улар тунда ишлар, тунда ўқишар
Хуфия маълумот, хуфия ишни.
Ҳукмларга шошиб имзо чекишар,
Ичишар, унутар чарчоқ, ташвишни.

Ҳали тонг ёришмай сармаст аскарлар.
Шомги қоронғулик чоғида бир қур
Рўйхат ўқилади, аёл, эркаклар
Зим-зиё ҳовлига ҳайдалар бир-бир.

Бор-бисот шилинди, қонталаш бўйра,
Пахта тойларига боғлашиб таранг,
Оғир аравага ортишди. Сўнгра
Соат, узукларни бўлишди аранг.

Тунда бу одамлар бедор, бемажол
Сирпаниб муз тошга, музлаган қорга.
Шимоли-шарқ ёқдан эсган тик шамол
Билан қувилишди харобазорга.

Йўлни ёритишиб қўл чироқ билан,
Уларни бошлашди жарликлар томон.
Ярим дақиқанинг ичида омон
Қолмади ҳеч бир жон, қирилди ёмон.

Тепиб итаришди уларни охир
Қазилган чуқурга, тупроққа кўмиб.
Йўл олишди уйга бамайлихотир
Жўшқин рус қўшиғин руҳига чўмиб.

Худди шу жарликка тонг отар-отмас
Тўпланишди аёл, она, итларким,
Ер ковлай бошлашди тирмашиб, бесас,
Жонсиз таналарга лаб босишди жим.
26 апрель. 1921. Симферополь.

ШОИРГА

1
Тоғларга тўк ғаминг, денгизларга соч,
Овозинг баланд қўй, куйла,қалбингни
Юксакларга учир, одамларга оч.

2
Бу йўлда озмайин десанг, қулоқ сол,
Сақлангин ҳатто дўст, ҳатто мухлисдан,
Ёв деб ўйлаганинг дўст чиқса, не ҳол.

3
Шуҳрат бўлаклайди қаламингни жим,
Қуёш қабр тошда эрийди сим-сим.

4
Оқимга қарши боқ: тинч, қатъий, бесўз.
Қара, қоя каби руҳингни ёвқур
Тўлқинлар босқини йиқар шафқатсиз.

5
Гарчанд сафдошларинг кулиб ўтмоқда,
Кимнинг қўлида тош, қай дилда ҳасад.
Билки, сени ҳеч ким билмай ўтмоқда.

6
Вақт етиб, Ҳақиқат кўтарса қилич,
Вақт етиб, қардошлик ўққа тутилса,
Вақт етиб, ҳатто ишқ олса ҳамки ўч-

7
Оломонни қўйгин, инсонга ишон.
Ҳар бир қароқчига иблис ёр, инон.
1925 й.

* * *
Дунёни боладай кезиб ўтайлик,
Шовдираган қиёқ товушин суйиб.
Ўтган юз йилликлар нордон, югурик,
Ва англашнинг аччиқ таъмини туйиб.
Энг сирли тушларнинг узун галаси
Кунларимиз рангин ўчирди гўё.
Ғўр оломон ичра ўтди, чамаси,
Болакай-ҳеч ким кашф этолмас даҳо.
1903 й.

* * *
Олмос нурлар ичра кўркамлашди шарқ.
Нурланади минглаб йўллар ва сўқмоқ.
Олисларда сирли ва сирли куйлаб,
Дунёни кезсайдик битта йўл бўйлаб!

Шу йўлда барини кўриб ва англаб,
Шу йўлда барини туйиб ва танлаб,
Олиб ўтсанг ўтли зиналар аро,
Қанийди бир йўлга жам бўлса дунё!
1907й.

Ойгул Суюндиқова таржимаси